Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:49

Ўзбекистонда яна зилзила кутиляптими?


25 ва 26 май кунлари Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида 6 баллгача зилзилалар содир бўлганидан кейин аҳоли орасида яна бўлажак кучли зилзилалар ҳақида ваҳима урчиди.

Хўш, бундай ваҳималарга асос борми?

Мухбиримиз бу саволни Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Ғани Мавлонов номидаги Сейсмология институтига мурожаат қилди.


Институтнинг ўзини таништирмаган етакчи мутахассиси шу куннинг энг долзарб саволи – афтершоклар содир бўлмайдими, деган саволга бундай жавоб берди.

- Зилзила бўлганидан кейин афтершоклар бўлади. Уларнинг содир бўлиши –яхши. Чунки Ер қаърида йиғилган таранглик юмшайди, деди мутахассис.

Инглизча after shock – айнан “зарбадан кейин”, яъни такрорий силкиниш, деганидир.

Айни пайтда сейсмолог олим халқ орасида юрган миш-мишлар юзасидан бундай деди:

- Миш-мишларга келсак, дунёда ҳеч ким зилзиланинг қачон содир бўлишини – вақти-соати ёки кунини айтиб беролмайди. Демак, кимдир “фалон куни зилзила бўлади”, дер экан, бу иғводан бошқа нарса эмас,

Сейсмологга кўра, Тошкент шаҳридаги кўпқаватли уйларда яшайдиган аҳоли зилзиладан қўрқмаса ҳам бўлаверади.

- Ҳамма бинолар сейсмик хавф ҳисобга олинган ҳолда пухталик заҳираси билан қурилган, деди Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Ғани Мавлонов номидаги Сейсмология институти етакчи мутахассиси.

25 май соат 3.18 да ва 26 май соат 11.08 да Ўзбекистон пойтахти ва бошқа вилоятларда 2 баллдан 6 баллгача кучли ер силкинишлари кузатилган. Расмий маълумотларга кўра, зилзиладан қурбон бўлган ва тан жароҳати олганлар йўқ.

Шу ўринда куни кеча Интернетда эълон қилинган бир видео сўнгги икки зилзила тўғрисида тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.

Тасвирдан “Ўзбекистон” телеканалининг “Ахборот” информацион дастури олдиндан ёзиб олинаётган пайтда зилзила юз бергани англашилади: студия силкина бошлайди ва олиб борувчи кадрдан қочиб чиқиб кетади.


Видеони Интернетга жойлаштирган муаллифга кўра, у аввалроқ, бошқа бир зилзила пайтида ёзиб олинган.
XS
SM
MD
LG