Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:21

Тошкентда бола ўғрилари бадавлат отадан 20 минг доллар талаб қилди


Наманганда тадбиркорлардан ўлпон йиққан мансабдор қўлга олинди. Самарқандда ўз ўқувчиси ҳаётига зомин бўлган муаллимга ҳукм ўқилди. Тошкентдаги бузилган гаражлар ўрнида ахлатхоналар ҳосил бўлди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

“Депутат ҳужжатларни фуқарога кўрсатмаган мансабдор жавобгарликка тортилишини эслатди”

Давлат органлари ҳамда мансабдорлар фуқароларнинг манфаатларига дахлдор ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш учун уларга шароит яратишга мажбур (“Халқ сўзи”, 30 май). Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилбар Холиқованинг ёзишича, ушбу талабни бузган мансабдор энг кам ойлик иш ҳақининг икки бараваригача жаримага тортилади. Парламент тайёрлаган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси давлат идораларида ахборот олиш тизимини яхшилашга хизмат қилиши лозим. Депутат Холиқовага кўра, айни пайтда мазкур қонун лойиҳасидаги кўзда тутилган қоидалар Бухоро ва Самарқанд вилоятларида синовдан ўтказилмоқда.

“Хусусий фирма раҳбари одам ўғрилигини амалга оширди”

Тошкент шаҳри Чилонзор туманида “киднеппинг” (бола ўғирлаш ва уни озод этиш эвазига пул талаб қилиш) жинояти қайд этилди (“Новый век”, 30 май). Шаҳардаги компьютер таъмирлаш фирмаси раҳбари Эркин Ваҳобовнинг топшириғи билан фирма ходими Шерзод Ғаниев бадавлат танишини алдов йўли билан ўғирлаб квартирага қамаб қўйган. Ўғлини озод этиш эвазига жабрланувчининг отасидан 20 минг доллар талаб этилган. Йигитни бир кеча гаровда ушлаб турган жиноий гуруҳ гаров пулини кутмай, номаълум сабабга кўра, эртасига уни қўйиб юборган. Одам ўғрилигида айбланган Ваҳобов 6 йилга озодликдан маҳрум этилган, Ғаниев эса 3,5 йилга манзил колониясига ҳукм қилинган.

“Тадбиркорлардан ўлпон йиққан бош шифокор қамалди”

Наманган вилояти Чуст тумани давлат санитария ва эпидемиология маркази бош шифокори Бахтиёр Тўхтасинов тумандаги якка тартибдаги тадбиркорлардан текширув ўтказмаслик эвазига 200 минг сўмдан ўлпон йиққан (“Диёнат”, 30 май). Мансабдор шифокор ишга тайинлаш чоғида ҳам номзодлардан пора олиб келган. Бош прокуратура ҳузуридаги департамент расмийси Адҳамжон Соттиевга кўра, мансабдор ҳужжатларни сохталаштиш орқали жуда катта миқдордаги маблағ ва мол-мулкни талон-тарож қилишда ҳам айбланган. Суд ҳукмига кўра, бош шифокор Тўхтасинов 7 йилга озодликдан маҳрум этилган, 3 йил муддатга мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан мосуво қилинган.

“Муддати ўтган озиқ-овқат заҳарланишга сабаб бўлмоқда”

Республиканинг турли ҳудудларидаги озиқ-овқат дўконларида истеъмолга яроқсиз егуликлар сотилиши ҳолатлари қайд этилмоқда. Айрим ҳудудларда муддати ўтган озиқ-овқатдан заҳарланиш аниқланган (“Ўзбекистон овози”, 30 май). Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси бош мутахассиси Султон Пайзиев фуқароларга озиқ-овқат дўконларидан ҳар бир маҳсулотнинг мувофиқлик сертификатини талаб қилишни маслаҳат берган. Эслатилишича, озиқ-овқат маҳсулотларининг ёрлиқларида таркиби, сақлаш шартлари, тайёрланган санаси, яроқлилик муддати ва ишлаб чиқарувчи ҳақида маълумот бўлиши керак.

“Ўқувчисини ўғирлаб кетган муаллим 20 йилга кесилди”

Самарқанд шаҳридаги коллежлардан бирининг муаллими ўз ўқувчиси ҳаётига зомин бўлгани сабабли 20 йилга озодликдан маҳрум этилди (“Ҳуқуқ”, 30 май). Исми ошкор этилмаган ўқитувчи катта бойлик орттириш мақсадида ўзи таълим берган коллеждаги бадавлат оила вакили бўлган ўқувчини гаровга олади. Бу ишда унга 3 нафар ўқувчи ёрдамлашади. Муаллим ўғирланган йигитнинг отасидан 60 минг доллар талаб қилишни мақсад қилган. Аммо оғиз-бурни скотч билан боғлаб ташланган гаровдаги ўқувчи вафот этади. Марҳум муаллимнинг уйи оғилхонасига кўмиб юборилади. Очиқланган тафсилотларга кўра, виждон азобида қийналган муаллим ўзини ҳуқуқ идораларига топшириб, қилмишини бўйнига олган. Жиноятда қатнашган ўқувчиларга 12 ва 19 йилдан озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

“Пойтахтда бузилган гаражлар ўрнида ваъда қилинган боғлар қани?”

Тошкентдаги бир қатор маҳаллаларда бузиб ташланган гаражлар ўрнида ахлатхоналар ҳосил бўлган (“Даракчи”, 30 май). “Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори эълон қилинганиниг эртасигаёқ гаражларни бузишга ҳаракат бошланиб кетди. Ҳокимиятдн вакиллар келиб, бузишни бошлашди. Кўпчилигининг эгаси бўлмаса ҳам бузилди. Лекин ҳозир гаражлар ўрнида катта-катта темир ва бетон парчалари уюлиб ётибди. Улар дарвозамизнинг олдигача қалашиб келган” деган Яккасарой туманидан Ҳабиба Садриддинова. Яна айрим ҳудудларда гаражлар ўрнида ахлатхоналар ва 3-4 метр чуқурликда ўралар вужудга келган. Ҳокимликнинг ободонлаштириш бўйича расмийси Ҳусан Усмонов “2013 йил учун дастур тузилган, дастур асосида иш олиб борамиз” дея муносабат билдирган.

“Саҳро гўзали” камайиб бормоқда”

Асосан Устюрт кенгликларида яшайдиган ва камайиб бораётган сайғоқларни сақлаб қолиш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда (“Истеъмолчи”, 30 май). Ўтган асрда Ўзбекистон ҳудудида бир миллионга яқин сайғоқ бор эди. Ҳозирга келиб, уларнинг 4-5 фоизи тирик қолган, холос. 1992 йилдан сайғоқ ови тақиқланиб, “Саҳро гўзали” деб аталган жонивор “Қизил китоб”га киритилган. Экологик муаммога жамоатчилик эътиборини қаратиш учун ҳар йили май ойида “Сайғоқлар куни” ўтказилмоқда.

“Тошкентда чўкадиган автобуслар синовдан ўтказилмоқда”

Тошкентда Самарқанд автомобиль заводида ишлаб чиқарилган янги русумдаги “SamAuto LE 60” автобуси синовдан ўтказила бошлади (“XXI аср”, 30 май). Янги автобус тўхташ ва ҳаракатга киришиш вақти 90 миллиметрга чўка олиши йўловчиларга қўшимча қулайлик экани айтилмоқда. 56 йўловчига мўлжалланган автобуснинг тезлиги соатига 85 километрни ташкил этади. Ҳозирда “SamAuto LE 60” Сергели-12 мавзесидан Тошкент вокзалига қатнамоқда.

“Прогул” қилган ўқувчиларнинг оналари жазога тортилди”

Қашқадарё вилоятининг Ғузор ва Қарши туманидаги бир неча оила коллежда ўқиётган фарзандлари таълимига эътиборсизлиги учун жазога тортилди. Вилоят прокурори Худойқул Турдибоевнинг “Ҳуқуқ” газетасига ёзишича, Ғузор ахборот технологиялари коллежи ўқувчиси И.Холиёров, Ғузор агробизнес коллежи талабаси А.Аҳмадова, Қарши қишлоқ хўжалик коллежи ўқувчиси Р.Нуралиева ота-оналарининг масъулиятсизлиги сабабли узоқ вақт дарсларда қатнашмай келган. “Ота-оналик мажбуриятини суиистеъмол қилган” оналар – Р.Қулматова, С.Очилова ва У.Рустамова Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 47-моддасига кўра, жавобгарликка тортилгани хабар қилинган.
XS
SM
MD
LG