Линклар

logo-print

КХШТ Ўзбекистонни айланиб ўтувчи темир йўл қурмоқчи


Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари бошқа масалалар қаторида Ўзбекистонни айланиб ўтишни ҳам муҳокама қилди.

Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари бошқа масалалар қаторида Ўзбекистонни айланиб ўтишни ҳам муҳокама қилди.

Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон президентлари КХШТнинг Бишкекдаги норасмий саммитида хавфсизлик масалаларидан ташқари ягона темир йўл қуриш лойиҳасини ҳам муҳокама қилди. Темир йўл қуриш ташаббуси Қирғизистон раҳбариятидан чиққани айтилмоқда.



28 май куни Бишкекда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти норасмий саммити доирасида Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди.

Мажлисда муҳокама этилган асосий масалалардан бири сифатида Россияни Марказий Осиё давлатлари билан боғловчи темир йўл йўл қуриш лойиҳаси муҳокама қилинди.

КХШТ Бош котиби Николай Бордюжа бу ҳақда журналистлар олдида қилган чиқишида жумладан бундай деди:

- Бу масала бевосита Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти вазифаларига кирмасада, президентлар унга алоҳида эътибор қаратди ва ўзларининг тегишли идораларига, яъни Россия темир йўллари, Қозоғистон темир йўллари, Қирғизистон темир йўлларига бу масалани иқтисодий ва молиявий жиҳатдан амалга ошириш мумкинлиги ўрганиб чиқишни буюради,- деди КХШТ раҳбари Николай Бордюжа.

Олдинроқ, муҳокама этилаётган темир йўл лойиҳаси Афғонистон, Эрон ва Туркманистон ҳудудларигача чўзилиши мумкинлиги тўғрисида хабар қилинган эди.

Саммит иштирокчиларига кўра, “Россия-Қозоғистон-Қирғизистон-Тожикистон” ягона темир йўл лойиҳаси Афғонистонга чиқиш имкониятини яратади ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг таъбири билан айтганда, “иқтисодиёт тараққиёти учун қўшимча қудратли туртки бўлади, ҳамда қўшнилар коммуникация тобеълигидан халос этади”.

Кузатувчилар “коммуникация муаммолари” Тожикистон учун биринчи навбатда Ўзбекистон билан боғлиқ темир йўл масаласида анчадан буён мажуд қийинчиликларни қайд этишмоқда.

Саммит ишида бевосита иштирок этган КХШТ матбуот котиби Владимир Зайнетдинов, Озодлик билан суҳбатда, темир йўл масаласи 2013 йилда КХШТда раислик қилувчи Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев томонидан муҳокамага киритилганини маълум қилди.

- Бу, ҳақиқатан, қирғиз томонидан киритилган масала. Улар бу лойиҳа КХШТга жуда керакли, деб ҳисобламоқда. Натижада президентлар бу масалани тегишли ташкилотларга ўрганиб чиқиш учун буйруқ ҳозирлаяпти. Эслатиб қўйишим керакки, бу ҳозирча таклиф – уни амалга ошириш учун кўплаб омилларни ҳисобга олмоқ зарур,- деди Озодликка КХШТ расмийси.

Алмазбек Атамбаев тожикистонлик ҳамкасби Имомали Раҳмон билан саммит бошланишидан олдинроқ – 27 май куни янги темир йўлни қуриш режасини муҳокама этган эди.

Қирғизистон президенти ҳам муҳокамага чиқарилган темир йўл лойиҳаси кейинчалик Тожикистондан Форс курфазигача узайтирилишига ишонч билдириб, “Бу барчамизга керак бўлган темир йўл. Бу шундай катта лойиҳаки, у ҳаммага керак”, дея баёнот берди.

Аммо 2012 йил июн ойида Алмазбек Атамбаев ўз мамлакати учун Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир лойиҳаси “ҳам стратегик, ҳам иқтисодий жиҳатдан муҳимроқ” эканини ҳам гапириб ўтган эди.

КХШТ Бош котибиятидан олинган маълумотларга кўра, сешанба куни Ола-Арча резиденциясида ўтказилган йиғин якунига кўра минтақавий хавфсизлик масалалари, жумладан 2014 йилдан Халқаро хавфсизлик кучларининг Афғонистондан чиқиши ортидан юзага келиши мумкин бўлган вазиятга тайёргарлик кўриш, чегара хавфсизлиги, терроризм, экстремизм ва наркотраффикка қарши кураш масалалари юзасидан 10та расмий ҳужжат имзоланган.

Душанба куни Бишкекда КХШТ мудофаа вазирлари йиғини ҳам бўлиб ўтди. Унда вазирлар қўшма машқлар ўтказиш ва ташкилотнинг қуролли кучларга оид талаблари бўйича битимларни имзолади.

КХШТ Ташқи ишлар вазирлари эса Россия ва АҚШ илгари сураётган Сурия бўйича тинчлик конференциясини ўтказиш ғоясини маъқуллади.

Ўзбекистон 2012 йилнинг июн ойида КХШТдаги иштирокини тўхтатган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG