Линклар

Тошкент вилоятида ваҳҳобийликда айбланган олти шахс устидан маҳкама бошланди


Тошкент вилоятининг Жиноят ишлари бўйича Қибрай туман судида ваҳҳобийлик диний оқимида алоқадорликда гумонланган олти нафар маҳаллий фуқаро устидан маҳкама бошланди.

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳига кўра, жавобгарликка тортилган шахслар 28 декабр куни уйида рухсатсиз тинтув ўтказилганидан кейин ҳибсга олинган.

Ташаббус гуруҳига кўра¸ тинтув пайтида улардан тақиқланган ҳеч нарса топилмаган. Қўлга олинганлардан паспортлари ва қўл телефонлари олиб қўйилиб улар 30 кунга Ички ишлар вазирлигининг Тузел посёлкасида жойлашган ҳибсхонасига жўнатилган.

Муддат тугаганидан кейин беш нафар гумондор шахс 1,6 миллион сўм гаровга пул тикиш, ҳибсда бўлгани ҳақида ҳеч кимга айтмаслик ва ҳеч кимдан ёрдам сўрамаслик ваъдаси эвазига озодликка чиқарилган. Аммо Равшан Раҳматуллаев исмли шахс ҳибсда қолган.

29 май кунги биринчи маҳкама гувоҳлар ва давлат айбловчиси судга келмагани ҳамда айблов ҳулосаси айбланувчиларга суд бошланишидан бир соат олдин берилгани сабабли тезда тугаган.

Навбатдаги суд 2013 йил 10 июн куни бўлиши эълон қилинган.
XS
SM
MD
LG