Линклар

Beelineнинг Ўзбекистондаги "хайрия"лари шубҳаларни кучайтирди


2012 йил ëзида МТС ўз фаолиятини тўхтатиши ортидан¸ мобил алоқасиз қолган ўзбекистонликлар Beeline хизматига муҳтож қолган эди.

2012 йил ëзида МТС ўз фаолиятини тўхтатиши ортидан¸ мобил алоқасиз қолган ўзбекистонликлар Beeline хизматига муҳтож қолган эди.

МТС синдирилгач¸ Ўзбекистондаги асосий мобил алоқа операторига айланган Beeline ширкати бош директорининг маҳаллий матбуотга билдиришича¸ биргина 2012 йилда ширкат турли хайрия тадбирларига 3 миллион АҚШ долларига яқин маблағ сарфлаган. Бу баëнотнинг¸ Швецияда TeliaSonera ширкати “ хайрия тадбирларига ҳомийлик”¸ деган ниқоб остида Гулнора Каримовага миллионлаб доллар пора берганига оид тахминлар тергов қилинаëтган бир пайтда пайдо бўлиши жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотмоқда.

“Ўзбекистондаги яна бир хориж телеком ширкати президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага қарашли турли хайрия ташкилотлари ўтказаëтган тадбирларга миллионлаб доллар бериб келаëтганини тан олди”¸ деб ëзди 29 май куни EurasiaNet.org Интернет нашри.

Бу баëнотнинг Ўзбекистондаги айни шундай хайрия ташкилотларининг кимга қарашли экани ва бу тадбирларга ўтказилаëтган “хайрия” маблағларининг аслида қаерга¸ кимга кетаëтганини ўрганиш бўйича Швецияда бораëтган ҳам журналистик¸ ҳам расмий тергов билан айни пайтда пайдо бўлиши Beeline ширкатининг ҳам UCell жалб этилган коррупцион схемаларга аралашганига оид тахминларни кучайтирди.

22 май куни Швеция жамоатчилик телевидениеси тақдим этган “Вазифа: Текшириш” рукни остидаги “Москвадан келган чопар” ҳужжатли филмида акцияларининг каттагина қисми швед ва фин ҳукуматига қарашли TeliaSonera ширкатининг Гулнора Каримовага турли коррупцион схемалар орқали йилига миллионлаб доллар пора тўлаб келгани тахмини илгари сурилди.

Бундай иддаога асос бўлаëтган Гулнора Каримовага тегишли экани тахмин этилаëтган ҳужжат четидаги дастхатда TeliaSoneraнинг Ўзбекистондаги шўъбаси UCell ширкатидан турли “хайрия тадбирларига ҳомийлик”¸ деган баҳона билан миллионлаб доллар пора талаб қилингани кўрилади.

Филм муаллифлари суҳбатлашган TeliaSonera ширкати муваққат бош директори UCell ширкатининг Гулнора Каримовага қарашли Фонд Форум тадбирларига пул ўтказиб келганини тан олди.

"Beeline" билан ишлар ОКми?" деган ëзувнинг Гулнора Каримова томонидан ëзилгани тахмин қилинмоқда.

"Beeline" билан ишлар ОКми?" деган ëзувнинг Гулнора Каримова томонидан ëзилгани тахмин қилинмоқда.


Айни шу филмга асос бўлган ҳужжат устига қистирилган сариқ қоғозчадаги ëзувлардан бирида Гулнора Каримованики экани тахмин этилаëтган дастхат билан “Билайн билан ишлар ОКми?” деган савол ëзиб қўйилган.

28 май куни Beeline бош директори Андрей Сафронюк ширкатнинг Ўзбекистондаги ўз ижтимоий масъулиятини унутмагани ва биргина 2012 йилнинг ўзида турли хайрия тадбирларига 6 миллиард ўзбек сўми (қарийб 3 миллион АҚШ доллари) сарфлаганини билдирди.

Ўзбекистонда Beeline брэнди остида ишлаëтган ширкат дунëдаги энг йирик телекоммуникация хизмати кўрсатувчи VimpelCom корпорациясига қарашли. VimpelCom иқтисодий акцияларининг қарийб 33 фоизи¸ овоз бериш ҳаққининг эса 42.95 фоизи Норвегиянинг Telenor гуруҳига тегишли.

Акцияларининг аксар қисми швед ва фин ҳукуматларига қарашли TeliaSonera Ўзбекистон мобил алоқа бозорига кириш ва унда қолиш учун Гулнора Каримовага юзлаб миллион доллар пора берганликда айбланаëтган бир пайтда¸ коррупциядан холи деб қараладиган яна бир Скандинавия давлати ширкатининг айни коррупцияга тортилганига оид тахминлар Норвегияда ҳам журналистлар диққатини ўзига жалб қилмоқда.

Telenor/VimpelComнинг ўзбек бозорига кириши тарихини тафтиш қилган норвег ва швед журналистлари¸ бу жараëннинг ҳам TeliaSonera/UCell нинг Ўзбекистонда иш бошлашига йўл очган схема бўйича амалга оширилганини аниқладилар.

TeliaSonera Ўзбекистонга кириш учун 3G лицензиясини Гулнора Каримованинг яқин ëрдамчиси¸ Тошкентдаги Модалар уйининг директори Гаяна Авакиян номига Гибралтарда очилган Takilant ширкатидан сотиб олган. Бунинг учун¸ швед журналистлари иддаосича¸ 320 миллион АҚШ доллари миқдорида пора берган ва бу пул Каримовага қарашли оффшор компаниялар ҳисоб рақамларига келиб тушган.

Айни шундай¸ VimpelCom ҳам 2006 йилда ўзбек бозорига кириш учун Takilant билан савдолашган.

Ҳозирда Швеция ва Швейцарияда давом этаëтган тергов жараëнида Takilantнинг асл эгаси Гулнора Каримова эканига оид жиддий шубҳаларни тасдиқловчи ашëвий далиллар қидирилмоқда.

Бундай далиллар топилган тақдирда¸ Ўзбекистон телекоммуникация бозорига кириш учун хориж ширкатларининг асосан бир шахс – Гулнора Каримовага оффшор ширкатлари орқали пора бергани¸ бу бозорга киргач эса¸ турли "хайрия тадбирларига ҳомийлик" деган ниқоб остида¸ мунтазам ўлпон тўлаб келганига оид даъволар ўз исботини топиши мумкин.
XS
SM
MD
LG