Линклар

logo-print
Таниқли ўзбек ëзувчиси Фарҳод Мусажонов 79 ёшида сешанба куни оламдан ўтди. Ëзувчи ўша куннинг ўзидаëқ Тошкентдаги Кўкча қабристонига дафн қилинди.

Ëзувчининг қизи Гулмира Мусажонованинг Озодликка айтишича, Фарҳод Мусажонов Дўрмондаги Ёзувчилар уйида семинарда қатнашаëтган пайтда бирдан юрак хуружига учраб, бандаликни бажо келтирган.

Врачлар "кенг қамровли инфаркт" деган ташхисни қўйишган.

Фарҳод Мусажонов бундан олдин бир фарзанди ва рафиқасини тупроққа берган эди.

"2003 йилда 33 ёшли қизини тупроққа берган отамнинг қадди букилди"¸ дейди отасининг жанозасига Бокудан етиб келган қизи Гулмира Озодлик билан суҳбатда:

- Опам ўлганидан кейин адам фарзанд доғида куйиб, адо бўлди. 3 марта микроинсулт бўлди. Аммо кейинги кунларда ўзини тутиб олиб, кўп-кўп ëза бошлагандилар. Сайланма асарлари устида ишлаëтган эдилар¸ - дейди марҳумнинг қизи.

Ëзувчининг ортида бир ўғли, икки қизи ва етти невараси қолди.

Фарҳод Мусажонов 1933 йил 19 декабрда Тошкент шаҳридаги “Ўқчи” маҳалласида туғилган.

Тошкент Давлат университетининг (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) Шарқшунослик факултетини 1956 йилда тамомлаган Фарҳод Мусажонов ëзувчилик билан шуғуллана бошлади.

Унинг “Дарадаги қишлоқда” деб номланган илк ҳикояси 1969 йилда босилиб чиққанида мунаққидлар тарафидан яхши қаршиланди.

Кейинчалик Фарҳод Мусажонов “Офтобни қувалаб”, “Бўш келма, Алиқулов!” каби асарлар ëзиб, китобхонлар умидини оқлай олишини исбот қилди.

Ëзувчининг 1972 йил чоп қилинган “Бир қултум булоқ суви” асари эса ўзбек прозасининг замонавий намунаси ўлароқ қабул қилинди.

Ўзбек китобхонлари ëзувчининг “Душанба, нонуштадан сўнг”, “Боғ кўчамни қўмсайман”, “Қилич ва соз”, ” Лафз” каби қиссаларини яхши эслашади.

Фарҳод Мусажоновнинг ҳикоя ва қиссалардан иборат 30 га яқин тўплами нашр этилган.

Шунингдек, “Жазирама офтоб остидаги уй”, “Бировнинг боши”, “Кўзларим йўлингда”, “Ҳувайдо”, “Сўнмас зиё” каби киносценарийларга муаллифлик қилган.

Ўзбек прозасига замонавий руҳ берганлиги эътироф қилинган Фарҳод Мусажоновга 78 ëшга кирганида “Ўзбекистон халқ ëзувчиси” унвони берилганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG