Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:43

Бишкек-Ўш йўли митингчилар томонидан тўсилди


Жалолобод вилоятининг Барпи қишлоқ ҳукумати ҳудудида норозилар кеча оқшомдан бошлаб Бишкек-Ўш трассасини тўсиб қўйди. Икки томондан юзлаб машиналар йиғилиб қолгани натижасида бу жойда тиқилинч юзага келди.


Трассани тўсган норозилар қирғиз расмийлари олдига бир неча талабларни қўйганлар.

- Қумтор олтин конини давлат тасарруфига қайтариш, қамоқдаги “Ата Журт” партияси лидерлари ва кеча ҳибсга олинган Медер Усеновни озод қилиш, “7-канал”га қилинаётган тўсқинликларни тўхтатиш каби талабларимиз бажарилмагунича йўл очилмайди, - деди норозилик акцияси ташкилотчиларидан бири, қамоқдаги “Ата Журт” партияси лидери Қамчибек Ташиевнинг укаси Шайирбек Ташиев.

Жалолободдаги норозилик акцияси 31 май куни Иссиқкўл вилоятининг Жети Ўгуз туманида жойлашган Қумтор кони яқинида намойиш ўтказганларга хайрихоҳлик изҳори ўлароқ бошланиб, вилоят ҳокимияти биносини эгаллаб олиш билан ниҳояланганди. Бинони эгаллаб олган намойишчилар ўша куни ўзларининг ораларидан Медер Усеновни “халқ губернатори” деб эълон қилгандилар.

Жалолободда вилоят ҳокимияти биносининг босиб олиниши бўйича жиноят иши қўзғатилганидан сўнг Усенов 2 июн куни миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳибсга олинганди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан тарқатилган маълумотга кўра, Медер Усенов Жалолобод шаҳар прокуратураси қўзғатган жиноят иши асосида ушланган.

Мазкур иш мамлакат Жиноят кодексининг 295-моддаси (ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олганлик ва куч билан ушлаб турганлик) ҳамда 297-моддаси (ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга чақирганлик) бўйича қўзғатилгани айтилмоқда.

Айни пайтда Жалолобод вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларининг Қирғизистон учун стратегик аҳамиятга эга бўлган автойўлни очиш бўйича митингчилар билан олиб борган музокаралари натижа бермаган.

- Ички ишлар бошқармаси бошлиғи “сўзлашайлик” деса ҳам, ҳеч ким уни тингламаяпти, - деди Жалолобод вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Жилдизбек Аттақуров.

Маълумотларга кўра, ҳозирда йўл тўсилган Датқа қишлоғи атрофида 2 мингдан зиёд автомобил йиғилиб қолган. Митингчилар икки ёққа фақат пиёда йўловчиларнигина ўтказмоқдалар.

3 июн куни эрталаб Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари билан кенгаш ўтказди.

Жалолободдаги вазият ва кўрилаётган чоралар ҳақида куч ишлатар тизим масъулларининг ҳисоботларини тинглаган Атамбаев ҳозирча митингчиларга нисбатан куч ишлатишдан тийилиш кераклигини қайд этди.

- Ҳозирда митингчиларга нисбатан куч ишлатишдан тийилиш лозим. Бироқ бу акцияларнинг ташкилотчилари ва иштирокчилари томонидан амалга оширилаётган барча ноқонуний хатти-ҳаракатларини қайд қилиб бориш керак, чунки улар томонидан юз минглаб қирғизистонликларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол қилинмоқда, мамлакат иқтисодиётига сезиларли даражада зарар етказилмоқда. Айбдорлар қонунга мувофиқ равишда албатта жазоланишлари шарт. Бу ерда истиснога йўл қўйиб бўлмайди, - деди президент Алмазбек Атамбаев.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг феврал ойидан Қирғизистонда йўлни ноқонуний равишда тўсиб қўйганлик учун 3 минг сўмдан 70 минг сўмгача (тақрибан 60 доллардан 1450 долларгача) жарима солинишини кўзда тутувчи қонун кучга кирганди. Бироқ ҳозирча бу қонун амалда қўлланилганига оид маълумотлар йўқ.

Айни пайтда 31 май куни 10 кунга фавқулодда ҳолат эълон қилинган Иссиқкўл вилоятининг Жетиўгуз туманида вазият барқарор экани айтилмоқда. Шу муносабат билан 3 июн куни президент Атамбаев бу ҳудудда жорий этилган фавқулодда ҳолат тартибини бекор қилди.
XS
SM
MD
LG