Линклар

WhatsAppда Orange телекомнинг Ўзбекистонга келиши овоза қилиняпти


Оммабоп ижтимоий тармоққа айланган WhatsAppда тарқатилаётган фотоэълон.

Оммабоп ижтимоий тармоққа айланган WhatsAppда тарқатилаётган фотоэълон.

Ўзбек ижтимоий тармоқларида изчиллик билан тарқатилаётган фотоэълонда дунёнинг 32 давлатида 320 миллион абоненти бўлган France Telecom-Orange ширкатининг 15 июлдан Ўзбекистонда иш бошлаши айтилади. Ширкат матбуот хизмати эса бу хабарни тасдиқламади.



27 май куни Озодликка турли манбалардан йўлланган хабарларда France Telecom-Orange ширкатининг 15 июлдан Ўзбекистонда иш бошлаши ҳақида эълон пайдо бўлгани айтилди.

Ўзбек тилидаги ижтимоий тармоқларда зудлик билан тарқалаётган бу хабар иккита суратга жойланган.

Компютер экранидан мобил телефон орқали олинган биринчи суратдаги эълонда шундай дейилади:

"Қайноқ хабарлар!

Ўзбекистонда 15 июлдан янги мобил алоқа оператори — Orange иш бошлайди...
"


Айни матн акс этган яна бир сурат эса Facebookдаги саҳифадан олинган ва ушбу суратда саҳифа эгасига оид маълумотлар кўринмаган.

Бунга қадар 2012 йилнинг 31 январида Ўзбекистонда ишлаётган Beeline (Unitel ва Buzton) ширкати халқаро руоминг тармоғида хизмат доирасини кенгайтиргани ва Orange билан бу борада келишувга эришгани хабар қилинган эди.

Аммо, 27 май куни ижтимоий тармоқларда тарқатилган фотоэълонда Orangeнинг 15 июлдан Ўзбекистонда иш бошлаши айтилмоқда.

Бу хабар ортидан Озодлик мухбири France Telecom-Orange ширкатининг Париждаги бош идорасига боғланди.

Ширкат матбуот хизмати ходими Оливер Эмбергер ширкатнинг алоҳида мобил алоқа оператори сифатида Ўзбекистонда иш бошлаши мумкинлигига оид хабарни инкор қилди.

"Бизнинг Ўзбекистонда фаолият юритишга оид ҳеч қандай режамиз йўқ", дея маълумот берди Эмбергер.

France Telecom-Orange ширкати Orange Business Services брэнди остида Европада ишлаётган етакчи операторлардан бири ҳисобланади.

2012 йилда бу ширкат дунёнинг 32 давлатида бўлган 230 миллионга яқин мижозга 43 ярим миллиард евролик хизмат кўрсатди.

Унинг Ўзбекистонда иш бошлашига оид тасдиғини топмаган, аммо ўзбекистонлик мобил алоқа фойдаланувчилари орасида оммалашиб улгурган WhatsApp тармоғида тарқатилаётган хабарнинг асл манбаси номаълум қолмоқда.

Аммо, Ўзбекистонда ишлаётган UСell ширкати эгаси TeliaSoneraнинг Ўзбекистон президенти қизи Гулнора Каримова билан ноқонуний алоқаларига оид можаролар кун тартибига чиққан бир кезда бу хабарнинг тарқатилиши эътиборга моликдир.

Акцияларнинг 24 фоизи Швеция ҳукуматига қарашли бўлган TeliaSonera ширкатининг Ўзбекистон мобил алоқа бозорига кириш мақсадида Гулнора Каримовага юзлаб миллион доллар пора берганига оид иддаолар ҳозир жамоатчилик диққат марказида қолмоқда.

Бу иддаолар Швеция жамоатчилик телевидениеси журналистларининг 2012 йил сентябр ойида эълон қилинган “TeliaSonera – Ўзбек иши”, 2012 йилнинг декабрида “TeliaSonera ва Диктаторнинг қизи”, 2013 йилнинг 22 майида эса "Москвадан келган чопар" номли кетма-кет 3 та ҳужжатли филмида илгари сурилди.

Швед журналистлари қўлга киритган ҳужжатларда TeliaSonera ширкати Takilant воситачи фирмаси орқали Гулнора Каримовага жами 320 миллион АҚШ доллари миқдорида пора бергани иддао қилинган.

Айни пайтда Швеция прокуратураси TeliaSonera ширкати устидан тергов олиб бормоқда.

Швеция парламенти эса TeliaSonera бошқарув кенгаши раисини учинчи филмда тилга олинган янги айбловлар юзасидан 4 июн куни ҳисоб беришга чақирган.
XS
SM
MD
LG