Линклар

logo-print

Россиялик спортчи Жомолунгма чўққисидан сакраб¸ рекорд ўрнатди


Розов Жамалунгмадан сакрамоқда.

Розов Жамалунгмадан сакрамоқда.

Ер шаридаги энг баланд чўққи – Жомолунгма чўққисига биринчи инсон қадами етганига 60 йил тўлиши муносабати билан россиялик экстрим спортчи Валерий Розов чўққининг 7000 метрдан баланд музлигидан пастга шўнғиди ва турғун объектлардан парашют билан сакраш бўйича дунë рекордини ўрнатди.

Баландликдан пастга шўнғишга ишқибозлар ўртасидаги мусобақа қизигандан қизиб бормоқда ва бу борадаги дунë рекордлари китоби ҳам бойигандан бойиб бормоқда.

Махсус қанотли кийим кийган 48 яшар Валерий Розов 7220 метр баландликдан сакраб¸ бир минутга яқин давом этган шўнғишдан сўнг¸ 1000 метр пастдаги музликка эсон-омон қўнишга муваффақ бўлди.

Бу шўнғиш 1953 йилнинг 29 май куни Эдмунд Ҳиллари ва Тензинг Норгейнинг Жомолунгмани илк бор забт қилганига роппа-роса 60 йил тўлган кунда амалга оширилди.

Чўққидан пастга шўнғир эканман¸ ўз вужудимнинг бу сакрашга қандай реакция беришини тахмин ҳам қила олмадим¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Розов:

- Чўққи жуда баланд¸ ундан сакраш эса¸ жисмонан ўта оғир эди. Ҳаво жуда совуқ эди. Бундай махсус костюмни кийиш учун ички кийимлардан воз кечишга тўғри келди. Шу боис мен жуда совқотдим ва руҳий босим ҳам шунга яраша кучайди, дейди Розов.



Red Bull ширкати томонидан молиялаштирилган ушбу юракни сескантирувчи сакраш учун Розов ва унинг махсус гуруҳи икки йилдан ортиқ вақт давомида ҳозирлик кўрди.

Дунëнинг энг баланд чўққисига туташ нуқтадан сакрашни амалга ошириш учун тўрт маҳаллий йўлбошловчи¸ оператор ва фотографлардан иборат мазкур гуруҳ апрел ойида Ҳимолай тоғлари тепасини эгаллаган эди.

Жомолунгма этагида чодир қурган Розов ва гуруҳи сакраш учун уч ҳафтадан зиëд экстрим об-ҳаво шароитида тепада кўрсатма берилишини кутиб яшади.

Об-ҳаво шароитининг ўта хавфли экани¸ 18 даражалик совуққа қарамай¸ бу сакраш муваффақиятли амалга оширилди.

Сўнгги сонияга қадар ерга эсон-омон қўнишимга кўзим етгани йўқ¸ дейди Озодлик мухбирига Розов:

- Асосий қийинчилик¸ асосий шубҳа сакраш бошланган чўққининг вертикал қисми жуда қисқа экани билан боғлиқ эди. Бу бўлим атиги 200 метрни ташкил этади. Шўнғишни назоратга олишдан аввал мен ана шу вертикал қисмда вужуд тезлигини ошириб¸ устимдаги костюмга ҳаво тўлишини эплашим лозим эди. Нормал баландликда 200 метр бу ишга етарли эмас. Аммо бу нонормал вазиятда шўнғишнинг қандай бўлиши¸ вужудим ўзини қандай тутишини билмадим¸ дейди россиялик спортчи.

Розов ҳозирга қадар ҳам экстрим сакрашлар бўйича донг чиқарганлардан бири.
2009 йилда у Камчаткадаги фаол вулқон устига сакраган бўлса¸ 2010 йилда Антарктикадаги Улветанна чўққисидан пастга шўнғиган.

Ҳозирга қадар Розов дунëдаги турли турғун объектлар устидан 10 мингдан зиëд сакрашни амалга оширган.

Озодлик билан суҳбатда Розов¸ сакрашлардан мақсади дунë рекордини ўрнатиш эмас¸ балки сакраш объектларига нисбатан алоҳида қизиқиши эканини таъкидлайди:

- Мен ҳеч қачон рекорд ўрнатаман¸ деб интилмаганман. Мен доимо сакраш объекти бўлган баландликка қизиққаним учун¸ ўша жойнинг устига чиқишга қизиққаним учун сакрайман¸ холос. Агар бу иш рекорд ўрнатиш билан тугаса¸ нур устига аъло нур. Бугун ҳам режамда минглаб хаëл бор. Сакраладиган жойнинг Жомолунгма каби энг баланд чўққи бўлиш-бўлмаслигининг эса¸ мен учун унчалик аҳамияти йўқ¸ дейди Валерий Розов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG