Линклар

“Диско раққоси” филмида Жимми ролини ижро қилиб ўзбек томошабинларининг бир неча авлоди меҳрини қозонган Митхун Чакраборти Тошкентга келди. 29 май куни "Истиқлол" санъат саройида ўтказилиши режалаштирилган "Санъат дўстликка чорлайди" деб номланган шоу-концерт дастурида 62 яшар таниқли актёр Митхун Чакрабортининг меҳмон бўлиши кутилмоқда.

Митхун Чакраборти бошчилигида Ҳиндистон киноиндустрияси маркази - "Болливуд"дан келган ижодий гуруҳ шарафига 25 май куни Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси зиëфат ташкил қилди.

Тошкентдаги “Интернэшнл” меҳмонхонасида бўлиб ўтган бу махсус кеча соз ва сўз байрамига айлангани кузатилди.

Ўзбек поп-мусиқаси вакиллари ва ҳинд киноси мухлислари иштирокида ўтган бу тадбирда қатнашган журналист Жасур Ҳамроев Озодлик билан суҳбатда Чакрабортини ҳайратга солган бир воқеани гапириб берди.

- Кечанинг кульминацияси – Бобомурод Ҳамдамовнинг ижроси бўлди. Ёши етмишдан ошганига қарамай, саҳнада ҳали ҳам забардаст турган нуроний ҳофиз Раж Капур фильмларидан энг сара қўшиқлаини ўз овозида куйлади. Ҳатто, ҳайратдан Чакрабортининг оғзи ланг очилди. “Жаноб 420”даги “Авараҳум” ижро этилганда, зал қийқириқларқа тўлди, дейди Жасур Ҳамроев.

Суҳбатдошга кўра, қўшиқ айтиб бўлганидан кейин Бобомурод Ҳамдамов ўз столига келиб ўтириб даврадаги бошқа меҳмонлар билан суҳбатни давом эттирган. Митхун Чакраборти эса, бутун зал бўйлаб юриб Бобомурод акани қидирди, дейди Жасур Ҳамраев:

- Ҳаммани кўзи Жиммида (Митхун Чакраборти) эди. Жимми бўлса Бобомурод Ҳамдамовнинг столи олдига келиб ҳофизга қараб турди. Бобомурод ака бошқа бировлар билан суҳбатлашгани боис, Митхун Чакраборти келганини билмади ҳам. Митхун ҳам Бобомурод аканинг ҳурматини қилиб, то суҳбат тугагунча жим турди. Кейин Митхун Чакраборти ўзбек дарға санъаткорига таъзим қилиб, қалб сўзларини билдирди. Бобомурод Ҳамдамовнинг қўлларини ушлаб олган Митхун бундай сеҳрли овоз уни маҳв этганини, уни Болливудга таклиф этишини билдирди ва икки кафтини бирлаштириб, пешонасига бир неча маротаба теккизиб, ҳиндчасига тинмай таъзим қилди, дейди тадбир иштирокчиси.

Ўзбекистон ва Туркманистон халқ артисти Бобомурод Ҳамдамов Озодлик билан суҳбатда Митхун билан учрашуви тафсилотларидан гапирди:

- Митхун ëнимга келиб турган экан, кўрмай қолибман у бечорани. Кейин қучоқлашиб кўришдик.

Балким салобатингиз босгандир, деб савол бердик ҳофизга.

-Йўқ, шунчаки кўрмай қолибман. Умуман мен ҳиндистонлик санъаткорлар тарафидан кўп хурмат ва иззат кўрган ашулачиман. Олдинроқ Мукешнинг ўғли уйга келувди. Мен Мукеш қўшиқларини айтсам телефонини ëқиб Ҳиндистондаги онасига эшиттирди. Она-отамни қўшиғини ўзбеклар айтяпти, деб.

Тошкентлик Мукеш

Бобомурод Ҳамдамов юрагига чўғ ташлаган нарса Раж Капур рол ўйнаган ҳинд филмидаги Мукеш Чанд Матхур ижро этган қўшиқлар эди. Раж Капур Тошкент фестивалига келган 1976 йили Мукеш АҚШда оғир хасталик боис оламдан ўтган эди.

Бобомурод Ҳамдамов билан танишгач, Раж Капур “Мукешни Америкада йўқотиб, Тошкентда топдим”, дейди. Раж Капур мен билан биргаликда "Мери жуппа Ҳиндистони..." дея куйлаган дамлар ҳаëтимнинг энг масъуд дамлари эди, деб эслайди Бобомурод Ҳамдамов:

- Раж Капур Тошкентга келса, мени излаб қоларди. Бирга Олой бозорини кезганмиз. Кампирлар мендан болам ëнингдаги Раж Капурми, деб сўрашса ҳамроҳим таъзим қилиб "Капур, Капур" дерди. Жуда хушмуомала одам эди, деб эслади ҳофиз Озодлик билан суҳбатда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG