Линклар

Ўш шаҳрида милиция одам ўлимига сабаб бўлган жанжал бўйича жиноий иш қўзғатиб, томонларни сўроқ қилмоқда. Бу борада Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси маълум қилади.

Айтилишича, шу йилнинг 30 май куни Ўш шаҳрининг Саидқосим Аҳмедов кўчасидаги хусусий машина устахонасида ўзбек миллатига мансуб уста ва қирғиз миллатига мансуб мижоз кўрсатилган хизмат ҳақи бўйича келиша олмай, ўзаро жанжаллашиб, муштлашиб кетишган.

Можаро пайтида уста Сардор Ориповнинг отаси Ҳотамжон ака ҳушини йўқотиб, Ўш шаҳар касалхонаси реанимация бўлимига олиб кетилган, бироқ ўзига келмай, оламдан ўтган.

Милиция ходимлари воқеа юзасидан Ўш шаҳрида яшовчи уч фуқарони қўлга олган. Уларга нисбатан Қирғизистон Жиноят кодексининг 104-моддаси (Кишига қасддан оғир тан жароҳати етказиш) бўйича жиноят иши очилган.

Ҳозирда оламдан ўтган 47 ёшли Ҳотамжон Ориповнинг ўлими сабаблари текширилмоқда.

Ўш милицияси мазкур воқеа маиший характерга эга эканини, унга миллий тус бериш учун асос йўқлигини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG