Линклар

logo-print

Ўзбекистон МДҲ Эркин савдо ҳудудига қўшилишга розилик берди


Ўзбекистоннинг МДҲ Эркин савдо ҳудудига қўшилиши¸ мутахассислар фикрича¸ товарларнинг Ўзбекистон чегарасидан кириб-чиқишини осонлаштиришга хизмат қилмайди.

Ўзбекистоннинг МДҲ Эркин савдо ҳудудига қўшилиши¸ мутахассислар фикрича¸ товарларнинг Ўзбекистон чегарасидан кириб-чиқишини осонлаштиришга хизмат қилмайди.

МДҲ Ижроия қўмитаси раҳбари Сергей Лебедев ҳамдўстлик ҳукумат раҳбарларининг 31 май кунга белгиланган навбатдаги учрашувида Ўзбекистоннинг Эркин савдо ҳудудига қўшилиши кутилаëтгани ҳақида баëн қилди. Мутахассислар фикрича¸ Ўзбекистоннинг Москва етовидаги бу келишувга қўшилиши мамлакатдаги савдо-сотиқнинг либераллашувини англатмайди.

Беларус пойтахтида қилган баëнотида Сергей Лебедев “Ўзбекистоннинг МДҲ Эркин савдо ҳудудига қўшилиши муҳим масала экани”ни таъкидлаб¸ жума куни Тошкентнинг бу келишувга қўшилган 9-давлат бўлишига умид билдирди.

МДҲ Ижроия қўмитаси котибиятининг ўзини таништирмаган расмийси Озодлик мухбирига Ўзбекистонни аъзоликка қўшиш учун лозим барча ҳужжатларнинг ҳозирлиги¸ гап фақат Тошкент вакилининг мазкур келишувга қўл қўйишида қолганини билдирди.

МДҲ доирасидаги Эркин савдо ҳудудига доир келишувга 2011 йилнинг 18 октябрида Россия¸ Арманистон¸ Беларус¸ Қозоғистон¸ Қирғизистон¸ Молдова¸ Тожикистон ва Украина қўл қўйган.

Озарбайжон¸ Ўзбекистон ва Туркманистон келишувга ўз шартлари асосида қўшилишлари мумкинлигини билдирган эди.

МДҲ Ижроия қўмитаси расмийсининг Озодликка билдиришича¸ узоқ давом этган музокаралар натижасида Ўзбекистон ўз шартлари асосида келишувга қўшилишга розилик берган:

- Ўзбекистон бу келишувга ўз қонунчилик нормаларига таянган ҳолда қўшилади. Бу келишувнинг айрим жиҳатлари Ўзбекистон қонунчилигига мосланса¸ айни пайтда¸ Ўзбекистон ҳам айрим ўз нормаларини келишув¸ аниқроғи Жаҳон Савдо ташкилоти кўзда тутувчи халқаро нормаларга мослаши керак бўлади. Бу мослашишлар томонлар учун бир хил манфаатлидир¸ дейди МДҲ Ижроия қўмитаси расмийси.

Келишувга қўшилиш нимани англатади?

Бу саволга жавоб берган ўзбекистонлик иқтисодчи Феруз Илҳомовга кўра¸ Эркин савдо ҳудудига қўшилиш¸ Ўзбекистон истаган тақдирда¸ қолган аъзолар билан савдо жараëнидаги қоғозбозликни камайтиришга хизмат қилиши мумкин:

- Ўзаро импорт-экспорт жараëнида рўйхати узун қатор ҳужжатларни тақдим этиш сўралади. Келишувга қўшилгач¸ Ўзбекистон ана шу рўйхатдаги айрим ҳужжатларни олиб ташлаши ва импорт-экспорт жараëнидаги маъмурий тўсиқларни қисқартириши мумкин. Аммо истамаса¸ бу жараëн ҳам ўзгаришсиз қолиши мумкин¸ дейди мутахассис.

Эркин савдо ҳудудига қўшилиш савдо эркинлашувини англатмайди

Ўзбекистон-Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларининг реал вазиятидан хабардор мутахассисларга кўра¸ Тошкентнинг МДҲ Эркин савдо ҳудудига қўшилиши¸ бу келишувга аъзо қолган саккиз давлат билан амалдаги савдо-иқтисодий муносабатларни ўзгартирмайди.

Феруз Илҳомов¸ Тошкент ҳукуматининг импортни чеклашга оид 1 апрелдан кучга кирган қарори¸ Ўзбекистон раҳбариятининг савдони либераллаштириш эмас¸ аксинча¸ уни янада исканжага олиш сиëсатининг далили эканини айтади:

- Амалда бу ўзбек тадбиркори ва савдогари¸ яъни ўрта бизнесга ҳеч нарса бермайди. Вазирлар Маҳкамасининг импорт чекловига оид сўнгги қарорига бир қаранг. Қонунчиликка киритилган бу ўзгартиш¸ мамлакатдаги савдо-иқтисодий иқлими устидан назорат ва босимнинг янада кучайганини англатади. Ўзбекистон ҳукумати ўз ҳудудида ўз фуқароларига эркин савдо билан шуғулланишга умуман йўл бермаëтган бир пайтда¸ Эркин савдо ҳудудига оид келишувга қўшилишнинг нима кераги бор¸ деган савол туғилади. Тахминимча¸ Ўзбекистондаги импорт ва экспорт жараëнини ўз монополиясига айлантирган тор гуруҳнинг бу келишувга қўшилишдан қандайдир аниқ режалари бор. Улар бу келишув асосида қандайдир олди-сотдини манфаатли шартлар билан амалга оширгач¸ Тошкент бу келишувга қандай кирган бўлса¸шундай чиқишини чамалаш қийин эмас¸ дейди ўзбекистонлик иқтисодчи-тадбиркор.

Ўзбекистон Эркин савдо ҳудудига қўшилишга тайëр эмас

Ўзбекистонлик мустақил иқтисодчи Миркомил Тошкандий фикрича¸ бундай келишувга қўшилиб¸ МДҲ аъзолари билан савдо муносабатларини либераллаштириш учун Тошкент ҳукумати жиддий ислоҳотларни амалга ошириши лозим:

- Эркин савдо ҳудудига кириш учун Ўзбекистон олдин ўз экспорт потенциалини кўпайтириши керак. Иккинчи масала¸ Ўзбекистонда импортëрлар монополияси мавжуд. Импорт монополиядан чиқиши керак. Ўшанда Ўзбекистон Эркин савдо зонасига кирса¸ бир нарса ўзгариши мумкин. Ҳозирги вазиятда бу келишувга кирса¸ ҳеч нарса ўзгармайдигина эмас¸ Ўзбекистон товар ишлаб чиқарувчилари қийналиб қолади. Чунки Ўзбекистонга кирадиган арзон ва сифатсиз товарлар оқими кўпайиб кетиши мумкин¸ дейди Тошкандий.

Деҳқон ва фермер ҳам бу "эркинлик"дан рўшно топмайди

Озодлик суҳбатлашган мутахассислар таъкидича¸ МДҲ Эркин савдо ҳудудига оид келишувда¸ бу келишув нормаларининг қишлоқ хўжалик маҳсулотлари импорт-экспортига татбиқ қилинмаслиги алоҳида белгилаб қўйилган.

Бу эса¸ Тошкентнинг мазкур келишувга қўшилиши Ўзбекистондан Россия ва бошқа постсовет ҳудудларига полиз ва сабзавот маҳсулотлари экспорт қилишга уринаëтган ўзбек фермерлари фаолиятидаги улкан тўсиқлар камайишига мутлақ алоқасиз эканини англатади¸ деган фикрда иқтисодчилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG