Линклар

logo-print
Янги ўқув йилидан бошлаб, Ўзбекистонда умумий ўрта таълим ва ўрта-махсус касб-ҳунар таълим муассасалари ўқувчиларига чет тили дарсликлари бепул бериладиган бўлди. Президентнинг бу қарори туфайли ўқувчилар дасрлик учун йиллик ижара ҳақидан 700 сўмдан 1000 сўмга қадар маблағни тежашлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Мақсадли китоб жамғармасидан олинган маълумотга кўра, 2013-2014 ўқув йилида мамлакатдаги барча умумий-ўрта таълим ва ўрта-махсус касб-ҳунар таълим муассасаларида чет тили дарсликлари бепул берила бошлайди.

"1875-қарор бор, чет тили дарсликлари тўғрисида. Шунга ўзгартишлар киритилди. Чет тили дарсликлари энди бепул берилади", деди жамғарма ходими Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда.

Ҳозир умумий-ўрта таълим мактабларида чет тили дарсликлари 1-синфдан 5-синфга қадар бепул берилмоқда.

Norma.uz сайти берган хабарга кўра, Ўзбекистон президентининг 17 майдаги қарори асосида "Умумий таълим мактабларини дарсликлар билан таъминлашни такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорга ўзгартишлар киритилди.

Бу ўзгартишларга биноан шу вақтгача бу дарсликни ижрага олаётган 5-9-синф ўқувчилари ҳам чет тили дарсликларидан бепул фойдаланиши мумкин.

Тошкент шаҳридаги умумий-ўрта таълим мактабларидан бирининг кутубхоначисига кўра, янги қарор боис, ўқувчилар йилига 700 сўмдан 1000 сўмга қадар маблағни тежаш имконига эга бўлади.

- Йилига ижара ҳақи 700 сўм - 800 сўм, узоғи билан 1000 сўмга арзон бўлиши мумкин ўқувчига, деди мактаб кутубхоначиси.

Мактаб ходимларидан олинган маълумотларга кўра, ҳозир умумий-ўрта таълим мактабларининг 1-синф ўқувчиларига ҳамма дарсликлар бепул берилмоқда.


2-4-синф ўқувчилари эса чет тили китобларини бепул олмоқда, қолган китоблар эса бир йилга ижарага берилади.

5-9-синф ўқувчилари ҳамма дарсликларни ижрага олмоқда.

Ижара ҳақи эса бир қатор мезонлар асосида белгиланади.

- Китобнинг янги-эскилигига қараб ижара нархи ҳар хил бўлади-да. Масалан, 5-синф ўқувчисига 10 китоб бўлса, 5 минг сўмдан 6 минг сўмгача бўлади ижараси. 9-синфларники эса қимматроқ - 10 мингдан 11 минг сўмгача бўлиши мумкин. Китобнинг аҳволига қаралади-да, асосан, деди умумий-ўрта таълим мактабларидан бирининг кутубхоначиси.

Расмий маълумотларда, мактаблардаги дарсликлар йилдан-йилга босқичма-босқич янгиланаётгани айтилади.

Жумладан, 2013-2014 ўқув йилларида умумий-ўрта таълим мактабларининг 6-7-синфлари учун мўлжалланган дарсликлар тўлиғича янгилангани айтилмоқда.

Озодлик билан суҳбатлашган кутубхоначи бу хабарни тасдиқлар экан, ҳозир айнан чет тили дарсликларида бироз етишмовчилик борлигини айтади.

- 6-7-синфларга тўлиқ янги комплект келади янаги йилдан. Масалан, бизнинг мактабда учта чет тили ўқитилади. Айтайлик, 100 та китоб берилса, у учга бўлинади. (33 та инглиз тили китоби, 33 та француз тили ва 33 та немис тили китоби - Таҳр.) Бўладики, бир йили инглиз тилини ўқийман, деган 33 тадан кўпайиб кетса, китоб етмай қолади баъзида, дейди кутубхоначи.

Бу ҳолларда ўқувчиларга китобни бир-бири билан алмашиб ўқиш тавсия қилинади. Ижара ҳақини эса, баъзан, икки ўқувчи ўзаро келишиб, биргаликда тўлайди.

- Бошқа дарсликлар етарли ҳозирча. Бизнинг мактабда муаммо йўқ, дейди кутубхоначи.

Тилга олинган ҳолат Тошкент шаҳрига оид.

Республиканинг турли вилоятлари ва айниқса, қишлоқ ҳудудларидаги мактабларда эса дарсликлар таъминотида жиддий муаммолар борлиги айтилади.

Озодликка боғланган ўқитувчилар дарсликларнинг мазмунан ҳам эскирганидан норози бўладилар.

Ҳозир Ўзбекистонда мавжуд жами 9 минг 800 мактабнинг 6 минг 887 таси қишлоқ ҳудудларида жойлашгани инобатга олинса, дарслик масаласи жиддий муаммога айланади.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги расмий сайтида берилган маълумотларга кўра, мамлакатда жами ўқувчилар сони 4 ярим миллион нафардан ортиқроқдир.
XS
SM
MD
LG