Линклар

“$1000000 ли мулкимни Солиқ қўмитаси тортиб олди”

  • Сарвар Усмон

Тошкентлик тадбиркорнинг камида бир миллион долларли ҳаммоми суратдагидай вайронага айланди

Тошкентлик тадбиркорнинг камида бир миллион долларли ҳаммоми суратдагидай вайронага айланди



“Фалончининг ресторанини тортиб олишибди”, “Пистончига келишиб, олдига бир даста пул ташлашибди-да, хоҳласанг - шу, мулкинги бизга ўтказасан, дейишибди”. Бу - эл оғзидан тез-тез учиб, тилдан тилга кўчиб юрадиган гаплар. Бугун гап ўша тортиб олинган мулклардан бири тўғрисида. Тортиб олувчи, мулк эгасининг айтишича, вазирлик даражасидаги давлат идораси, аниқроғи, идораларидир.

Озодлик: Сиз қилган ҳаммомнинг шу бугунги кундаги нархи неча пул? Бозор нархи неча пул бўлиши мумкин?

Мулк эгаси: 3-4 миллиард сўмдан кам эмас.

Озодлик: Долларда қнча бўлади?

Мулк эгаси: Бозор нархида бордир 1-2 миллион доллар.

Озодлик: Камида 1 миллион долларлик мулк-а?

Мулк эгаси: Ҳа.

***

Бугун гап мана шу мулк тўғрисида.

Гап мулкнинг эгасидан қандай қилиб тортиб олингани тўғрисида.



Танишув

Ўзбекистон Республикаси Президенти номига ёзилган шикоятномада мулкдор ўзини мана бундай таништирган:

“Акрамов Комил Орипович, 1957 йил 21 мартда Тошкент шаҳрида туғилган. 1984 йили Тошкент Алоқа институтини битирган. Ўзбекистон Фанлар Академиясида, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг “Ахборот ва алоқалар пункти”да, Ўзбекистон Телерадиокомпаниясининг Махсус Боштехназорат бўлимида ишлаган. 1991 йилдан бошлаб хусусий тадбиркор. Оилали, 4 нафар фарзанди бор. Асосан аҳолига маиший хизмат кўрсатишга ихтисослашган фирмаси шу кунда ўз фаолиятини тўхтатган. Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлигининг фирма фаолиятини тугатиш тўғрисидаги қарорини кутмоқда”.

Гапирсакми, гапирмасакми...

Тўғриси, Комил Акрамов Озодликка мурожаат қилиб, мулкини қандай қилиб олдириб қўйганини айтиб берганида ва айниқса, Президентга ёзгани шикоятнома билан танишганимиздан сўнг бу мавзуга тегинмасликни ўйладик.

Чунки бир томондан, Комил Акрамовнинг мулки билан боғлиқ можаро бир неча йиллик тарихга эга бўлса (демак, ойлаб махсус суриштирув ўтказиш зарур), иккинчи томондан унинг мулкини тортиб олган давлат идорасининг остонаси шу қадар баландки, уни хатлаб ўтиш имконсиз ва демак масалани ўрганар эканмиз ҳар иккала томон фикрини бериш, яъни холис туришнинг иложи йўқ.

Бироқ, иккинчи томон - идора ва унинг ортида турган Вазирлар Маҳкамасининг позицияси бизга етиб келган суд ҳукми ва бошқа ҳужжатларда тўла акс этганки, бу ҳужжатларнинг мавжудлигини иккинчи томон позицияси ифодаси, деб қабул қилсак бўлаверади.

Шундай қилиб, мулкини давлатга олдириб қўйган кишига гапириб олишга имкон бера оламиз, деган қарорга келдик.

Комил Акрамовга нима керак?

Қолаверса, Комил аканинг айтишича, унинг камида 1 000 000 долларли мулки бузилиб, ўрнига бошқа иморат тушибди ҳамки, бизда табиий бир савол туғилди.

Озодлик: Сизнинг мулкингиз ер юзидан супуриб ташланибди. Ўрнига иморат солинибди. Нимага умид қилиб аризанинг устига ариза қилаяпсиз?

- Энди булар қилаëтган ишига жавоб бериши керакми. Мен жуда мулк устида ўлиб ëтганим йўқ. Озгина адолат бўлиши керакми? Билмадим яна. Балки мен нотўғри мурожаат қилаëтгандирман, дейди Комил Акрамов.

Ҳа, тошкентлик тадбиркор Комил Акрамовга “азгина адолат” керак, холос. Адолат излашга эса, унинг ҳақи бор. Боз устига, у ўз ишига доир бир дунё ҳужжат юборди. Улар билан синчиклаб танишиб чиқдик. Ва ҳеч йўқ гапириб олишига Комил Акрамов учун имкон яратиб беришга қарор қилдик.

Эски ҳаммом ЯНГИ тос

Комил Акрамовнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти номига ёзган шикоятномасидан:

“Тошкент шаҳри, Абай кўчасида жойлашган 12-сонли жамоа ҳаммомини 1997 йил августида Ўзбекистон Республикаси Кўчмас Мулк биржаси орқали ҳамма ҳужжатларни текширтириб сотиб олдик. Шу қарор асосида Тошкент шаҳар ҳокими 12 ҳаммом ерини доимий фойдаланишга бериш ҳакида қарор чиқариб берди. Эски ҳаммомни тўлиқ таъмирладик. Унинг ички кўриниши шарқона эксклюзив дизайн - кошинкор сайқалланган керамика асосида реконструкция килинди. 300 метр ер остидан скважина орқали минерал сув билан таъминланди. Дунёдаги борки ҳамма маиший хизмат кўрсатиш шароитини ўйлаб жиҳозланди. Ҳар кандай нозик таъбли мижозга ҳам хизмат кўрсата олардик. Хизматларимиз нархига келсак, 3000-4000 сўм. Оддий одамнинг қурби етадиган даражада эди. (Касалхонада эса 1 дона пуллик процедура 5000 сўмдан кам эмас). Бу ҳаммом фаолияти ҳақида ЎзТВ 5-6 марта кўрсатув олиб кўрсатди”, дейилган Комил Акрамовнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти номига ёзган шикоят хатида.

- Бунга кетган нарсани, мен мақтаëтганим йўқ, видеозаписни кўрсангиз бу ҳаммом, энг зўр усталар ишлаган. Эксклюзив. Ўзбекистоннинг энг зўр усталари ишлаган. Ўзимнинг таниш-билишларим, оғайниларим, ана шунақа эксклюзив ҳаммом қилиб тепасини ойна билан ëпиб, тепасини теплица қилинди, дейди дейди Комил Акрамов.

У биз билан суҳбат чоғида мана бу рақамларни ҳам айтиб ўтди.

- 3300 метр квадрат жой. Кичкина жой эмас. Бир соатда 120та одамни қабул қила оладиган жамоа ҳаммоми, дейди Комил Акрамов.

“Ҳовли олма, қўшни ол”

Комил Акрамовнинг арзини тинглар эканмиз ўзбекнинг ўша нақли миянинг бир четидан йилт этиб ўтди.

Қўшники, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси. Бу идора Комил Акрамовнинг ҳаммом комплекси ёнига 2002 йили кўчиб келган ва орадан бир ярим-икки йил ўтгач, муаммолар пайдо бўлган.

Акрамовнинг Президентга ёзилган шикоят хатидан:

“2004 йили Давлат Солиқ қўмитаси ҳаммомнинг ярмини сотишни талаб қилди...

- Солиқ қўмитаси раисининг биринчи муовини Аваз ака Эргашев бизлар билан музокара олиб бордилар. Бозор нархида эмас давлат ташкилоти чиқариб берган нархда сотишга кўндик.

Озодлик: Қўмита ихтиëрига сотиб олишмоқчимиди ëки қўмита бошлиғи Парпиевнинг шахсий мулки сифатида сотиб олишмоқчимиди?

- Қўмита ҳисобига сотиб олишмоқчи эди.

Озодлик: Қўмита нима қиларкан ҳаммомни?

- Ўзининг территориясига қўшиб олмоқчи эди.

Озодлик: Кейин нима бўлди?

- Ундан кейин булар давлат ташкилоти чиқариб берган нархнинг ярмини ҳам бермади. Кейин ўзаро келишганимизда биринчи муовини Аваз ака Эргашев чиққанларида бола-чақа билан қасам ичганлар. Мен “Сенлар шу нархга ҳам сотиб олмайсанлар. Бунақа хўжайинларнинг кўпини кўрганман. Ваъда қилаверади. Мен бу ташкилотга пул тўлаб, бунинг нарх-навосини чиқараман. Сизлар шу пулга ҳам олмайсизлар” десам, “Ботир Раҳматович Парпиев айтдики, шу ҳаммомнинг ғшитини қўйишга кетган раствордаги сувининг пулини ҳам ҳисобласин давлат ҳисобида. Мен ҳаммасини тўлайман" деб айтибди. “Гарантия қанақа?” десам, “Бола-чақам билан қасам ичаман” деди. Ўшандан кейин нарх-наво чиқарилди. Тахминан 500 миллион сўмгача борди ўша пайтда. Бу 2004 йил. Кейин булар 200 миллионда тўхташди. Кейин менинг жаҳлим чиқиб кетди. Бир йил орада савдо бўлди. Келаверади, кетаверади. 50 миллион дейди, 100 миллион дейди, 150 дейди. Икки-уч ойда мана шунақа 200 миллионга кўтарилди. “Бошқа пул бермаймиз. Мана шунча пул берамиз” дейишди. “Мени нимага овора қилдинглар шунча? Барибир зўравонлик қилиб текинга олиб қўймоқчисанлар. Мард бўлсин, бўлмаса эртага эрталаб соат 9да қабул қилиб олгин, текинга подарка қиламан. Эркак одам бунақа қасам ичмайди ҳар хил сўз билан. Эркакнинг гапи ўзи қасам” дедим. Шундан кейин эсига тушди шекиллида бола-чақаси билан қасам ичгани. “Ҳаммом ўзингларга буюрсин. Мен шу ерда ишларканман биттаси кирмайди” деди, дейди Комил Акрамов.

Шундай қилиб, Давлат солиқ қўмитаси Комил Акрамовнинг мулкига тиккан кўзини юмди. Мулк сақланиб қолди.

2009 йилги текширув

Озодлик: “Бўлди, менга керак эмас. Мен олмайман. Ўзингизга буюрсин” деди Парпиев. Нечанчи йилги гап бу?

- 2004 йилдаги гап.

Озодлик: Мана ҳозир бугунга келиб барибир ҳаммомсиз ўтирибсиз. Кейин қандай қилиб йўқотиб қўйдингиз ҳаммомингизни?

- 2009 йил 9 декабрда текширув келди. Оддий текширув. 12-13 нафар одам келиб, ҳамма ëқни текшириб, ҳужжатларни олиб, солиқ кодексининг битта ҳам банди бу ерда риоя қилингани йўқ. Зўравонлик, зўрлаб ëздириш. Келсам ҳамма ëқ текшир-текшир. Келган одам бунақа текширмайди. Газ борми, свет борми, иссиқ сув борми, совуқ сув борми, электр борми ҳаммасини очиб, соат 12гача текшириш ўтказилди. Керакли кераксиз ҳужжатларни талаб қилиб, керакли ҳужжатни эмас оддий бир қоғоз дафтарчани олиб, ўшанга 23 миллион пулни ëзишган, дейди Комил Акрамов.

Комил Акрамовнинг сўзларини шу жойда бўламиз.

Эшиттиришимиз, боя айтганимиздай, ўша текширувларнинг қонуний ёки ғайриқонуний эканлигини суриштиришдан иборат эмас.

Мақсадимиз қудратли давлат идораси босими билан юзма-юз келган бир тадбиркорга гапириб олиш имконини беришдир.

Хотинларнинг ҳаммомигаям бостириб киришди

Шунинг учун 2009 йилги текширув қандай якун топганини хабар қилиш билан чекланамиз.

Озодлик: Мулкингизни ким тортиб олди ва сиз ҳозир айтаëтган охирги текширув, 2009 йили ўтказилган текширув натижасида ториб олишдими ва ким тортиб олди?

- 2009 йил декабр ойидаги текширув асосида тортиб олишди. 2010 йилда ҳаммомни ëпди. Келиб зўравонлик қилишди. Мен ҳам уларга босим ўтказгандан кейин “солиқ қўмитаси шуни қилаяпти” деб айтишди. 2010 йил 24 февралда яна 15-16 киши келиб ҳамма ëқни текширишди. Хотинларнинг ҳаммомигача текширишди. Бақир-чақир бўлиб кетди. Бу Ўзбекистон бўлса. Ваҳоланки олди-сотди нотариусдан бўлган. Давлат кўчмас мулк биржаси орқали сотиб олинган.

Озодлик: Шу кунда сизнинг ҳаммомингизнинг эгаси ким?

- Мен 2010 йил 19 октярбда топширганман госкомимушество шаҳарникига. Бир минутдан кейин, обеддан кейин бўлган, даже число, вақти соатини қўйиб, солиқ қўмитаси менинг олдимда қабул қилиб олди, дейди Комил Акрамов.

Илғамай қолган бўлсангиз Акрамовнинг сўнгги жумласини такрорлаймиз.

“Ҳаммомни Давлат мулк қўмитасининг Тошкент шаҳар бўлимига топширганман, 1 минутдан кейин у кўз олдимда Давлат солиқ қўмитасига расмийлаштирилди”.

Акрамовга навбатдаги саволларни бердик:

Озодлик: Ҳаммом шу кунда ишлаяптими?

- Йўқ, уни бузиб ташлаб ўрнига иморат қуришди.

Озодлик: Қанақа иморат қурилди?

- Ишхонасигами, аниқ билмайман.

Озодлик: Аввалига 2004 йилдаги савдони айтдингиз, кейин воз кечди, кейинги мартасида охир-оқибат давлат мулк қўмитаси тортиб олганда, сизга ҳеч қанақа пул тўламасдан шундай тортиб олиб қўйишди-а?

- Ҳа. Ҳеч қанақа пул-мул, компенсация, шунчалик зўравонлик билан, қойил қолса бўлади буларга. Суд биринчи этапи ўтиб кетди. Ҳамма пул мулк эгасига деган. Кейин пулни қайтариш тўғрисида, компенсация тўғрисида ҳеч қанақа судда биттаси ҳам гапирилмади. Бошланғичида гапирилди. Кейингисида шу билан йўқ бўлиб кетди. Ҳам жиноий жавобгарликка тортиб, ...

Озодлик: Жиноий жавобгарликка ҳам тортилдингизми?

- Ҳа. Мол-мулкимни ҳам олиб қўйди. Бола-чақамнинг ҳам келажагига нуқта қўйиб қўйди чегара қўйиб.

Озодлик: Сиз қамалиб ҳам чиқдингизми?

- Қамалиб чиққаним йўқ.

Озодлик: Қанақа айблов қўйилган эди сизга?

- Ноқонуний пулни ўзлаштирган катта миқдорда, иккинчиси ўз лавозимидан фойдаланган деган.

Озодлик: Мана сиз ҳозир Ўзбекистон ичида эмас Ўзбекистон ташқарисидаги радио билан гаплашаяпсиз. Буни биласиз.

- Биламан.

Озодлик: Одатда бизга мамлакатда излай-излай топа олмаган ҳақиқатини топиш учун мурожаат қилишади охирги умид сифатида. Сизда ҳам шунақа шароитми?

- Мен ҳамма судни ўтдим. Этапма этап шаҳар, район, олий, ҳамма судларни ўтиб бўлдим. Исботлаб бердим. Мен “Ҳеч қанақа айбим йўқ бу ерда. Бу зўравонлик” деб айтдим. Ҳеч қанақа жавоб бермади. Мен шунинг учун республикадан ташқарида сизнинг радио орқали қонунбузарлик, адолат йўқлиги, баъзи бир раҳбарларнинг қилаëтган иши. Президентгача менинг мурожаатим етиб бормаганлигини биламан. Мурожаатим президентгача етиб борса, менинг кўнглим мана шу билан Худо хоҳласа таскин топади. Президентгача етиб бора олмадим бу ерда. Шундай чегара қўйилган. Етиб боришнинг иложи йўқ.

Озодлик: Бугун президентга ëзган хатингизни ўқиб чиқдим. Катта ва чигал масала экан. Шу хатни президентга жўнатганмисиз?

- Шунга ўхшашроқ хат жўнатганман уч-тўрт марта.

Озодлик: Биринчи бўлиб қачон жўнатгансиз?

- Биринчи бўлиб 2010 йил май ойларида бўлса керак.

Озодлик: Охирги хатни қачон жўнатгансиз?

- 2011 йил кузларида жўнатдим.

Озодлик: Хатларингизга қандайдир бир шаклда жавоб олганмисиз?

- Ҳа, жавоб олганман. Канцеляриясидан генпрокуратурага жўнатишган хатни кўришга.

Озодлик: Сизнинг воқеангиз Ўзбекистонда фавқулодда ҳодисами ëки ...

- Мен аниқ биламан бунақа захватлар кўп бўлаяпти. Кўп нарсадан хабардорман. Лекин шахсан менинг ишим бўйича полностью хат ҳужжати менинг қўлимда бор. Чунки мен 2010 йили 19 декбарда топширганман. У Бош вазирга январ, февралда хат берган, ҳаммомни менга бергин, деб. Апрелда давлат мулк қўмитаси Тошкент шаҳар ҳокимиятига берган менинг мулким бўла туриб. Қанақа қилиб тушунтирсам бўлади сизга? Олти ой олдин менинг мулкимни булар бўлишиб бўлган. Қалбаки ҳужжатларни Бош вазирга ҳам тақдим этган. Ҳамма ксерокопиясини мен сизга жўнатганман, дейди Комил Акрамов.

Мана шунақа гаплар.

Можародан ҳатто Бош вазирнинг ҳам хабари бор.

Биз юмшоқроқ айтдик. Комил Акрамов бошқачароқ айтди. (Суҳбатнинг сўнгги сатрларини такрор ўқинг)

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG