Линклар

logo-print

2013 йил 3 июн куни Россия Конституциявий судида Ўзбекистон фуқароси Баҳодир Гадоевнинг иши юзасидан чиқарилган қарор қонунийлиги текширилди. Маҳаллий фуқаро томонидан отиб кетилган ва тасодиф туфайли тирик қолган Баҳодир суднинг қароридан норози экани, адолат истаги уни Россия Конституциявий судигача етаклаб келганини Озодликка гапириб берди.


“Мен охиригача бораман!”

3 июн куни Россия Конституциявий судининг очиқ маҳкамасида ғайриоддий иш кўриб чиқилди.

40 ёшли самарқандлик Баҳодир Гадоев ўз ҳаққини талаб қилиб, Россия Конституциявий судигача борган биринчи ўзбек мардикоридир.

Санкт-Петербургда қассоблик қилиб юрган Баҳодир 2011 йилда бир зўравон томонидан отиб кетилгани ва ногирон бўлиб қолгани, суд эса жиноятчига атиги 3 йиллик қамоқ жазоси тайинлаганидан норози эканини Озодликка гапириб берди.

- Ман қассоб бўлиб ишлайман. Озгина недостатка бўлди-да, шуни мени бўйнимга илмоқчи бўлишди. Разборшикларни, уголовникларни чақирди – буларнинг қўлидан ҳеч нарса келмади, чунки мен у аёл билан бор-йўғи 4 кун ишладим. 4 кунда 35 минг сўм уни бўйнида бор эди. У аёл мени гўштимни ўғирладинг, деяпти. Мен тўғри тушунтирдим:”Агар мен сенинг гўштингни ўғирлайдиган бўлсам, 1-2 кило ўғирласам билинади: бунинг учун эса мен сенинг 100 кило гўштингни 4 кунда ўғирлашим керак! Қандай у билинмайди?!”, десам боягилар ҳам ҳеч нарса қилолмади. У қандайдир авторитетнинг қўлида ишлайдиган эрини етаклаб келди, пистолети бор экан – зўрлиқ қила бошлади. Пистолетни ишлатиб кетди, милиция ушлаб олди. Битта ўқи бўйнимдан яхши теккан, иккинчиси ўнг кўзимни яралатди – ҳозир ўнг кўзим йўқ, дея ҳодиса тафсилотларини гапириб берди Баҳодир Гадоев.



Экспетиза хулосасига кўра, айбланувчи шахс аввалига Баҳодирдан хотинидан кечирим сўрашни талаб қилган, у кечирим сўраганига қарамасдан уни калтаклаган ва тўсатдан пистолетни олиб, тахминан 1 метрлик масофадан 8 маротаба ўқ узган.

Муҳожирнинг фикрича, айбланувчи ўзининг “авторитет” танишлари орқали тергов хулосаси ва суд қарорига таъсир ўтказган. Натижада, маҳаллий ташкилотлардан бирида қўриқчи бўлиб ишлайдиган бу шахс атиги 3 йилга қамалган.

- Ўзига яраша таниш-билиши бор уни ҳам – гапи ўтди-да. Адвокатимни алмаштирдим, Конституциявий Судгача бордик. Уни резултатини кутиш керак экан. Мен ўзи охиригача бораман, керак бўлса Москвагача бораман, деган эдим. Чинданам, бу ерда ҳозир ўзбекнинг обрўси қолмаган. Истаган ўзбек мелисага тик қараса, бояги “Депортация қиламан!”, дейди, бошқа қиламан- қашқа қиламан, дейди. Ўзи билан ўзи бўлиб қолади... Ўша ишни мен қилганимда камида 10 йил олардим. Адвокатим ҳам айтяпти “Сен 300 одам ичида чиққан биринчи ўзбек бўлдинг. Сен ўз ҳақ-ҳуқуқингни ҳимоя қилиб чиқаётган биринчи ўзбексан”, деяпти,- дейди самарқандлик қассоб Баҳодир Гадоев.

Ҳозирда ногирон бўлиб қолганига қарамасдан, қассоблик қилаётган ўзбекистонлик муҳожир ва унинг адвокати жиноятни содир этган шахсга қонун асосида адолатли қарор чиқарилиши, суднинг чиқарган ҳукмини миллий асосда камситиш дея баҳолаб, Россия Конституциявий судига мурожаат қилганини айтади.

“Бу ишга коррупция аралашган бўлиши мумкин!”

Баҳодирни ҳимоя қилаётган адвокат Валерян Асландзия, Озодлик билан суҳбатда, оммавий ахборот воситаларида шов-шув пайдо бўлганидан кейингина бу ишда бироз силжиш сезилганини айтади.

Адвокат ишни прокурорга қайтариш ва аллақачон судланган шахс ишини қайта кўриб чиқиш Россия қонунчилигига мувофиқ эмас эканлигини аниқлаган.

Валерян Асландзия Россия Жиноят-процессуал кодексининг бу моддаси Конституциянинг 13 моддасига зид келаётгани Конституциявий суд томонидан тан олиниши ва Кодексга тегишли ўзгартиш киритилиши кераклиги талаби билан чиқмоқда.

Иккиланиш ҳолатига тушиб қолган Қўрғон вилояти суди ҳам Гадоев иши юзасидан Конституциявий судга мурожаат қилгани маълум бўлди.

“Россия судлари қонунларни ўз ихтиёрига кўра талқин қилишга тушган: қандай қилиб одамга 8 маротаба ўқ узиш "қотилликка уриниш" эмас, "оғир тан жароҳати етказиш" сифатида баҳоланиши мумкин?”, дея ҳаяжонланади адвокат Асландзия.

- Бугун ишимизни Конституциявий судда кўриб чиқишди. Худо хоҳласа, қонунчилигимизнинг телба ҳолатга келтирган бу вазиятидан ғолиб чиқамиз, деган умиддамиз. Суд маҳкамасида мени ниҳоят суд ҳайати аъзолари, ҳукумат раҳбарлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари тинглашди, ҳаммалари менинг фикримга қўшилди ва маъқуллади. Суд қарори ё ўзгартирилиши, ёки батафсил тушунтирилиши керак. Мен бу ишда коррупция аралашгани, кимдир ишни ёпди-ёпди қилиш учун ҳақ олганига аминман,- дейди собиқ Совет даврида Москва ва Ленинградда милиция тизимида катта лавозимларда ишлаган Валерян Асландзия.

Адвокат Конституциявий суд бир ой ичида ўз қарорини эълон қилиши, турмада аллақачон 2 йил ўтирган жиноятчига эса қонун асосида қўшимча муддат берилишига ишонишини қўшимча қилди.

Агарда суд ўзбекистонлик меҳнат муҳожири фойдасига қарор чиқарса, Баҳодир Гадоев Россия Конституциявий судида ўз ҳақини ҳимоя қила олган биринчи мигрант сифатида тарихга киради.

Озодлик Баҳодир Гадоевнинг ишини кузатишда давом этади ва Россия Конституциявий суди қарори натижалари бўйича қўшимча хабар беради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG