Линклар

Россия Сурияга "С-300" ракеталарининг биринчи партиясини етказиб берди


Россияда ишлаб чиқарилган “С-300” русумидаги ҳаво ҳужумидан мудофаа системаси.

Россияда ишлаб чиқарилган “С-300” русумидаги ҳаво ҳужумидан мудофаа системаси.


Ал-Манар телевидениеси Сурия президенти Башар Ал-Ассадга таяниб Дамашқ Россияда ишлаб чиқарилган ҳаво ҳужумидан мудофаа системасининг биринчи партиясини аллақачон олгани хабар қилди. Сурия президенти “С-300” русумидаги ракеталарнинг қолган қисми яқин фурсатда етиб келишини иддао қилган.


Ливандаги Ҳизбуллоҳ гуруҳига алоқадор Ал-Манар телеканали Сурия президенти Башар Ал-Ассад билан суҳбатни пайшанба куни эфирга беришини режалаган.

Хабарга кўра, президент Ал-Ассад ўз интервюсида “С-300” ракеталари мамлакатда бораётган урушда бурилиш ясашини қўшимча қилган.

Москва Сурия ҳукуматига ракеталар етказиб бериш ҳақидаги қарорни Сурияга хорижий ҳарбий интервенциянинг олдини олиш билан изоҳлаган.

“Ер-ҳаво” русумидаги “С-300” ракетаси жанговор учқичлар, ракеталар ва баллистик ракеталарни уриб тушириш имкониятига эга бўлиб, битта автомобилга тўртта ракета ўрнатилган.

Экспертлар фикрича, Дамашқнинг “С-300” ракетасидан фойдаланиши эҳтимоли Сурия можаросида “ўйин қоидаси”ни ўзгартириши мумкин.

“С-300” ракета системасининг Сурияга етказиб берилиши Исроил билан муносабатлар кескинлашиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирни янада кучайтирди.

Боиси ўтган ой Исроил Ҳизбуллоҳ гуруҳига етказиб бериш мўлжаллангани тахмин қилинган қуролларни йўқ қилиш учун Сурия ҳудудида ҳужум амалга оширган.

30 май куни Сурия мухолифати лидери генерал Салим Идрис Ҳизбуллоҳни Сурияни “босиб олаётганлик”да айблади.

ББСга берган интервюсида генерал Идрис исёнчилар назоратида бўлган Қусайр шаҳрига ҳужумларда ливанлик етти мингдан зиёд шиа мазҳабидаги Ҳизбуллоҳ жанггариси Ал-Ассад режими аскарлари сафида иштирок этаётганини айтди.

Чоршанба куни БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши Сурия режими ва Ҳизбуллоҳ кучлари Қусайр шаҳрида инсон ҳуқуқларини поймол қилгани ҳақидаги иддаолар бўйича текширув ўтказишга чақирди.

АҚШ, Туркия ва Қатар қўлаб-қувватлаган резолюцияда хорижий кучлар Ал-Ассад режимини дастаклаётгани қораланган.

29 май куни Вашингтонда сўзлаган АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Жен Псаки Ҳизбуллоҳ Сурияга ўз жанггариларини юборганини “қабул қилиб бўлмас” ва “хавфли” дея атади:

- Биз Ҳизбуллоҳдан ўз жанггариларини Суриядан зудлик билан олиб чиқишни талаб қиламиз. Биз сўнгги кунларда чегара ҳудудида хавфсизликка бир неча бор тахдид бўлгани ҳақида маълумотлар олинганидан хавотирдамиз. Шунингдек, биз кеча Арсал яқинида Ливан армиясининг уч аскар ҳалок бўлган текширув пунктига ҳужум уюштирилганини қоралаймиз, дея баёнот берди Давлат департаменти котиби.

“С-300” русумидаги ракеталарнинг Дамашққа етказиб берилиши АҚШ ва Россия ҳомийлигида Сурия бўйича тинчлик анжумани ўтказиш уринишига путур етказиши мумкин.

Пайшанба куни Москвада сўзлаган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Сурия мухолифатини Ал-Ассаднинг истеъфога чиқишини талаб қилиш орқали Сурия бўйича халқаро анжуманини барбод қилишга уринаётганликда айблади.

Чоршанба куни Сурия Ташқи ишлар вазири Валид Ал-Муаллим президент Ал-Ассад 2014 йилда сайлов ўтказилгунича лавозимини тарк этмаслигини ва яна бир муддатга сайланиш учун ўз номзодини қўйиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмади.
XS
SM
MD
LG