Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:37

Gentra Ўзбекистон бозорига чиқмайди



GM Uzbekistan Америка-Ўзбекистон қўшма корхонаси сентябр ойидан янги Gentra автомобили ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқда. Ўтган ҳафта Москвада Gentra нинг тақдимот маросими ўтказилди. GM Uzbekistan расмийсининг Озодликка айтишича, янги автомобил Ўзбекистон ички бозорга эмас, асосан, экспорт учун мўлжалланган.

GM Uzbekistan Америка-Ўзбекистон қўшма корхонаси расмийси Озодлик билан суҳбатда ҳозир С-классдаги седан Gentra автомобили ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш қизғин бораётганини айтди.

- Тест синовлари ўтказилди. Ҳозир ишлаб чиқаришни бошлашга тайёргарлик кетяпти. Бизга тезроқ экспорт модели керак. Биринчи навбатда бу машинани экспортга сотамиз, деди ўз исмини атмасликни сўраган GM Uzbekistan расмийси.

Унга кўра, Россияда Lacetti русумидаги автомобил ишлаб чиқариш тўхтатилган. Шу боис GM Uzbekistan Россия автомобил бозорида ўз мавқеини мустаҳкамлашга уринмоқда.

С-классдаги Gentra седан автомобили Lacetti платформаси асосида яратилган бўлиб, унга 105 от кучига эга бўлган тўрт цилиндрли мотор ўрнатилган.

GM Uzbekistan расмийси Chevrolette ва GM эски Gentra номи билан ишлаб чиқаришга рухсат бергани учун рестайлинг қилинган Lacetti автомобили Gentra номи билан ишлаб чиқарилаётганини қўшимча қилди.

- Принципда бу ўзимизнинг эски Lacetti. Фақат озгина рестайлинг бўлган. Фараси, бампери, капоти, радиатор панжараси ва шу каби ўзгартишлар қилинган. Двигател ўзимизнинг заводда ишлаб чиқарилган 1500 куб сантиметрли двигател.

Ахборот агентликлари хабарига кўра, механик қутили Gentra шаҳарда 100 километр масофага 8,46 литр, автомат қутили Gentra эса 9,46 литр ёнилғи сарфлайди.

Ўтган ҳафта Москвада Gentra автомобилининг тақдимот маросими ўтказилди. Россияда энг арзон Gentraнинг нархи 399 минг рублни ташкил қилиши айтилмоқда.

С-классдаги седан Gentra Евро-5 экологик стандарти талабларига жавоб беради.

Қиймати 23,4 миллион долларни ташкил қилган мазкур лойиҳа GM Uzbekistan қўшма корхонаси ҳисобидан амалга оширилиши мўлжалланган.

Эслатиш жоизки, 2013 йил биринчи чорагида Ўзбекистондан Россияга автомобил экспорти ҳажми ўтган йил шу даврига нисбатан 13 фоизга кўпайиб, 15 минг 898 донани ташкил қилган.

Январ-март ойларида Россияда Nexia автомбили савдоси 11 фоизга (9345 дона) ва Matiz савдоси 16 фоизга (6553 дона) кўпайган.

Ҳозир GM Uzbekistan қўшма корхонасида Nexia, Lacetti, Malibu, Cobalt, Matiz, Spark, Captiva ва Damas автомобиллари ишлаб чиқарилмоқда.
XS
SM
MD
LG