Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:11

Қумтор олтин кони атрофида жанжал авж олмоқда


Қирғизистоннинг Қумтор олтин қазиб олиш корхонасига олиб борувчи ягона йўл бу ерда ўтказилаётган норозилик тадбири туфайли ҳафта бошидан буён ёпиқлигича қолмоқда.


Тадбир иштирокчилари “кондаги экологик фожеага чек қўйилиши”, Қирғизистон ҳукумати ва Centerra Gold Inc ширкати ўртасида 2009 йилда тузилган битимнинг бекор қилиниши ҳамда кон фаолиятидан тушган фойданинг адолатли тақсимланишини талаб қилмоқдалар.

Акция иштирокчиларидан бири Жекшенбек Шамирқанов Озодликнинг қирғиз хизматига берган интервюсида норозиларнинг диққат марказида экологик муаммолар турганини айтди.

- Ижтимоий масалалар биринчи ўринда тургани йўқ. Одатда бунақа масалалар кўтарилганда, улар ўзларини итга суяк ташлагандек тутадилар. Одамлар ширкат экологик хавфсизликка оид барча масалаларни ҳал қилишини ва ўз фаолияти ортидан етказган зарар учун 5 миллиард доллар товон пули тўлашини талаб қилмоқда, - деди Шамирқанов.

“Қирғизолтин” корпорацияси президентининг ўринбосари Қиличбек Шакиров кеча митингчилар билан учрашганини ва уларни қонун доирасида ҳаракат қилишга чақирганини қайд этди. Унга кўра, конда қазиш ишларини олиб бораётган Канаданинг Centerra Gold Inc ширкати билан конструктив мулоқот олиб борилмоқда.

- Бизни 2010 йил якунлари қониқтиргани йўқ. Жуда кўп бонус тўланган. Ваҳоланки, молиявий жиҳатдан улар йилни манфий натижалар билан якунлаганлар, - деди Шакиров.

“Қирғизолтин” корпорацияси президентининг ўринбосарининг айтишича, Қирғизистон томони Centerra Gold Inc ширкатида аудит ўтказган компаниянинг алмаштирилишини ҳам талаб қилмоқда. Бундан ташқари, “Центерра”нинг директорлар кенгаши аъзоси Брюс Уолтернинг истеъфога кетиши (уни инсайдерлик маълумотларидан фойдаланганликда гумонлай бошлаганлар) каби кескин талаблар ҳам янграй бошлаган.

- Афсуски, бу масалалар бўйича тўлақонли музокара олиб бориш учун уч ой етарли эмас. Канадаликлар моҳиятан структуравий ўзгаришлар қилишга тайёрлар. Аммо бу музокаралар тафсилотларини ҳозирча сизга очиқлай олмайман, - деди Қиличбек Шакиров.

Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилояти ҳудудида жойлашган йирик “Қумтор” олтин кони Канада ширкати томонидан ўзлаштирилган. Қирғизистон дастлабки йилларда ширкатнинг 33 фоиз акциясига эгалик қилган эди. 2005 ва 2010 йилдаги инқилоблардан сўнг мазкур олтин конини Қирғизистон ҳисобига ўтказиш ёки акцияларнинг назорат пакетини олиш талаб қилина бошланди.

Расмий Бишкек деярли 8 йилдан бери Канада ширкати билан олтин конида Қирғизистон улушини кўпайтириш масаласида музокаралар ўтказиб келади.

Қирғизистон Геология ва маъданли заҳиралар давлат агентлиги раҳбари Ишимбай Чунуев “Қумтор” раҳбарияти шу кунларда кон йўлини тўсиб турган митингчилар билан музокара ўтказиши лозим, деб ҳисоблайди.

- Акция иштирокчилари 13 банддан иборат талабларини ўртага ташлашди. “Қумтор” раҳбарияти уларни кўриб чиқишга мажбур. Бироқ улар бу талабларни бажара оладиларми? У ерда митингчиларнинг бошқа талаблари ҳам бор. Нима бўлганда ҳам, музокара жараёнини бошлаш керак, - деди Ишимбай Чунуев.

Кон йўлида содир бўлаётган сўнгги воқеалар юзасидан изоҳ берган Қирғизистон бош вазири Жантўрў Сатибалдиев олтин қазиб олиш корхонаси ишини тўхтатиб қўйиш мумкин эмаслигини, бу мамлакат иқтисодиёти учун жиддий зарба бўлишини таъкидлади.

Кеча мингга яқин митингчи қирғиз ҳукумати вакиллари билан учрашишни талаб қилганлар. Аммо пировардида улар билан фақат куч ишлатар тузилмалар раҳбарлари учрашган, холос.

Иссиқкўл вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Мирзабек Исмаилов митинг иштирокчиларига уларнинг масаласи парламентнинг навбатдан ташқариги мажлисида кўриб чиқилишини айтган ҳамда намойишчиларни қонунга риоя қилишга чақирган.

Бунга жавобан митингчилар, агар расмийлар уларнинг талабларини бажармаса, бевосита Қумтор конига кўтарилиб, ўша ерда ўтов тикиб, талаблари бажарилишини кутажакларини айтиб, таҳдид қилганлар.

Айни пайтда Қирғизистондаги Тоғ-металлургия касаба иттифоқи марказий қўмитаси раиси Элдар Тажибаев конга олиб борадиган асосий йўл очилмаса, кон фаолиятини бир неча кунгина давом эттириши мумкинлигини айтган.

Бугун Тожибоев кондаги озиқ-овқат ва ёнилғи атиги олти кунга етиши мумкинлигини урғулаган.

Иссиқкўллик намойишчилар Барсқўўн қишлоғи орқали Қумторга олиб борувчи йўлнинг ярмини автомобиллар билан, қолган ярмини тошлар билан тўсиб ташлаганлар. Улар йўлдан фақат енгил автомашиналарнигина, шунда ҳам диққат билан текшириб ўтказмоқдалар.

Жорий йилнинг феврал ойидан Қирғизистонда ноқонуний равишда йўлни тўсиб олганлик учун 3 минг сўмдан 70 минг сўмгача (тақрибан 60 доллардан 1450 долларгача) жарима солинишини кўзда тутувчи қонун кучга кирганди. Бироқ ҳозирча бу қонун амалда қўлланилганига оид маълумотлар йўқ.
XS
SM
MD
LG