Линклар

logo-print
Россиянинг Красноярск ўлкасида суд 13 яшар ўгай қизини зўрлаган ўзбекистонликни 12 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Маҳкама чоғида айбланувчи жиноят содир этганига иқрор бўлгани айтилмоқда.

Красноярск ўлка прокуратураси маълумотига таяниб Регнум ахборот агентлигининг хабар қилишича, вояга етмаган ўгай қизини зўрлаган эркак жазо муддатини қаттиқ тартибли меҳнат колониясида ўтайди.

Агентлик хабарига кўра, исми ошкор қилинмаган ўзбекистонлик эркак қарийб етти йил давомида красноярсклик аёл билан қонуний рўйхатдан ўтиб, бирга яшаб келган.

Эр-хотин қарамоғида уч нафар ёш бола бўлган. Уларнинг каттаси 13 яшар қизча бўлган.

2011 йил кузида хотин ҳомиладорлиги бўйича шифокорга кўриниш учун кетганда ўгай ота вояга етмаган қизчани зўрлаган. Оқибатда қизча ҳомиладор бўлиб, бола туққан.

Генетик экспертиза чақалоқнинг отаси қизчанинг ўгай отаси эканини тасдиқлаган.

Жабрланган қизчанинг онаси оила боқувчисидан айрилиб қолишидан қўрқиб, эрини ҳимоя қилган.

Рад этиб бўлмайдиган далиллар туфайли ўгай ота оғир жиноят содир этганига иқрор бўлган.

Мазкур жиноий иш Красноярск прокуратурасининг давлат айбловчиси иштирокида кўриб чиқилган.

Россияда Ўзбекистон фуқароларининг вояга етмаган ва балоғат ёшидаги қизларга жинсий тажовуз қилиши ва зўрлаши биринчи марта кузатилаётгани йўқ.

Жорий йилнинг 22 май куни Вологодск вилоят суди уч нафар ўзбекистонликни 2012 йил март ойида аёл таксичини зўрлаганлик ва ўлдирганликда айбдор деб топиб, уларни 8 йилдан 22 йил 2 ойгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилганди.

2013 йил 13 март куни эса Санкт-Петербургнинг Красносельский туман суди самарқандлик икки йигитни 2011 йил октябрида Петербургнинг Жанубий Приморск паркида 30 ёшли ногирон аёлни маст ҳолатда зўрлаганлик ва буюмларини талон-тарож қилганликда айбдор деб топиб, 13 йилданга қамоқ жазосига маҳкум этган. Суд ҳукмида ўзбекистонликлар жазони қаттиқ режимли колонияда ўташи белгиланган.

Шунингдек, 2011 йил декабр ойида Россиянинг Челябинск вилоятида 28 ёшли Ўзбекистон фуқароси Обид Жумаев ўзи бирга яшаб келган аёлнинг 73 ёшли онасини ўлдириб, 12 яшар қизини зўрлаган. Жиноий жавобгарликдан қутулиш учун Жумаев қочиб кетган.

Россия ахборот агентликларида чет элликлар томонидан содир этилаётган шу каби ўта оғир жиноятлар ҳақида тез-тез хабарлар тарқатилади. Бунинг ортидан Россия жамиятида аксар жиноятлар меҳнат муҳожирлари томонидан содир этилаяпти, деган таассурот пайдо бўлмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG