Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:31

Сардор Орипов: "Отам миллатчилик қурбони бўлди"


Ўшлик Сардор Орипов дадасининг жасади олдида, Ўш, 30 май 2013 йил.
Ўшлик Сардор Орипов дадасининг жасади олдида, Ўш, 30 май 2013 йил.

Ўтган пайшанба куни оламдан кўз юмган ўшлик 47 ёшли Ҳотамжон Ориповнинг ўғли Сардор отасининг ўлимига миллатчилар хуружи сабаб бўлганини айтмоқда.


Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармасининг билдиришича, шу йилнинг 30 май куни Ўш шаҳрининг Саидқосим Аҳмедов кўчасидаги хусусий машина устахонасида уста ва мижоз кўрсатилган хизмат нархи бўйича келиша олмай жанжаллашган.

Можаро пайтида уста Сардор Ориповнинг отаси Ҳотамжон ака ҳушидан кетиб, шаҳар касалхонаси реанимация бўлимига олиб кетилган, бироқ ўзига келмай, оламдан ўтган.

Сардор Орипов эса отаси Ҳотамжон ака касалхонада эмас, воқеа жойида вафот этганини ва у миллатчилик қурбони бўлганини айтади.

Сардорга кўра, қирғиз миллатига мансуб бир йигит ўз автомашинасини таъмирлатгандан сўнг, унга “Сув ичиб қўясан” деб, 20 сўм (тақрибан 40 цент) пул берган. Шундан сўнг томонлар жанжаллашиб кетган. Мижоз машинага ўтириб, “ҳозир келаман” деб кетган ва орадан бироз вақт ўтиб, икки дўсти билан қайтиб келган:

- У кетганидан кейин мен уйда тушлик қилаётган эдим. Уч киши бўлиб келишибди. Уйимга келиб, чақиришди. Кўчага чиққанимда уччаласи уч томонимдан ўраб олиб, калтаклашди, ҳамма жойимни қонга белашди. Ураётганида дадам чиқди ажратгани. Кейин дадамга ташланишиб, икки нафари дадамнинг юрагига уриб, ўлдириб қўйишди. Дадам шу ерда жон берди, - дейди Сардор.

Ўш милициясининг маълум қилишича, ҳозирда Ҳотамжон Ориповнинг ўлими юзасидан Қирғизистон Жиноят кодексининг 104-моддаси (Кишига қасддан оғир жароҳат етказиш) бўйича жиноий иш қўзғатилиб, томонлар сўроқ қилинмоқда.

Айтилишича, мазкур воқеа юзасидан Ўш шаҳрида яшовчи уч фуқарони қўлга олган. Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Замир Сидиқовга кўра, воқеа юзасидан суд-тиббий экспертиза ўтказилган бўлиб, унинг натижаси яқин 10 кун ичида чиқиши керак.

Айни пайтда Ўш милицияси бу воқеа маиший характерга эга эканини, унга миллий тус бериш учун асос йўқлигини айтмоқда.

Бироқ ўшлик ҳуқуқ фаоли Равшан Гапиров бу фикрга қўшилмайди ва воқеанинг “миллатчилик руҳида бўлган”ини таъкидлайди.

Унга кўра, мазкур воқеанинг эртаси куни ҳам Сардор Ориповлар уйи яқинидаги Амир Темур кўчасида жойлашган машина устахонасига BMW русумидаги машинада ўзини “Патриот” деб таништирган қирғиз йигитлари келиб, “безорилардан ҳимоя қилиш” баҳонасида машина устаси Раҳматилло ва шеригидан 1000 сўм (20 доллардан сал кўпроқ) пул талаб қилган.

Раҳматилло онаси бетоблигини ва топган даромадини онасини даволатиш учун сарфлаётганини айтиб, йигитларга пул беролмаслигини айтган. Шундан сўнг пул талаб қилган йигитлар уни калтаклай бошлаган. Бу ердаги шовқин-сурон туфайли устахона атрофига одам йиғила бошлаганидан кейин йигитлар машинаси ўтириб, воқеа жойидан қочишган. Раҳматиллони эса участка милиционери ва маҳалла қўмитаси раиси олиб кетиб, “даъвом йўқ” қабилида тилхат ёздириб олишган.

Ҳуқуқ фаолининг айтишича, асосан маиший жанжал сифатида қаралувчи бундай воқеалар тез-тез кузатилади.

- Ўзбекларга нисбатан бўлаётган босимлар, ҳукумат, милиция ва бошқа органлар томонидан бўлаётган босимлар ҳалигача тўхтамади. Қўрқитиб, уриб, пул ундиришлар бир кун ҳам тўхтамади. Мен бир воқеани эшитмаган куним бўлмади, - дейди ҳуқуқ фаоли Равшан Гапиров.
XS
SM
MD
LG