Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:43

Ғаллаорол милицияси 75 ёшли оқсоқолни ушлаб кетди


Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида истиқомат қилувчи 75 ёшли пенсионер Набижон Жўрабоев 31 май куни эрталаб туман ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан олиб кетилганича уйига қайтиб келмаган.


Бу ҳақда Озодликка Набижон аканинг турмуш ўртоғи Феруза опа маълум қилди.

- 31 [май] куни эрталаб соат 8 да битта Нексияда бир формали ва икки формали киши келди. Улар Наби акага: “Юринг, сиздан началник милиция бир нималарни сўрамоқчи, шунга чақираяпти”, деди. [Набижон ака:] “Бормайман, мазам йўқ, давлением ошиб ётибди”, деди. “Юринг” деб, қўймади. Соатига қараб: “Ҳозир соат 8 бўлди, ярим соатда уйда бўласиз, ўзим олиб келиб қўяман”, деди. Кейин Набижон ака кетди. Куни билан кутдим – ҳеч қандай хабар йўқ... Хавотир олганимдан оқшом соат ўн яримда дежурнийга телефон қилдим. Мен: “Жўрабоевни чақиртириб, олиб кетишувди, ўша ердами?” деб сўрасам, “ҳа, шу ерда”, деди. “Қўйиб юборасизларми?” десам, “йўқ, қўймаймиз”, деди. Мен: “Борайми, аҳволлари қандай?” десам, “келиб ҳам ўтирманг, кўрмайсиз ҳам, чиқармаймиз”, деди. Хавотир олиб, телефонни қўйиб қўйдим, - дер экан Феруза опа эрталаб соат 7 ларда туман ички ишлар бўлимига борганини, аммо милиционерлар уни ичкарига қўйишмагани, аммо Набижон аканинг дорисини олиб қолишганини қўшимча қилди.

Ғаллаорол туман ички ишлар бўлимининг ўзини Абдуваҳобов деб таништирган навбатчиси Набижон Жўрабоев бўлимга олиб келинганини тасдиқлади.

- Сизга тўғрисини айтсам, вилоят раҳбарлари шу ерда. Раҳбарият кўриб чиқаяпти уни. Балки ҳозир гаплашиб қўйиб юборар, ҳозир раҳбар келди...

Озодлик: Раҳбар дер экансиз, Жиззах вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғини назарда тутаяпсизми?

- Ҳа, [бошлиқнинг] муовини, биринчи муовини, - дер экан навбатчи Абдуваҳобов Набижон Жўрабоевнинг бўлимда ушлаб турилиш сабабларидан бехабар эканини қўшимча қилди.

Набижон аканинг турмуш ўртоғи Феруза опа 22 май куни уйларида милиция ходимлари тинтув ўтказганларини айтади.

- 22 [май] куни ўнтача формасиз, битта формали мелисалар кириб келган уйга. Ҳеч ўзларини таништирмаган, кимлигини айтмаган. “Уйларингизни кўрамиз” деб, бутун ҳаммаёқни титиб чиққан. Нарсаларни ағдариб, ҳамма жойни кўрган, ҳеч нарса қолмаган. Улар нима излаган – ҳайронман. [Набижон ака:] “Бизда ҳеч бир яширинча нарса йўқ, изла, кўр, нимани топсанг, ол”, деган. “Ҳеч бир қўрқадиган жойим йўқ, яширинча иш ҳам қилмаганман”, деган. Ҳаммасини кўриб, ҳеч нарса тополмаган, фақат шу папкалари бор эди шикоят қоғозлари солинган – шуларни олиб кетган, паспортини, диктофонини олиб кетган... [Милиционер] ёзаётган пайтда (Наби ака йўқ эди, ичкарида эди, мен ташқарида эдим): “Нима қилади ўзига душман орттириб, нима бор ёзув-чизув қилиб, “қўй” деб айтинг”, деди. Мен: “Ўзларига айтинглар, у киши ҳеч қанақа ножўя иш қилгани йўқ, фақат ҳақиқатпарвар, ҳақиқатни ёзган бўлса ёзгандир шикоят қилиб”, дедим. “Ҳеч бировга туҳмат қилиб ёзгани йўқ”, дедим, - дейди Феруза опа бу билан аввалроқ турмуш ўртоғи Ғаллаоролда газ йўқлиги туфайли Тошкентга шикоят хати ёзганини назарда тутаётганини айтаркан.

Унинг тахминича, Набижон акани айнан шу шикоятномалар туфайли милицияга олиб кетилган бўлиши мумкин.

Пойтахтга шикоят ёзадиган кишилар маҳаллий расмийлар томонидан ана шундай “профилактик суҳбат”ларга чақириб турилишини Озодлик билан суҳбатлашган ўзбекистонликлар аввал ҳам айтган эдилар.
XS
SM
MD
LG