Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:40

Янгийўллик тиббиëт ходимлари пахта яганасига мажбурланди


Қорақалпоғистонлик ўқувчилар далада чопиқда.
Қорақалпоғистонлик ўқувчилар далада чопиқда.

Тошкент вилояти Янгийўл тумани Марказий касалхонасининг аксар ходимлари душанба кундан бошлаб ғўза чопиғига мажбурий тарзда олиб чиқилган.


Бу ҳақда Озодлик радиосига Янгийўл туман Марказий касалхонаси тез ëрдам бригадасида 20 йилдан бери фелдшер бўлиб ишлайдиган 50 яшар Надежда Куницина маълум қилди.

- Ҳозир кун иссиғида Янгийўлдаги Тошовул фермер ҳўжалигида пахтани ягана қиляпмиз. Ҳамшира¸ врач ва бошқа тиббий ходимлар ўз ихтиëрига зид тарзда далада ишлатилмоқда. Кун бўйи ишлаб силламиз қурди. Ҳеч бўлмаса тушликкача далада юрсак ҳам майли эди¸- дейди суҳбатдош.

Янгийўл туман марказий касалхонаси тез ëрдам бригадасида ҳайдовчи бўлиб ишлайдиган, ўзини Анвар деб таништиган йигитнинг Озодликка айтишича¸ яганага олиб чиқилган тиббиëт ходимларига овқат берилмаяпти.

- Ҳар куни эрталаб бизни автобусларда далага олиб келишяптии. Ўзимиз билан егулик олиб келяпмиз. Кечқурун эса яна автобуслар билан уйга олиб бориб қўйишади. Шароит оғир. Кун бўйи далада ишлаймиз,- дейди суҳбатдош.

Янгийўл марказий касалхонаси бош врач вазифасини вақтинча бажараëтган Аброр Мўминов, Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, вазиятни изоҳлар экан, тиббиëт ходимлари билан имзоланган меҳнат шартномасида "ўз ихтиëрим билан қишлоқ ҳўжалик ишларига ëрдам бераман", деган банд борлигини айтди.

Суҳбатдошга кўра, бу шартномага имзо қўйган тиббиëт ходимлари ўз ихтиëрлари билан ғўза чопиғига чиқишган.

Янгийўл марказий касалхонаси ходими Надежда Куницина¸ ишга кираëтган ҳар бир ходим ўзи истамаса ҳам¸ "қишлоқ ҳўжалик ишларига ëрдам бераман" деган мазмундаги тилхатга қўл қўйдирилганини тасдиқлади.

- Биз тиббиëт ходимимизми ëки даладаги деҳқонмизми. Бугун ëппасига ғўза чопиғига чиқаришди. Феврал ойида эса далани тозалашга олиб чиқишувди. Сентябр келса, чиқиб пахта терамиз¸- дейди янгийўллик шифокор.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари алянси раҳбари Елена Урлаеванинг Озодликка айтишича, Тошкент вилоятида бюджетдан маош олувчи ходимларнинг аксарияти шу кунларда дала ишларига чиқарилган.


Болалар ғўзани чопиқ қилмоқда
Урлаевага кўра, пахта чопиғи ишларига мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилар ҳам жалб қилинган.

Урлаева ўз кўзи билан кўрганларига таяниб, мамлакатдаги мактаб ўқувчилари пахта яганасига чиқарилганини айтади.

Ўзбекистон ҳукуматининг мажбурий болалар меҳнати муаммосига қарши курашаётгани ҳақидаги баёнотларига қарамасдан мактаб ўқувчиларнинг ўқиш пайтида дала меҳнатига жалб этилиши бу йил ҳам кузатилмоқда.

Қашқадарёнинг Чироқчи туманидаги айрим ота-оналар, ўтган ҳафта Озодлик билан суҳбатда, фарзандлари ўқиш пайтида ғўза чопиғига олиб чиқилаётгани ҳақида шикоят қилди.

- Чироқчидаги 170-сонли ҳамда 35-сонли мактабнинг 5-6 синф ўқувчилари ягана ва ғўза чопиғига чиқариляпти. Ўқишни қолдиряпти, чопиққа мажбур, чиқсизлар деяпти экан. Ўн кундан буён ўқиш йўқ,- дейди мажбуран далага олиб чиқилаётган чироқчилик ўқувчилардан бирининг отаси Озодлик билан 23 май кунги суҳбатда.

Ўзбекистоннинг бошқа вилоятлари каби Қашқадарёда ҳам мактаб ўқувчилари ва талабаларнинг пахта терими мавсумидан ташқари баҳор ойларида ғўза чопиғи ва яганага жалб этилиши бундан олдинги йилларда ҳам кузатилган.

Ўзбекистон ҳукуматининг мажбурий болалар меҳнатига чек қўйиш ҳақидаги баёнотларига қарамасдан болаларнинг ўқиш пайтида дала меҳнатига жалб этилиши бу йил ҳам кузатилмоқда.

Қорақалпоғистоннинг Амударё тумани болалар далага олиб чиқилаётгани ҳақида Озодлик аввал хабар берган эди.
XS
SM
MD
LG