Линклар

logo-print

“Ўзбек киноси масхарабозликдан қутулиши керак”


Кейинги йилларда Ўзбекистонда олинган юзлаб филмлар орасида халқаро фестиваллар совринларини олаётганлари ҳам бор. Аюб Шаҳобиддиновниг "Паризод" филми ана шундайлардан бири.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда олинган юзлаб филмлар орасида халқаро фестиваллар совринларини олаётганлари ҳам бор. Аюб Шаҳобиддиновниг "Паризод" филми ана шундайлардан бири.

Филмлари бадиий кенгашдан ўтмаган киночилар гуруҳи “Ўзбеккино” милллий агентлиги раҳбарига ўз эътирозларини мисли кўрилмаган тарзда дадил билдиришди.



Зебо Наврўзова¸ Жавлон Шодмонов каби киночилар “Ўзбеккино” милллий агентлигида жума куни бўлиб ўтган мажлисда кино соҳаси раҳбари алмашганидан бери ўтган бир ярим ой мобайнида суратга олиш билан боғлиқ барча жараëнлар музлатиб қўйилганидан ошкора ташвиш билдиришди.

“Севги фариштаси-2”, “Жаноб хотдогчи”, “Хазон” ва каби филмларни намойиш қилиш учун рухсат берилмагани, Зебо Наврўзованинг “Эркаклар фасли” филми эса бадиий кенгаш муҳокамасидан ўтмагани мажлисда айтилди.

Мажлисни кузатган тошкентлик журналист Жасур Ҳамраевга кўра¸ шу пайтгача "чайналиб" юрган ёш ижодкорлар “бурро-бурро гапириб” ичидаги ҳақиқатларини "шарта-шарта" айтиб олишган.

Ўзбекистондаги кўнгилочар нашрлар тарафидан “кино соҳасидаги инқилоб¸ ëш ижодкорлар тўполони” деб таснифланган бу тадбир юздан ортиқ одам иштирокида “Ўзбеккино” милллий агентлигининг катта залида ўтказилган айтилмоқда.

Мажлисда иштирок этган ëш киночилар сценарийлари қабул қилинмаëтгани ва филм яратишда “Ўзбеккино” мулозимлари яратган турли тўсиқларга дуч келаётганликлари ҳақида очиқ гапиришди¸ дейди “Ўзбеккино” милллий агентлигида бўлиб ўтган мажлис иштирокчиси¸ кинорежиссер ва продюсер Азамат Эргашев Озодлик билан суҳбатда:

- Тўполон эмас¸ разборка ҳам эмас балки юзма-юз очиқ мулоқот бўлди десак тўғри бўлади. Улар ўз эътирозларини айтишди¸ раҳбарият ҳам нега уларнинг кинолари бадиий кенгашдан ўтмаганини тушунтириб берди. Мен, масалан, бадиий кенгаш фикрини қувватлайман. Ўша ўтмаган киноларда тасвир ҳақиқати деган нарса бузилган. Бир мисол она ўғлини армияга узатяпти аммо перронда ҳеч ким йўқ. Бунақа мисоллар жуда кўп дейди 51 ёшли ўзбек кино устаси Азамат Эргашев.

Гулнора Каримова иши юришмаган киночилар халоскори?


Кино идорасида бўлиб ўтган мажлис ҳақида ëзган Shov-shuv.uz нашри муҳаррири Жасур Ҳамраевга кўра¸ шу пайтгача жим юрган ëш ўзбек киночиларини Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова журъатлантирган.

Жасур Ҳамраевга кўра¸ мажлисда “қўққисдан Гулнора Каримова ëш киночиларнинг ҳалоскори сифатида пайдо” бўлган.

Интернетдаги кўнгилочар нашрлардан яна бири Sayyod.uzнинг ëзишича¸ Гулнора Каримова мажлисга кириб келганида "залда йиғилганларнинг кўзлари нажоткорини кўргандек чақнай" бошлаган.

Мажлисда нутқ сўзлаган Гулнора Каримова "ҳеч ким ота обрўсини суъистемол қилмаслиги" кераклигини таъкидлаган.

Мажлис иштирокчиларининг Озодликка айтишича¸ Гулнора Каримова ўз нутқида Зулфиқор Мусоқов ва Жаҳонгир Қосимов каби таниқли режиссерларнинг фарзандлари отаси обрўсидан фойдаланиб кино олаëтганлигини танқид қилган.

Президент маслаҳатчиси ва президент қизи кино ғамини ейди


Сўнгги бир ой ичида “Ўзбеккино” агентлиги юқори лавозимли амалдорлар ташриф буюрадиган идорага айлангани кузатилмоқда.

Ўтган ойда Ўзбекистон президентининг давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов, агар актёрлар “муносиб рол ўйнамаса”, улардан унвонлар олиб қўйилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди.

“Ўзбеккино” агентлигининг сўнгги 7-8 йиллик фаолияти бўйича ўтказилган мажлисда Султонов филмларда қишлоқ манзараси ғариб аҳволда кўрсатилишига эътироз билдирган эди.

Мажлисда Хайриддин Султонов: “Нега қишлоқ манзараси ғариб аҳволда кўрсатилади? Қишлоқларда пахса уй, молхонадан бошқа жой йўқми? Қишлоқлардаги шунча ўзгаришларни, замонавий тараққиётни режиссёрлар кўра олмаяптими?” дея дакки берган эди.

Куни кеча “Ўзбеккино”га ташриф буюрган Гулнора Каримова президент маслаҳатчиси Хайриддин Султонов фикрига қарама-қарши тарзда¸ киноларда миллий этнографик хусусиятларга эътибор бериш лозимлигини таъкидлади.

Мажлис иштирокчиларидан бири исмини айтмаслик шарти билан Озодликка гапирар экан¸ кинога алоқаси бўлмаган бу икки шахс Гулнора Каримова ва Хайриддин Султонов хархашалари пировардида умумий ижод жараëнига халақит бераëтганлигидан ташвиш билдирди:

- Сиз биласизми ë йўқми¸ кинога Гулнора Каримова ўз одамини қўймоқчи эди¸ ўхшамай қолди. Бундан бир ярим ой олдин март ойида "Ўзбеккино" миллий агентлиги бош директорлигига Жаҳонгир Қосимов тайинлангани эълон қилинган эди. Жаҳонгир ака профессионал жиҳатдан кучли одам. У кишининг номзоди Хайриддин Султонов тарафидан қувватланди. Ана шундан кейин Қосимов пала-партиш ва ëмон савияда кино олаëтганларга қарши асосли кураш бошлади. Жиддий талаблар қўйди. Аммо киноси бадиий кенгашдан ўтмаганлар Гулнора Каримовани "криша" қиволиб жангга ўтишди. Булар фонида бир ярим ойдан бери бир метр ҳам кино суратга олинмади, дейди суҳбатдош.

Ўзбекистонлик таниқли киночи¸ 62 яшар Рустам Обидовга кўра, кинонинг янги раҳбарияти олдида ўзбек киноси мавзу доирасини кенгайтириш ва халқ дардини акс эттириш масаласи турибди.

Тарихий кино суратга олиш ниятида бўлган Рустам Обидов мажлисда қатнаша олмаганидан таассуфда.

- Мени ҳам айтадиган гапларим бор эди аммо чақиришмади. Менимча, кино идорасига кино билимдонларининг фикри керак эмас шекилли,- дейди ўнлаб кино филмлар муаллифи Тошкентдаги “Усто Мажид – Файз” студиясининг асосчиси Рустам Обидов.

Кинони кино усталарига беринг


Ўзбек кино устаси Азамат Эргашев арзимаган пулга кино олаëтган ҳаминқадар киночиларга қарши эканини яширмайди. Ўз вақтида Москвадаги ВГИК кино олийгоҳини тугатган Эргашев миллат дидини ўтмаслаштиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, дейди.

- Ўзбек киноси масҳарабозликдан қутулиши керак. Паст пробадаги бачкана юмор¸ бўлар-бўлмас хазил¸ ҳи-ҳи¸ ҳа-ҳа каби киноларни бадиий кенгаш ўтказмаслиги керак. Кинони профессионал киночилар яхши пул сарфлаб олиши керак¸ дейди суҳбатдош.

Ҳозирда Ўзбекистонда кино-видеомаҳсулотлар ишлаб чиқаришга изн олган ташкилотлар сони 700га етган.

“Ўзбеккино” миллий агентлигига кўра, Ўзбекистонда йилига 70 дан зиëд бадиий филм суратга олиниб экранларга чиқарилмоқда.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маиший мавзудаги, кам бюджетли филмлар Марказий Осиëдаги кинотомошабинлар тарафидан яхши қабул қилинаяпти.

Болливуд йўлидан кетаëтган ўзбек киносининг сони кўпайгани сайин сифат пасайиб кетяпти, деган танқидлар ҳам айтилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG