Линклар

БМТ кенгаши суриялик ҳарбийларнинг Қусайрдаги амалиётини қоралаб чиқди


БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 2013 йил 29 май куни Женевада ўтказилган сессиясидан лавҳа.

БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 2013 йил 29 май куни Женевада ўтказилган сессиясидан лавҳа.

Женевада навбатдаги сессиясини ўтказган БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши суриялик ҳарбийларнинг Қусайр шаҳридаги амалиёт чоғида исёнчиларга қарши амалга оширилган хатти-ҳаракатларини қоралаб чиқди.

Чоршанба куни қабул қилинган бу қарор 36 мамлакат вакили томонидан қўлланди, саккиз мамлакат вакили овоз беришдан тийилди ва фақат Венесуэла вакили қарши овоз берди.

Ҳуқуқни ҳимоя қилиш кенгашининг бу қарорига Суриядаги жангларда президент Башар Ассадни қўллаётган Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” шиалар гуруҳи жанггарилари иштирок этаётганига оид маълумотлар ҳам сабаб бўлди.

Россия Сурияга оид резолюция бўйича овоз беришда иштирок этмади.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров аввалроқ БМТнинг бундай позицияси июн ойида Сурия бўйича халқаро анжуман ўтказиш режаларига халақит бериши мумкинлиги ҳақида билдирганди.

Бу каби анжуманни уюштириш ташаббуси Россия ва АҚШдан чиққанди. Бироқ Вашингтон томонидан БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши резолюциясининг қўлланиши, Лавровга кўра, бу уринишларни йўққа чиқариши мумкин.

Чоршанба куни Сергей Лавров телефон орқали АҚШ давлат котиби Жон Керри билан Сурия бўйича анжуманга тайёргарлик масалаларини муҳокама қилгани маълум бўлди. Бироқ мазкур сўзлашув тафсилотлари очиқланмади.
XS
SM
MD
LG