Линклар

logo-print

Москва кўчаларида меҳнат муҳожирлари "сазойи" қилинди


Рейд давомида қўлга олинган муҳожирлар ана шу кўринишда Москва кўчаларида "сазойи" қилинди.

Рейд давомида қўлга олинган муҳожирлар ана шу кўринишда Москва кўчаларида "сазойи" қилинди.

29 май куни Москвада ўтказилган махсус рейд давомида қўлга олинган юзлаб марказий осиëлик муҳожир¸ этап қилинаëтган хавфли маҳбус каби¸ бир-бирининг елкасига қўли қўйдирилган ҳолда шаҳар кўчалари бўйлаб намойишкорона олиб ўтилди.

Жорий йил 13 майидан буён Москвада ноқонуний меҳнат муҳожирларига қарши қаратилган “Нелегал-2013” махсус амалиёти давом этмоқда.

29 май куни Россия пойтахтининг шимол-ғарбидаги 3-Хорошевское кўчасидаги “Тепличное” совхози ҳудудида ўтказилган рейд давомида 952 нафар муҳожир ҳибс этилди.

Бу ҳақда журналистларга маълумот берган Москва шаҳар Жамоатчилик хавфсизлигини сақлаш бошқармаси расмий вакили Марат Бугулов¸ рейднинг бу жойда яшаётган минглаб меҳнат муҳожири устидан бир йил аввал маҳаллий фуқаролар берган шикоят асосида ўтказилганини билдирди:

- 117 нафар фуқарога нисбатан Россияда яшаш қоидаларини бузганлиги учун 18.8 модда 1-қисми юзасидан маъмурий иш очилди. Мазкур амалиёт натижасида шаҳарнинг Шимол-ғарбий прокуратураси томонидан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 322-моддаси асосида “ноқонуний миграцияни уюштирганлик” айби билан жиноий иш қўзғатилиши кутилмоқда, деди Москва полицияси расмийси Марат Бугулов.

Москва Шимол-ғарбий округи прокуратураси катта прокурори Татяна Максименко Озодлик сўровига бу рейд юзасидан прокуратура жиноий иш қўзғатиш ваколатига эга эмаслиги ва полиция расмийси адашиб бундай баёнот бериб юборган бўлиши мумкинлигини маълум қилди.

Москва полиция бошқармасидан олинган маълумотга кўра, “Тепличное” совхозидаги облавада асосан Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркия фуқаролари қўлга олинган.

Рейдда ОМОН, Федерал миграция хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Жазони ижро этиш федерал хизмати ходимлари иштирок этган - полиция ушланган мигрантларнинг Москвада содир этилган жиноят ва қонунбузарликларга алоқадорлиги текширилишини таъкидламоқда.

Полиция тарқатган хабарномада ëзилишича¸ хўжалик ҳудудида ноқонуний жойлашган “битовка” вагончаларида яшаб келган 2000 нафарга яқин меҳнат муҳожири автобус ва бошқа транспортда асосан турли қурилиш объектларига ташиб келинган.


“Бу Россия ҳукуматининг шармандалиги!”

Москвадаги мазкур мигрант “овлаш” амалиёти акс этган видеотасвир Facebook ижтимоий тармоғига қўйилиши билан¸ жиддий мунозарага сабаб бўлди.

Подмосковъенинг Реутово шаҳри фуқароси Vadik Melnikov томонидан авторегистраторга олинган тасвирда 150 га яқин меҳнат муҳожирининг полиция ва ОМОН қуршовида бири-бирининг елкасига қўлини қўйиб, шаҳар марказий кўчаларидан олиб кетилаётгани тасвирланган.



Vadik Melnikov видео тагига “Коплар мигрантларга қарши 1:0”, деган изоҳ қолдирган.

Бу видеолавҳага муносабат билдирган “Фарғона” ахборот агентлиги раҳбари Даниил Кислов, уни нацистларнинг яҳудийларни геттоларга кўчириш манзарасига қиëслайди:

- Тўда қилиб олиб кетилаётган мигрантлар ўзимизнинг ўзбек, тожиқ, қирғизлар эканини ҳаммамиз яхши билиб турибмиз ва уларнинг бу манзарани кўрган бошқа юртдошлари учун бу шок! Мен бу видеонинг ҳозирги Россия ҳукумати учун шармандалик эканига ишонаман. Русларнинг ҳаммаси ҳам ҳокимиятнинг осиёлик мигрантларга бу каби таҳқиромуз муносабатини қўлламаслигини мен яхши биламан. Ҳокимият эгалари муҳожир бўлиб келган бошқа миллат вакилларига бундай муомала қилиш билан жамиятдаги ксенофобия кайфиятини сунъий равишда кучайтирмоқда, дейди Даниил Кислов.

Журналист фикрича, дунёнинг бошқа жойларида меҳнат муҳожирларининг бир жойдан иккинчи жойга этап қилинаëтган ўта хавфли маҳбуслар каби бу тарзда намойишкорона шаҳар кўчаларида олиб юрилишига гувоҳ бўлиш қийин.

“Россияда бундан аввал уруш йиллари асирга олинган немис фашистлари кўчаларда шундай олиб юрилган”, деб қўшиб қўяди Кислов.

- Улар муҳожирларни автозак ёки автобусларда бошқаларга билинтирмасдан олиб ўтишлари мумкин эди, аммо улар бошқа йўл танлашди. Улар намойишкорона таҳқирлаш йўли билан “танаси бошқа рангдаги” одамларни марказий кўча бўйлаб маҳаллийлар олдидан, ёш болалар олдидан ўтказди. Бу нафақат шармандалик, бу бошқа миллат вакилларига нисбатан қилинган жиноят ҳамдир! Улар юз маротаба нелегал ёки айбдор бўлса ҳам бундай муносабат инсонга, ҳукумат вакилларига қанчалик муносиб? Аслини олганда, ҳозир Россия ҳукумати ўз фуқароларига шунга ўхшаш муносабат билдираётганида улардан яна нима кутиш мумкин?! Кеча менга Америкадан бир ўзбек йигит телефон қилиб, бу видеодан ҳақиқатан шок ҳолатига келгани ва бу ҳақда дунё билиши кераклиги айтди, деди “Фарғона” ахборот агентлиги раҳбари Даниил Кислов.

Айни пайтда, куни-кеча Москва шаҳар мэри Сергей Собянин шаҳарга ишлагани келаётган муҳожирлар ишни тугатиб, ўз юртларига қайтиб кетишлари кераклигини эслатиб қўйди.

Москвани мигрантлардан “тозалаётган” полиция раҳбарияти охирги 4 ой давомида “шаҳар меҳмонлари” 10 мингга яқин жиноят содир этгани, унинг қарийб ярмини МДҲ фуқаролари амалга оширганини жамоатчиликка эълон қилди.

Москва шаҳар полицияси раҳбари муовини Вячеслав Козлов охирги бир неча ой давомида мигрантлар қўл урган 57 қотиллик, 43 зўрлаш, 304 талон-тарож, 2800 ўғирлик, 810 наркотиклар савдоси билан боғлиқ оғир жиноятлар фош этилганини маълум қилди.

“Нелегал-2013” полиция амалиёти давомида 13 майдан буён ўтган муддат ичида Москвада жами 21 минг хориж фуқароси турли ҳуқуқбузарлик учун ушлангани айтилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG