Линклар


Тошкент вилоятидаги фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳокимиятга чақиртирилиб, биттадан тиббиёт ҳамширасини ишга олишлари лозимлиги тўғрисида қаттиқ огоҳлантирилмоқда.

Паркентлик фермер Ғофир аканинг тили билан айтганда, фермерлар ҳамшира ёллашга "мажбурланмоқда".


– Битта ҳамширани ишга оласан, деяпти. Ҳар бир хўжаликда ишга "оформить" қилинган камида битта медсестра бўлиши керак экан, нима қиламиз мажбурмиз, - дейди паркентлик фермер.

Тошкент вилояти ҳокимлиги расмийлари Озодлик билан суҳбатда фермерларга ҳақиқатан ҳам ҳамшира олиш бўйича топшириқ берилганини тасдиқлади.

-Ҳа, шунақа топшириқ бўлди вилоят ҳокими томонидан. Ҳар бир фермер хўжалиги биттадан медсестра, биттадан бухгалтер ишга олиши керак. Керак бўладику, айниқса катта фермер хўжалигига керак бўладику! Жуда бўлмаса далада ишлаши мумкин, - дейди Тошкент вилояти ҳокимлигининг исмини айтмаган масъулларидан бири.

Фермерларга ҳамширани ишга олиш мажбурийми ёки ихтиёрийми, деган саволга ҳокимлик расмийси, "Буни мажбурий, дея олмайман. Лекин, вилоят ҳокимининг топшириғи бу", деб жавоб қилди.

Ҳозир туман ҳокимликлари фермер хўжаликларига берилган бу топшириқ қандай амалга оширилаётганини қаттиқ назорат остига олган.

Маҳаллий фермерлар эса ўзлари истамаса ҳам ҳоким топшириғини бажаришга мажбур.

- Ҳокимнинг топшириғи фермер учун қонун. Бажармай ҳам кўринг. Бизга бу жабр бўлади-да энди. Штат очиб, ойлик белгилаш керак. Медсестра нима қилади, ойликни олиб, бекор ўтираверади, - дейди паркентлик фермер Ғофир ака.

Ҳокимият расмийлари хўжаликларда тиббий профилактика, санитария-гигиена тартибини кучайтириш, ходимларга вақтида биринчи тиббий ёрдамни кўрсатиш мақсадида фермерлар камида битта ҳамширани ишга ёллашлари керак, демоқда.

Кузатувчилар фикрича эса, ҳокимият сунъий йўл билан бўлса ҳам иш топа олмаётган ҳамшираларни иш билан таъминлашга уринаётганини айтишади.

Тошкент вилоятида ҳозир 6100 та фермер хўжалиги бор. Вилоят ҳокимининг топшириғи бажарилса вилоятда 6 минг ҳамшира иш билан таъминланиши мумкин.

Тошкент вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси расмийларига кўра эса, ишсиз ҳамширалар вилоятда жуда кўп.

-Ҳозир медсестралар жуда кўп, иш топа олмаётганлари қанча. Сонини билмайману, лекин кўп. Ҳар йили медколлежни қизларимиз тамомлаб, ишсиз қолиб кетишаётганди. Ҳокимият жуда тўғри қилибди, уларни иш билан таъминлаб, - дейди бошқарма ходими Феруза опа.

Ўтган йил декабр ойида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ёшларнинг иш тополмай, сарсон бўлаётганликлари ва меҳнат миграцияси мавжудлигини эътироф этган ва маҳаллий иш берувчиларни ёшларга иш ўринлари яратиш, уларни тайёргарликдан ўтказиш ва яхши маош ҳамда уй-жой билан таъминлашга чақирганди.

"Бу масалада қуруқ расмиятчилик ва ҳисоботлар берилган. Ҳокимлар буни яхши билади. Вазирлик ҳам буни назорат қилмаган", деб айтганди Каримов Вазирлар Маҳкамаси мажлисида.

Ўзбекистонда расмий рақамларга кўра, ишсизлар сони меҳнатга лаёқатли аҳолининг беш фоизини ташкил қилади. Аммо воқелик билан яқиндан таниш мутахассисларга кўра, Ўзбекистон ҳукумати янги иш ўринлари яратиш уддасидан чиқаолмаяпти.

Миллионлаб ишга лаёқатли ўзбекистонликлар шу кунларда Россия, Қозоғистон, Жанубий Кореяга кетиб ишламоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG