Линклар

Чехияда сув тошқини боис фавқулодда ҳолат эълон қилинди


Чехиянинг Бенесов шаҳрида сув босган аҳоли пункти.

Чехиянинг Бенесов шаҳрида сув босган аҳоли пункти.

Чехия ҳукумати навбатдан ташқари йиғилишида кучайиб бораётган сув тошқини боис фавқулодда ёрдам учун 15 миллион доллар пул ажратилганини билдирди. Бундан ташқари, 2 мингдан ортиқ ҳарбий фавқулодда ёрдамга сафарбар қилинди. Сўнгги маълумотларга кўра, тошқинда камида 7 киши нобуд бўлган.

Чехия Гидрометеорология марказидан олинган маълумотларга кўра, сўнгги ҳафта ичида ёққан тўхтовсиз ёмғир, тоғли ҳудудлардаги қор боис мамлакатнинг аксар қисмида юзага келган сув тошқини кучайишда давом этмоқда.

Шанба оқшом бошланган кучли ёмғир боис, якшанба куни тонгдан Чехиядан оқиб ўтувчи дарёларнинг сатҳи кўтарила бошлади.

Якшанба куни тушга келиб эса мамлакатнинг жанубий қисмидаги аксар аҳоли пунктлари, жумладан, Усти-над-Лабем, Дечин, Чески Крумлов ва Прага шаҳарларининг дарё соҳилларига яқин ҳудудларини сув боса бошлади.

Idnes.cz нашри берган маълумотларга кўра, тошқин натижасида якшанба тонгда икки киши қурбон бўлган. Икковлонни сув тошқини боис қулаб тушган уй вайроналари босиб қолган.

Душанба куни тонгги маълумотларга кўра эса яна икки киши оқиб кетган.

Душанба куни тушдан кейин эса дарёлардан биридан 69 ёшли қариянинг жасади топилди.

Айни пайтда қутқарув хизматининг уч ходими ҳам қидирилмоқда. Плзен шаҳрида қутқарув ишлари пайтида уч қутқарувчи бораётган қайиқни сув олиб кетди.

Бундан ташқари, Метуе дарёсида қайиқ сузиб юрган сайёҳлардан бирининг ҳам бедарак кетгани айтилмоқда.





Ёмғир эса ҳануз ёғмоқда ва айрим ҳудудларда сув сатҳининг 2002 йилдаги тошқинда қайд этилган кўрсаткичларга яқинлаётгани хабар қилинмоқда.

Жумладан, сув тошқинидан энг кўп зарар кўраётган Усти-над-Лабем шаҳри мэрининг берган сўнгги баёнотида шаҳар ўртасидан оқиб ўтадиган Элба дарёси суви яқин кунлар ичида 10 метргача кўтарилиши мумкинлигини айтди.

У ҳолда шаҳарнинг асосий қисми сув остида қолиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун ҳозирда дарё қирғоқлари бўйлаб махсус тўсиқлар ўрнатила бошлади.

Бунга қарамасдан, шаҳар аҳолиси эҳтимолий эвакуацияга ҳам ҳозирланмоқда.

Бундан ташқари, Дечин ва Прага шаҳарларнинг аксар қисмида сув дарё сатҳидан ошиб, қирғоқлар ва йўлларни босиб бормоқда.

Чехия пойтахти Праганинг айрим қисмларида аҳоли кўчирилмоқда. Жамоат транспорти қатнови эса чекланган.

Айни дамда Прага метросининг 8 бекати ёпилган. Дарёлар билан кесишган 19 кўчада қатнов тўхтатилган.

Энг оғири, Прага ҳайвонот боғидаги ҳайвонлар ҳам эвакуация қилинмоқда.

2002 йилдаги сув тошқинида эса энг катта зарар ҳайвонот боғига етган ва кўплаб ҳайвонларни қутқаришга улгурилмаган эди. Оқибатда, Прага ҳайвонот боғининг тимсоли бўлган фил нобуд бўлган эди.

2 июн оқшомида ўтказилган навбатдан ташқари йиғилишда Чехия ҳукумати мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилди. Мактаблар эса ёпилди.

Бош вазир Петр Нечас етакчилидаги ҳукумат 2002 йилдаги тошқинда берилган қурбонлар ва талофотларни такрорламаслик учун аҳолини кўчириш ва қутқарув ишларига дарҳол 15 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратди.

Шунингдек, қутқарув ишларига ҳарбийларни сафарбар қилишга қарор қилинди. Ҳозир 2 мингдан ортиқ ҳарбий мамлакат бўйлаб қутқарув ишларида қатнашмоқда. Улардан 300 нафари Прага шаҳрида ишламоқда.

Прага марказидан оқиб ўтувчи Влтава дарёсида сув сатҳи шиддат билан кўтарилиб бормоқда.

Чехия Атроф-муҳитни қўриқлаш вазирлиги берган сўнгги маълумотларга кўра, 3 июн тонгги соат 8 да Влтава дарёсидаги сув тезлиги секундига 2 минг куб метрга етган.

Сешанба оқшомига бориб эса бу тезликнинг секундига 3 минг куб метрга етиши кутилмоқда.

Влтава дарёсининг аҳоли пунктига яқин ҳудудларига ўрнатилган тўсиқлар эса 3 минг 250 куб метр ҳажмидаги сувни тутиб тура олиши мумкин, холос.

Айни пайтда Чехиянинг аксар минтақаларида поездлар қатнови ҳам вақтинча тўхтатилди.

Кучли сув тошқини нафақат Чехия балки бутун Марказий Европа ҳудуди бўйлаб кузатилмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, Германия, Австрия, Швейцария, Полша ва Чехияда тошқин боис нобуд бўлганлар сони камида 6 кишига етган. Минглаб одам эса эвакуация қилинган.

Австрия ва Германиянинг сув тошқинидан кўп зарар кўрган минтақаларида фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG