Линклар


“УзГазОйл”нинг Тошкентдаги шўъбаси ишчиларидан Озодликка келган навбатдаги шикоят мактубини ўрганиш асносида мазкур ширкатининг меҳнат ҳақидаги Ўзбекистон қонунларини бузиб, ишчилар ҳуқуқларини поймол қилаëтгани борасидаги қатор фактлар қўлга киритилди.


Ширкат раҳбарияти ва ишчилар ўртасидаги мураккаб вазият ҳақида “УзГазОйл” бошқарувига яқин шахс Озодлик радиоси билан суҳбатда исмини айтилмаслик шарти билан гапирди:

- Ўтган ҳафта 500-600 нафар оператор ходимлар билан шартномалар уларга қулай бўлмаган тарзда ўзгартирилди. Янги шартномага кўра оператор 240 соат ишлаши керак бир ойда . Ваҳоланки бу мумкин эмас¸ Меҳнат кодекси бўйича иш соати ойда 160 соатдан ошмаслиги керак. Шартнома ëнида ишчилардан 240 соат ишлашга розиман¸ маошим 160 соат учун расмийлаштирилишига эътирозим йўқ¸ деган тилхат ҳам ëздиришди¸ дейди “УзГазОйл” мулозими Озодлик билан суҳбатда.

“УзГазОйл”нинг вилоятлардаги шохобчаларидан бирида ишлайдиган 37 яшар Шуҳрат исмли операторнинг айтишича¸ кўп ишлатиб¸ кам ҳақ берилаëтган ишчилардан тилхат олиш амалиëти Тошкент шаҳридаги “УзГазОйл” заправкаларида ҳам кузатилган.

Суҳбатдошга кўра¸ “УзГазОйл” ишчилари Ўзбекистон Бош прокуратурасига ариза берганларидан кейин прокуратура ширкатда тафтиш ўтказган. Ана шундан кейин ишчилар билан шартнома янгланган ва тилхатлар ëздирилган.

Ишчилар ҳақи икки дафтарда икки хил ëзилмоқда

“УзГазОйл” бошқарувига яқин шахс Озодлик радиоси билан суҳбатда¸ ширкат бухгалтериясидаги товламачилик борасида иддаоли фикрларни айтди.

Суҳбатдошга кўра¸ 240 соат ишлатилиб¸ фақат 160 соатига ҳақ бераëтган ширкат ҳисобчилари тарафидан ҳар эҳтимолга қарши икки ҳужжат билан расмийлаштирилмоқда:

- Бўтта ҳозир иккита ведомост тутилвотти бизада. Корхонада иккита ведомост. Ходимлар 160 соат учун ҳам қўл қўяди. 240 соатга ҳам қўл қўймоқда. Мабодо кимдир мени кўп ишлатиб¸ кам ойлик берди¸ деб шикоят қилса¸ тафтишчиларга 160 соатлик ведомостни кўрсатишади. Мана ўзи қўл қўйган¸ деб кўрсатишади. Аммо ойлик ëзилганида 160 соатлик ведомостга асосланишади¸ деди “УзГазОйл” нинг ўзини таҳририятга таништирган¸ аммо овози эфирга узатмаслигини истаган мулозими.

Озодлик бу иддаолар юзасидан изоҳ сўраб “УзГазОйл” бошқарувига телефон қилди.

“УзГазОйл”нинг ўзини таништирмаган ҳуқуқшуносига кўра¸ бу иддаолар ўринсиз ва ширкатда ишчилар ҳуқуқи поймол қилинмаган.

“УзГазОйл”нинг попукқанд ва қамчи сиëсати

“УзГазОйл” бошқарувига яқин шахс Озодлик радиоси билан суҳбатда ишчилар ўтган йили ўз ҳуқуқлари поймол қилинаëтгани борасида Ўзбекистон Бош прокуратурасига ариза берганларидан кейин прокуратура ширкатда тафтиш ўтказганини маълум қилди.

Муфаттишлар кетиб¸ ҳамма ишлар бости-бости бўлганидан кейин¸ ширкатда норозилик ўчоқларини тугатиш ишлари бошланган.

"Корхона бош офисида айрим ходимларга катта-катта мукофотлар бериш амалиëти ҳам тафтишлардан кейин бошланди"¸ дейди “УзГазОйл” бошқарувига яқин шахс Озодлик радиоси билан суҳбатда:

- Бизага¸ яъни офис ходимларига премиялар кўпроқ чиқаяпти. Ҳар икки ойда бир мартадан ойликдан ташқари бир миллион премия олаяпмиз. Мақсад жим қилиш. Чунки офисдагилар билади ҳамма нарсани. Норози бўлмаслиги учун раҳбариятдан шунақа қилинаяпти¸ дейди мулозим.

Мулозимга кўра¸ катта мукофот олиб жим бўлмаганларга эса кескин интизомий чоралар қўлланмоқда. Суҳбатдош кейинги бир ой ичида “УзГазОйл” ишчиларидан икки нафари раҳбарга гап қайтаргани учун калтакланганини айтди.

Улардан бири Интернетдаги “Одноклассники” ижтимоий тармоғида “УзГазОйл” раҳбарини танқид қилгани учун ширкат тансоқчилари тарафидан офисга чақирилиб калтакланган.

Суҳбатдош офисдаги калтаклаш жараëнини ўз кўзи билан кўрганини айтади.

Ҳозирча Озодлик бу воқеани бошқа манбалар тарафидан тасдиқлата олмади.

“УзГазОйл” ширкати касаба уюшмаси вакиллари бу ҳолат борасида Озодлик мухбири билан гаплашишни истамади.

Озодлик суҳбатлашган “УзГазОйл” ходими¸ касаба уюшмаси раҳбарлари очиқчасига ширкат раҳбари Ботир Тўраевнинг ëнини олаëтганидан ташвиш изҳор қилди.

Икки ва ундан ортиқ манба тарафидан тасдиқлаган маълумотга кўра¸ “УзГазОйл”нинг 1500 ишчисидан халқаро радиоларга маълумот бермаймиз¸ деган тилхат ëздириб олинган.

“УзГазОйл” бензин заправкаларида ишлайдиган Бахтиëр исмли ходимга кўра¸ тилхатлар компютерда терилган бўлиб¸ фақат унинг тагига имзо қўйдириб олишган.

Арча-арча жон арча¸ япроқларинг нинача...

“УзГазОйл” шохобчалари атрофидаги боғчаларга қараш ишлари ҳам ширкат операторлари зиммасига юклатилган.

Айниқса¸ боғчага экилган ва ҳар бири 150 доллар экани писанда қилинган арча дарахти парваришининг ходимлар зиммасидаги оғир юк бўлгани айтилмоқда.

“УзГазОйл” бош офисидан келган оғзаки фармойишга кўра¸ бу арчалар қуриб қолса¸ ходимлар ойлигидан 150 доллар ушлаб қолинади¸ деб ëзғирди ширкатнинг вилоятлардан бирида ишловчи ходими.

Суҳбатдошга кўра¸ Сибир ўрмонларида ўсишга мойил арчанинг жазирама иссиқда қуримаслиги учун “УзГазОйл” ходимлари сабр ва бардош билан ҳаракат қилишмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG