Линклар


Малайзиянинг Петронас ширкати 2013 йилда Ўзбекистондаги углеводород конларини ўзлаштириш лойиҳаларини молиялаштираётган инвесторлар сафидан чиқади. Буни Петронас ширкатига яқин манбага таяниб, Россиядаги Новости информацион агентлиги хабар қилди. Манба бу қарорни "ширкатнинг минтақадаги фаолиятини оптималлаштиришга доир умумий стратегиясига алоқадорлиги" билан изоҳлаган.

Хабарга кўра, Петронас қабул қилган қарор якуний ва ҳозирда Ўзбекистон ҳукумати ширкатнинг асосий лойиҳалардан чиқиши жараёнини юридик жиҳатдан тугатишга имконият берадиган ҳужжатларни тайёрламоқда.

Тилга олинган агентлик манбасига кўра, Петронас ширкати Устюрт шимоли-ғарбидаги 15 йилга мўлжалланган газконденсат конларини ўзлаштириш ва Бойсун инвестиция блокидаги нефт-газ конларини ўзлаштириш бўйича 35 йилга мўлжалланган ва 2008-2010 йилларда Ўзбекистон ҳукумати билан маҳсулотни тақсимлаш бўйича имзоланган иккита келишувдан чиққан.

Мақолада сўнгги икки йил давомида Петронас Ўзбекистонда фаолиятини сезиларли қисқартиргани қайд этилган. Хусусан, Петронас 2011 йил май ойида Орол денгизи акваториясининг Ўзбекистонга тегишли қисмида геология-қидирув ишлари олиб бораётган халқаро консорциумдан чиққан.

2011 йил июнида Ўзбекистон жанубида газдан синтетик суюқ ёнилғи ишлаб чиқарадиган завод қуриш лойиҳасидаги улушини 33,3 фоиздан 11 фоизгача камайтирган.

Жорий йил апрелида Петронас Сурхондарё инвестиция блокидаги операторини тугатишга киришган.

Бунга геология-қидирув натижалари мазкур инвестиция блокида қидирув ишларини давом эттириш тижорий жиҳатдан фойдали эмаслигини кўрсатгани сабаб бўлган.

Петронас ширкатининг Тошкентдаги идораси ходими Озодликка ширкатнинг Ўзбекистондаги фаолияти билан боғлиқ маълумотларни Ўзбекнефтегаз ширкати шарҳлаш ваколатига эга эканини айтди.

Ўзбекнефтегаз миллий холдинг компанияси матбуот хизмати ходими Озодлик билан суҳбатда Петронас ширкати Ўзбекистондаги конларини ўзлаштириш лойиҳаларини молиялаштираётган инвесторлар сафидан чиқиши ҳақидаги маълумотни инкор қилди.

- Бу нотўғри маълумот. Беш йилга мўлжалланган Сурхон лойиҳаси муваффақиятли тугади. Бошқа лойиҳалар бўйича инвестиция ишлари одатдаги тартибда давом этмоқда. Петронас ширкатининг Ўзбекистондаги идораси ҳам одатдагидек фаолият юритмоқда, деди Ўзбекнефтегаз ширкати расмийси.

Петронас ширкати кўп йиллардан бери Ўзбекистонда фаолият юритиб келмоқда.

Малайзия бош вазири Абдулла бин Ҳожи Аҳмад Бадавийнинг 2008 йил ноябр ойида Тошкентга сафари чоғида учта ҳужжат, жумладан, Сурхондарё вилоятида геология-қидирув ишларини бошлаш бўйича протокол имзоланган эди.

Ўшанда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Малайзиянинг Петронас ширкатига кенг имтиёзлар беришни ваъда қилган.

- Петронас компанияси ўзини Ўзбекистонда ишончли ва масъулиятли шерик сифатида намоëн этди ва шу боис унинг янада кенгроқ фаолият юритиши учун биз Ўзбекистонда бу компанияга янги имтиëз ва қулайликлар яратиб беришга тайëр бўлганимизни изҳор этмоқчиман, деган эди Ўзбекистон раҳбари.

Бир йил ўтиб, 2009 йил ноябрида “Ўзбекнефтегаз” ширкати Петронас ва Жанубий Африка Республикасининг Сасол ширкатлари билан Қашқадарё вилоятида синтетик ёқилғи ишлаб чиқарадиган завод қуриш учун “Uzbekistan GTL” қўшма корхонаси ташкил этиш ҳақида келишув имзолаган. Мазкур лойиҳа қиймати 2¸5 миллиард АҚШ долларни ташкил этади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG