Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:00

15 ёшида ота бўлаётганлар бор


Тошкентда 22 майдан бошлаб, кўнгил очар боғларга тушдан кейин мактаб ўқувчиларининг кириши чекланди. Маълумотларга кўра, 25 май оқшомида кечи соат 18 дан аксар парклардаги аттракционларнинг иши ҳам тўхтатилиб, ёшлар уйларига қайтарилган, "Битирув кечалари" эса тақиқланган.


Чекловлар 22 майдан бошланган

25 май куни Тошкентдаги кўнгил очар боғлар ва марказий майдонларда мактаб ўқувчиларининг ҳаракатлари чекланиши — "Битирув кечалари"да кузатиладиган нохуш ҳодисалар ва пул йиғишларнинг олдини олиш билан боғлиқлиги айтилмоқда.

Исми сир қолиши шарти билан Озодликка сўзлаган тошкентлик ўқитувчилардан бирига кўра, чекловчи чора-тадбирлар 22 май кунидан кўрила бошлаган.

- Бу нарса 22 дан (22 май - Таҳр.) бошланган. Шу ўқувчиларни назоратга олиш учун шунақа бўлди. Ўқитувчилар соат 6 дан кейин шунақа жойлар ёпилсин, деган илтимос билан чиқишган, менимча. Мактабларда ҳам битирув тадбирларига фақат кундузлари рухсат берилди. 2-3 соат, унда ҳам ўқитувчиси, агар келса, ота-онасининг назоратида. Оқшомларга ҳеч қанақа кеча-печа ўтказиш йўқ, деди тошкентлик ўқитувчи.


Вазирлик тавсияси: Катта маблағ ... ман этилади


Халқ таълими вазирлигининг "Битирув кечалари"ни чеклашга оид тавсияси.
Халқ таълими вазирлигининг "Битирув кечалари"ни чеклашга оид тавсияси.
Тошкентлик ўқитувчи чора-тадбирлар Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигининг "Сўнгги қўнғироқ" тадбирини ўтказиш бўйича берган махсус тавсиясига биноан кўрилаётганини қўшимча қилди.

Ўзбекистондаги умумий-ўрта таълим муассасаларига 2013 йилнинг 18 майида йўлланган бу тавсияномада, жумладан, шундай дейилган:

"Таъкидлаш жоизки, таълим муассасаларида ушбу маросимлар учун битирувчилардан маълум миқдорда маблағ йиғиш, мактаб раҳбарлари ва ўқитувчиларни турли қимматбаҳо совғалар билан сийлаш ҳамда тантаналарни ўқувчи ёки ўқитувчиларнинг хонадонларида, ресторан ёки қаҳвахоналарда катта маблағ талаб этадиган тарзда ўтказиш қатъиян ман этилади".

Вазирлик тавсияномасида асосий эътибор "Битирув кечалари" учун йиғиладиган маблағнинг катта бўлиб кетиши олдини олишга қаратилган.


Гап маблағда эмас, 15 ёшида ота бўлаётганларда

Аммо, тошкентлик ўқитувчининг сўзларига кўра, асосий муаммо кейинги йилларда 15-16 ёшли мактаб битирувчиларнинг оқшомга белгиланган ва одатан, ота-она ҳамда ўқитувчилар назоратидан четда ўтадиган тадбирларида нохуш воқеаларнинг кўп рўй бераётганидир.

- 15-16 ёш бўладида битирувчилар. Ёш бола ҳаммаси. Ҳозир техника ривожланган... 15 ёшда ота бўлиб қолаётганлари бор. 15 ёшида она бўлиб қолаётганлари бор. Ичиб-чекиб, йўлдан чиқиб кетаётганлари бор. Ўзича катта бўлдим, деб ўйлайдида, деди тошкентлик ўқитувчи.

У ўз раҳбарлигидаги синфда 30 га яқин ўқувчи борлиги, уларнинг ҳар бири учун жавобгарлиги, ҳатто, кичик муаммо юзага чиққудек бўлса ҳам ишдан кетишидан хавотир қилишини айтади.


Халқ таълими вазирлигининг "Битирув кечалари"ни чеклашга оид тавсияси.
Халқ таълими вазирлигининг "Битирув кечалари"ни чеклашга оид тавсияси.
Зеро, вазирлик тавсиясида жазо чорасига ҳам аниқ ишорат берилган:

"Тадбирларни ўтказиш бўйича барча хавфсизлик чораларини кўриш таълим муассасалари раҳбарлари зиммасига юкланади."

- Шунинг учун мактаб директорилари кечаларни тақиқлаш билан муаммодан қутулмоқчида. Ўзиям тинч, ўқитувчисиниям ишдан ҳайдаб, ҳаммага ёмон кўринмайди. Боласиям тинч бўлади, дейди тошкентлик ўқитувчи.


"Битирув кечалари"ни тақиқлаш осонмас

Тошкентда истиқомат қилувчи Дилором Исҳоқова ҳам вазиятдан хабардорлигини айтар экан, битирувчиларнинг уйларида тадбирлар бўлаётганини тилга олди.

- Оқшом соат 6 дан кейин парклардаги ҳамма качелияларни тўхтатиб ташлашганини эшитдим мен ҳам. Лекин, одамларнинг уйларида бўлаятибди. Ота-оналардан вакиллар ва синф раҳбари қатнашсагина рухсат экан, дейди суҳбатдош.

Тошкентлик ўқитувчи ҳам мактаб раҳбарияти ва ота-оналар назорати суст бўлган ҳолларда битирувчиларнинг ресторанларда, уйларида тадбирларни ўтказиши ҳоллари мавжудлигини айтади.

- Энди болада. Қаерда мактаб раҳбари, ўқитувчиларнинг сўзи ўтмаса ёки парвойи фалак бўлса, кечаларам бўлаяпти, муштлашувларам бўлаяпти. Эртасига мелисама-мелиса қатнашларам бўлаяпти. Бечора ўқитувчилар ишиданам кетаяпти. Энди ҳаммаси назоратга боғлиқ, дейди бу ўқитувчи.

Унинг сўзларига кўра, шаҳарнинг пулдор қатлами яшайдиган ҳудудлардаги мактабларда ўқитувчилар жамоасининг ўқувчиларни назорат қилиши жуда қийин.


"Битирув кечалари"ни тақиқлашса, мен рози!

Дилором Исҳоқова бу йил 8-синфни тамомлаётган фарзандини ўз синфдошлари билан ўтказаётган тадбирларига йўллашдан қўрқишини айтади.

- Ёшда, жуда ёш. Янаги йил битирса, мен ҳам жўнатмайман тадбирларига. 10-синфни тамомласа ҳам бошқа гап эди. 17-18 ёш бўларди. Булар эса 15-16 ёш, қўрқаман. Ҳар хил воқеалар бўлаяптибди. Болам ўғил болса бўлса ҳам, қўрқаман, дейди Дилором Исҳоқова.


Бу йил 533 минг 685 ўқувчи мактабни битирди

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги эълон қилган расмий маълумотга кўра, бу йил мамлакатдаги жами 9 минг 800 мактабни 533 минг 685 ўқувчи тамомламоқда.

Вазирлик ўқув йили якунига яқин ўтказган сўров натижаларига кўра, буларнинг 482 минг 427 нафари касб-ҳунар коллежларида ўқиш ниятини билдирган.

51 минг 231 нафари эса академик лицейларда ўқишни давом эттириш ҳаракатида.

2011 йилдан бошлаб, битирувчиларнинг мутлақо ҳаммасини ўрта-махсус таълимга жалб қилиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарори эълон қилинган эди.

Бундан ташқари, 2013 йилнинг январидан бошлаб, Республика ички ишлар вазирлиги ходимлари иштирокида коллеж ва лицей ўқувчиларининг дарсларга қатнови, ўрта-махсус таълим муассасаларини битирган ёшларнинг иш билан таъминланганини аниқлаш, назорат қилишга қаратилган тадбирлар ҳам йўлга қўйилган.
XS
SM
MD
LG