Линклар

Бу гапни Қашқадарё вилоят, Деҳқонобод туманида истиқомат қилувчи 26 яшар Феруздан эшитдик. Шу кунда Россияда ишлаётган бу йигитни суҳбатга тортишимизга тингловчиларимиздан етиб келган биометрик паспорт билан боғлиқ баъзи миш-мишлар сабаб бўлди.


Душанба куни Озодликка мурожаат қилган ўзбекистонлик тингловчиларимиздан бири одамлар орасида “Биометрик паспорт бўлмаса, ойлик берилмасмиш” деган гап сўзлар юргани ва бундан кўпчилик ташвишга тушганини айтди.

Зарифахон исмли тошкентлик тиббиёт ҳамшираси бу миш-мишни инкор этди.

- Мен ўзим Тошкентда ишлайман болницада. Мен эшитганим йўқ унақасини, дейди Зарифахон.

Ўзини Шуҳрат, деб таништирган бухоролик ўқитувчига кўра ҳам маош берилишининг биометрик паспорт бор-йўқлигига алоқаси йўқ.

Қашқадарё вилоят, Деҳқонобод туманида истиқомат қилувчи 26 яшар Ферузнинг сўзларига қараганда, аҳоли биометрик паспортни тезроқ олишга уринмоқда.

Ферузнинг биометрик паспортни олганига бир ярим ойча бўлиб қолди. Унга янги ҳужжатига оид баъзи саволларни бердик.

Озодлик: Янги биометрик паспортни олиш учун қанча тўладингиз?

- 40 минг. 40 мингга бордида. 39 минг 795 ми шунчада.

Озодлик: Нималарга тўладингиз энди шуни? Паспорт учун деб тўладингизми ë бошқа харажатларни ҳам қўшаяпсизми?

- Йўқ, мен 39 минг қанча Агробанкка тўладимда. Паспорт олиш учун деб топширдим. Бошқа ҳеч нарсага пул тўлаганим йўқ. Ëшим тўғри келганда. 25га кирдим. 25 ëшда алмаштириш керак бўлгани учун алмаштирганмизда, дейди Феруз.

Навбатдаги саволимизга Ферузнинг жавоби бир томондан янги паспорт бериш жараёнининг авжида эканлигини кўрсатса, иккинчи томондан маъмурларнинг фуқаро асаби ва вақтига мутлақо лоқайд эканлигига далилдир.

- Навбат кўп лекин. Бир кунда 100-200 кишига бориб қоладида.

Озодлик: Навбатда неча соат вақтингиз кетди?

- Бир кун кетди.

Озодлик: Эрталаб бордингиз, кечқурун топширдингиз-а?

- Кечқурунн соат 8ларга успет қилиб топширдим.

Озодлик: Шуни тезлатишнинг, навбатни бошқачароқ ташкил қилишнинг йўли йўқ эканми? Масалан навбат машинаси борку. Ўшандан номерни оласизда, ишингизни қилиб келаверасиз. Унақаси йўқми?

- Йўқ, ўзимизда унақаси тараққий қилинмаган. Рўйхатга қоғозга ëзиладида. Рўйхатга ëзиб, битта-битта кириладида, дейди бундан бир ярим ой муқаддам биопаспорт олиб, шу кунда Россияда ишлаётган қашқадарёлик 26 яшар Феруз.

Тошкент шаҳри туманларидан бирининг паспорт бўлими вакили сўзларига қараганда, биопаспорт бериш жараёни пойтхатда ҳам қизғин. Ундан биометрик паспорт олиш учун қандай ҳужжатлар тақдим этиш кераклигини сўрадик.

- Паспорт олиш учун паспорт билан келиш керак.

Озодлик: Бўлди, бошқа ҳеч нарса қилмайди-а?

- Ариза ëзади бу ерда. 39 минг 595 сўм кассага тўлайди бўлди.

Озодлик: Навбат каттами?

- Навбат катта эмас, нормалний.

Озодлик: Баъзилари паспорт столлари тезлаштираяпти, тезликда бераяпти дейди.

- 2016 йилгача ҳамма алмаштириши керакку, дейди Тошкент шаҳри туманларидан бирининг паспорт бўлими вакили.

Демак, биометрик паспорт олмаган ўзбекистонликнинг қўлидаги паспорт икки ярим йилдан сўнг яроқсиз бўлиб қолади. Баъзилар бу муддатни жуда қисқа билиб, паспортини янгилашга шошаётган бўлса, баъзилар, масалан, тошкентлик уй бекаси Салима опа ҳеч шошаётгани йўқ.

- Йўқ, олмайман. Нима кераги бор уйда ўтирганга унақа янги паспортнинг.

Озодлик: Уйда ўтирган бўлсангиз ҳам 2015 йилнинг охиригача ҳамма олиб бўлиши керак шунақа янги паспортни.

- Икки йил бор эканку. Икки йилнинг ичида бормизми, йўқмизми Худо билади. Балки олиб қоларман ўша пайтгача, деди тошкентлик уй бекаси Салима опа.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги қошидаги Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасидан маълумотга кўра, Тошкент шаҳрида биометрик паспорт бериш жараёни 2012 йилнинг 1 январида бошланган.

Ўтган йилнинг февралидан бошлаб Тошкент вилояти, март-апрелидан бошлаб эса бошқа вилоятларда биометрик паспорт берила бошланган.

Ўзбекистонда эски турдаги паспорт 2015 йил 31 декабрга қадар амал қилади.

Бу муддат ичида республика фуқароларига биометрик паспорт бериш ишлари тугатилиши режалаштирилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG