Линклар

Дамашқ Женева анжуманида қатнашишга рози бўлди


Сурия Ташқи ишлар вазири Валид Ал-Муаллим (ч) ва Иров Ташқи ишлар вазири Ҳушёр Зебарий, Бағдод ш., 2013 йил 26 май.

Сурия Ташқи ишлар вазири Валид Ал-Муаллим (ч) ва Иров Ташқи ишлар вазири Ҳушёр Зебарий, Бағдод ш., 2013 йил 26 май.


Сурия Ташқи ишлар вазири Дамашқ Суриядаги фуқаролар урушини тўхтатиш учун Женева шаҳрида ўтказилиши таклиф қилинган халқаро анжуманда қатнашишга “принципда рози” бўлганини эълон қилди. Айни пайтда, Сурия ҳукумати кучлари Ливаннинг Ҳизбаллоҳ гуруҳи жанггарилари билан бирга исёнчиларни Қусайр шаҳридан сиқиб чиқариш учун ҳужумни давом эттирмоқда.


Дамашқ Суриядаги фуқаролар урушини тўхтатиш мақсадида келаси ой Женева шаҳрида ўтказилиши таклиф қилинган халқаро анжуманда қатнашишга “принципда рози” бўлди.

Буни Сурия Ташқи ишлар вазири Валид Ал-Муаллим якшанба куни Бағдодда ироқлик ҳамкасби Ҳушёр Зебарий билан музокарадан сўнг эълон қилди.

Ал-Муаллим анжуманни “Сурия бўҳронини ҳал қилиш учун яхши имконият”, деб баҳолади.

- Менимча, яхши ниятдаги бу халқаро анжуман Сурия бўҳронига сиёсий ечим топиш учун яхши имконият яратади, деди Сурия Ташқи ишлар вазири Валид Ал-Муаллим.

Айни пайтда, Сурия ҳукумати қўшинлари Ливандаги иттифоқчиси, Эрон қўллаб-қувватлаган Ҳизбаллоҳ гуруҳи билан бирга мухолифатдаги сунний мусулмонларни Қусайр чегара шаҳардан сиқиб чиқариш учун ҳужумни давом эттирмоқда.

Сурия мухолифатига ҳайрихоҳ бўлган Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси ташкилоти маълумотига кўра, ҳужумлар пайтида камида 20 киши нобуд бўлган.

Сурия ҳукуматига тарафдор кучлар Қусайр шаҳрига ҳужумни бир ҳафта олдин бошлаган эди.

Исёнчи гуруҳларга Ливандан қуроллар ва янги жангчилар олиб келиш Қусайр орқали амалга оширилгани боис шаҳарни ўз назоратида сақлаб қолиш улар учун жуда муҳим экани айтилмоқда.

25 май куни Хизбаллоҳ раҳбари Ҳассан Насруллоҳ ўзи етакчилик қилаётган шиа гуруҳи қўшни Сурияда президент Башар Ал-Ассад режимини ҳимоя қилиш учун жанг олиб боришга бел боғлаганини эълон қилди.

Телевидение орқали қилган чиқишида Ҳассан Насруллоҳ Ҳизбаллоҳ аъзолари Сурияда жанг қилаётганини биринчи марта тан олди.

Насруллоҳ ўз чиқишида радикал сунний исломчилар Сурия ва Ливанга таҳдид солаётганини таъкидлади.

Насруллоҳ бу Ҳизбаллоҳнинг душмани Исроилни кучайтириш учун АҚШ ва иттифоқчилари томонидан уюштирилган фитна эканини иддао қилди.

Эслатиш жоизки, 2006 йилда Исроил ва Ҳизбаллоҳ ўртасида бир ой давомида уруш бўлган.

Ҳасан Насруллоҳ Суриядаги жангларда ғалабага эришишни ваъда қилди.

- Биз шу йўлдан боришни давом эттирамиз. Биз маъулиятни ўз бўйнимизга оламиз. ... 2006 йил июл ойидан олдин сизларга ғалабага эришишни ваъда қилган эдим. Мен ҳозир ҳам ғалабани ваъда қиламан. Мужоҳидлар Сизлар қаҳрамонсиз, дея баёнот берди Ҳизбаллоҳ раҳбари.

Сурия миллий коалицияси Насруллоҳнинг баёнотини қоралаб, уни “уруш эълон қилиш” дея баҳолади.

Мухолифат коалицияси вакили Адиб Шишакли Сурия режимининг яқин иттифоқчиси ва шиалар етакчиси бўлган Эронни Ҳизбаллоҳни урушга йўналтираётганликда айблади.

- Насруллоҳнинг бугунги баёноти Сурия давлати ва Сурия халқига қарши буткул уруш эълон қилишни англатади. Шунингдек, бу Сурия режими қулаётгани, ҳар қандай ташқи ёрдамга ва дўстларининг аралашувига мухтож эканидан далолатдир. Айни пайтда, биз Ҳассан Насруллоҳнинг урушга аралашуви буткул Эроннинг кўрсатмаси билан бўлаётганини ҳаммамиз билвамиз. Бу Эрон режими аралашаётганини англатади, деди Адиб Шишакли.

Сурия мухолифати вакиллари АҚШ ва Россия ҳомийлигида Сурия бўйича халқаро анжуманда қатнашишдан олдин ўзаро келишмовчиликни бартараф қилиш учун Истанбул шаҳрида учрашмоқда.

Душанба куни АҚШ Давлат котиби Жон Керри Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашиб Сурия тинчлик музокаралари жараёнини муҳокама этиши режаланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG