Линклар

Муборакгаз конидаги портлашда қурбонлар борлиги айтилмоқда


Суратдаги кўринишнинг "Муборакгаз"даги воқеага алоқаси йўқ.

Суратдаги кўринишнинг "Муборакгаз"даги воқеага алоқаси йўқ.

Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманида жойлашган "Муборак газни қайта ишлаш заводи"га қарашли газ конларидан бирида давом этаётган кучли ёнғин натижасида камида бир кишининг ўлгани, ўнлаб одам жароҳат олгани айтилмоқда. Туман расмийларидан олинган маълумотларга кўра, конга яқин ҳудудда жойлашган кичик қишлоқ аҳолисига катта зарар етган ва қишлоқ ички ишлар ходимлари назоратига олинган.

27 май куни Озодлик таҳририятига йўлланган хабарлардан бирида Қашқадарё вилоятидаги газ конларидан бирида кучли ёнғин бўлаётгани ва ёнғинга сабаб бўлган портлаш чоғида бир неча одам нобуд бўлгани айтилди.

Бу хабар ортидан Озодлик мухбири Қашқадарё вилояти ва Миришкор туманидаги расмий ташкилотлардан аниқлаган маълумотларга кўра, "Муборак газни қайта ишлаш заводи"га қарашли газ конидаги портлаш 30 апрел куни содир бўлган.

Расмийлар портлашдан кейинги бошланган кучли ёнғинни ўчиришнинг имкони бўлмаётганини айтмоқда.

Аммо, қурбонлар сонини аниқлаш мушкул бўлмоқда.

Миришкор тумани ва Қашқадарё вилояти ҳокимликлари мутасаддилари томонидан тасдиқланган маълумотга кўра, 30 апрел кунги портлашда бир киши нобуд бўлган.

"Бу ўзларининг одамлари бўлган. Экспедиция аъзоси. Маҳаллийлардан ҳеч кимга зарар етмаган", деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, жумладан, вилоят ҳокимлигининг исмини ошкор қилмаётганимиз ходими.

Аммо, "Муборак газни қайта ишлаш заводи" унитар-шўъба корхонасига қарашли телефон гўшакларидан бирини кўтарган ходим қурбонлар сони бир кишидан кўплигини айтди.

"Мен яқинда Миришкор томонга паспорт столга бордим ўзим. Газ чиқадиган конга яқин жойдаги қишлоқда куйганлар, ўлганлар бор, дейишяпти. Лекин, мен неча кишилигини аниқ билмайман. Милициялар бутун қишлоқни ўраб туришибди экан", деди Муборакгаз корхонаси ходими.

Бироқ, Миришкор тумани ҳокимлиги мутасаддиси эса қурбонлар борлиги ҳақидаги маълумотни инкор қилди.

Ҳозирча, ёнғин бўлаётган газ конига яқин қишлоқнинг номи ва у ерда нобуд бўлганлар ҳамда куйганлар сонига оид маълумотларни аниқлаш имконсиз қолмоқда.

Озодликка келиб тушган хабарда кондаги газ юқори босимда отилиб чиқаётгани боис, ёнғин фонтани баландлиги 60 метрга қадар кўтарилаётгани ва унинг Миришкорга қўшни туманларнинг баъзи ҳудудларида ҳам кўринаётгани айтилди.

Бундан ташқари, кучли ёнғинни ўчира олмаётгани боис, Ўзбекнефтгаз ширкати Германиядан мутахассиларни таклиф этгани ҳам қўшимча қилинди.

Миришкор туманининг исмини ошкор қилмаётганимиз мутасаддиси мустақил манба хабарида айтилган бу маълумотни тасдиқлади.

"Бугун ўчирамиз, эрта ўчирамиз, дейишяпти. Лекин, бўлмаяпти. Германиядан одамлар келиши керак, лекин ҳали келгани йўқ", деди туман ҳокимияти вакили.

Қашқадарё вилояти ва Миришкор тумани ҳокимликлари расмийлари бир ойдан буён ёнғин бораётган конга яқин ҳудуддаги аҳолига эҳтиёт чоралари тушунтирилаётганини айтмоқда.

"Махсус группа бор ҳокимиятдан. Ҳар икки кунда бориб, одамларга тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Эҳтиёт чоралари кўрилаяпти. Лекин, аҳолига зарар етмаган", деди Миришкор тумани ҳокимлигининг исмини ошкор қилмаётганимиз мутасаддиси.

"Муборак газни қайта ишлаш заводи" Ўзбекнефтгаз миллий холдинг компаниясининг суюлтирилган газ ишлаб чиқарувчи муҳим объектларидан бири ҳисобланади.

Озодлик бу заводга тегишли кондаги кучли ёнғинга оид қўшимча тафсилотларни аниқлашга уринмоқда. Янгиликларимизни кузатиб боринг!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG