Линклар

Шу йилнинг 31 май куни Ғаллаорол туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан “ярим соатлик суҳбат”га олиб кетилган 75 ёшли Набижон Жўрабоев, орадан икки ярим кун ўтганига қарамай, ҳали ҳам уйига қайтгани йўқ.

Набижон аканинг турмуш ўртоғи Феруза опанинг а йтишича, 2 июн куни у эрини кўриш мақсадида Ғаллаорол туман ички ишлар бўлимига борган.

- Боя бориб келдим. Ҳеч қандай ўзгариш йўқ, киргизмади ҳам, овқатимни ҳам олмади, кўрсатмади ҳам. [Уйга] қайтиб келсам, икки милиция, икки анави (формасиз киши демоқчи – таҳр.) яна уйга кириб келди. Кўчага камера қўйдиргандик. Шуларни ечиб кетди ҳозир. “Наби аканинг аҳволи қандай, яхшими?” деб сўрасам, “ҳужжатлар бўйича текшираяпмиз”, деди.

Озодлик: Қандай ҳужжатлар эканини аниқ айтишмадими?

- Шу бояги папкаларни текшираётган экан. “Шуларни текширяпмиз”, деди. Билмадим энди, қачон қўйворишини айтмади лекин, - дейди Феруза опа уларга тегишли камерани милиционерлар акт тузиб олиб кетганларини қўшимча қиларкан.

Шу ўринда Феруза опанинг “бояги папкалар”ига изоҳ бериб ўтмоқчимиз. Феруза опа билан кечаги суҳбатимиз давомида у киши 22 май куни маҳаллий милиция ходимлари Жўрабоевлар хонадонига тинтув ўтказиш учун келганини, тинтувдан сўнг Набижон аканинг паспорти ва диктофонини ҳамда у киши ёзган шикоятномалар солинмиш папкаларни олиб кетганларини маълум қилганди. Шунингдек, Феруза опа ижтимоий муаммолар акс этмиш “ўша шикоятномалар кимгадир ёқмаган бўлиши мумкин”, деган тахминни ҳам айтганди.

Эслатиб ўтамиз, 75 ёшли пенсионер Набижон Жўрабоев 31 май куни эрталаб соат 8 да уч милиционер ҳамроҳлигида Ғаллаорол туман ички ишлар бўлимига олиб кетилганди. Феруза опанинг айтишича, уйдан чиқиб кетаётган пайтда милиционерлардан бири Набижон ака билан милиция бошлиғи гаплашмоқчи эканини айтган ва ярим соатли суҳбатдан сўнг у кишини ўзи уйга ташлаб кетишга ваъда қилган. Бироқ, орадан икки ярим кун ўтса ҳамки, Набижон ака уйига қайтмаган.

“Набижон ака шу пайтгача милиция бўлимида ушлаб турилган бўлса, у киши учун адвокат ёлладингизми?” деб сўрадик Феруза опадан.

Бу саволимизга “ҳа” деб жавоб берган Феруза опа улар ёллаган адвокат айни пайтда Тошкентда эканини ва яқин орада етиб келиши кераклигини айтди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан қарийб тенгдош бўлган Набижон ака Озодликнинг мамлакат ичидаги юзлаб фаол суҳбатдошларидан бири эди. У киши билан жиззахликлар дуч келаётган муаммолар ҳақида бот-бот сўзлашиб турар эдик.

Ўтган йил баҳорида селдан жабр кўрган ғаллаоролликларга ҳукумат томонидан ваъда қилинган ёрдам деярли берилмагани ҳақидаги, Жиззахда сирли эпидемияга чалинган минглаб қўй ўлгани ҳақидаги ва бошқа мавзулардаги суҳбатлар шулар жумласидандир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG