Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:32

Ўзбекистонда “Болажон” телеканали иш бошлаяпти


1 июндан бошлаб Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси- МТРК тизимида болаларга мўлжалланган “Болажон” номли янги телеканал ўз фаолиятини бошлайди.

МТРК масъулларидан бирининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, янги телеканал ҳозирча “Ёшлар” телерадиоканали таркибида ишлайди:

- “Болажон” телеканали кўрсатувлари эртага эрталаб соат 8 дан бошлаб эфирга берила бошланади. Бу кичкинтойларимиз учун “Болалар куни”га ажойиб совға бўлади. Ҳозирча “Болажон” канали “Ёшлар” телеканали қошида бўлади. Бу вақтинча. Кейинчалик “Болажон” алоҳида телеканал бўлиб ажралиб чиқади. “Болажон” рақамли телеканал ҳисобланади, деди МТРК масъули.

“Болажон” телеканалида кунига 12 соат давомида кўрсатувлар намойиш этилиши режалаштирилган:

- Кўрсатувларнинг 6 соати оргинал бўлади, 6 соати эса такрор бўлади. Телеканал кўрсатувлари асосан, 3 ёшдан 10 ёшгача бўлган болаларга мўлжалланган. Болалар учун бадиий филм ва мултфилмлар намойиш қилинади. Болаларнинг ақлий ва жисмоний қобилиятини шакллантириш учун жиддий кўрсатувлар ҳам берилади. Интеллектуал ўйинлар ва викториналар бўлади. Болаларнинг инглиз тилини ўрганишларига кўмаклашадиган кўрсатувлар берилади. Болаларга мўлжалланган хорижий филмлар ўзбекча субтитрлар билан намойиш қилинади”, деди МТРК масъули.

Суҳбатдош янги телеканал фаолияти учун xаражатлар манбаини очиқламади.

МТРК муҳаррирларидан бири исмини очиқламаслик ва овозини эфирга бермаслик шарти билан маълум қилишича, янги телеканални ташкил қилиш учун “Ёшлар” телеканали имкониятларидан фойдаланилган.

“Янги телеканал учун ортиқча пул сарфланмади. Ҳеч қандай ҳомий ҳам бўлмади. Бир амаллаб очишди. Бутун техника “Ёшлар”ники. “Ёшлар”нинг видеокамералари ва монтажларидан фойдаланишаяпти. Янгидан ходим ҳам олинмади. “Ёшлар” телеканали “Янги авлод” бўлимининг ходимлари “Болажон”га ўтказилди. "Маданият ва маърифат" ва "Дунё бўйлаб" телеканалларини очишганда ҳам бошқа каналларнинг техникаларини олишган эди. Бу каналлар ҳомийлар ҳисобига энди ўзини ўнглаб олаяпти”, деди МТРК муҳаррири.

“Болажон” телеканали президент Ислом Каримовнинг ўтган йил 30 июлдаги “Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг рақамли телеканаллари сонини кўпайтириш улардан тўла форматда фойдаланиш, мундарижаси ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш тўғрисида”ги қарорига биноан таъсис этилган.

Ушбу қарордан келиб чиқиб, жорий йилнинг ўзида яна иккита янги телеканал - “Оилавий” ва “Кино” каналлари ташкил этилиши режалаштирилган.

Ўтган йилнинг 31 декабр куни МТРК тизимида иккита янги рақамли телеканал - "Маданият ва маърифат" ва "Дунё бўйлаб" фаолиятини бошлаган эди.

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигига кўра, мамлакатда 1305 та оммавий ахборот воситаси фаолият кўрсатмоқда.

Улардан 712 таси газета, 264 таси журнал, 16 таси ахборотнома-бюллетен, 4 таси ахборот агентлиги, 63 таси телевидение ва 34 таси радиодир.

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистондаги сиёсий режим матбуот устидан назорат ўрнатганини таъкидлаб келади. Ўзбекистон ҳукумати эса мамлакатда матбуот устидан цензура ўрнатилганига оид айбловларни рад этган.
XS
SM
MD
LG