Линклар

Ўтган сешанбадан бери “УзГазОйл” ширкатидан 35 киши ишдан бўшатилди. Яна 50 нафар ишчи ишдан бўшатилиши ҳақида билдирги олган. Озодлик манбаларига кўра, бундан олдин ҳам “УзГазОйл” ўнлаб ходимни ишдан бўшатган.



“УзГазОйл” раҳбариятининг тасдиқлашича, бу ишчилар меҳнат интизомини мунтазам бузиб келгани учун Ўзбекистон меҳнат қонунларига мувофиқ тарзда ишдан бўшатилган.

Суҳбатдошларга кўра, кечқурунги рейдлар деб аталган тафтишлар пайтида “УзГазОйл” ишчилари текширилиб, айблари топилса, зудлик билан бўшатилмоқда.

“УзГазОйл” ширкатидаги бир-биридан мустақил икки манба, Озодлик билан суҳбатда, бу ишчилар бўшатилиб, ўрнига бошқа ишчилар пора эвазига олинаëтганини иддао қилди.

Бу манбалар иддоасига кўра¸ “УзГазОйл” ширкатига ишга кириш учун олти минг АҚШ доларигача миқдорда пора олинмоқда.

Ширкат раҳбарияти ва ишга олинаëтганлар ўртасидаги коррупция манзараси ва таъмагирлик вазияти ҳақида “УзГазОйл” бошқарувига яқин шахс Озодлик радиосига ўз исмини таништирган холда¸ лекин исми эфирда айтилмаслиги шарти билан гапирди:

- Икки кун ичида юз нафарга яқин ходим тиббий кўрикдан ўтмагани сабаб қилиниб ишдан бўшатилди. Бўшатилган ходимлар ўрнига бир кун ичида юзга яқин янги ишчи олинди. Янги ишга олинганларнинг ҳаммаси “УзГазОйл” бош офисида ишлайдиганларнинг таниш-билиши ва қариндошларидир¸- дейди “УзГазОйл” бошқарувига яқин шахс Озодлик радиоси билан суҳбатда.

АËҚШ оператор бўлмоқчимисан, чўнтакни кавла !

“УзГазОйл”нинг вилоятлардаги шохобчаларидан бирида ишлайдиган ходим бу иш жойига эга бўлиш учун 6000 доллар миқдорда пора берганини иддао қилди.

“УзГазОйл” бошқарувига яқин шахс, Озодлик радиоси билан суҳбатда, ишчиларни бўшатишдан мақсад уларнинг ўрнига келаëтган ишчилардан пора олиш эканлигини иддао қилди:

- Ҳар бир янги ходим учун¸ масалан, АËҚШ оператори лавозими учун 3500 АҚШ долларидан 4500 долларгача пора олинади. Сервис ишчиси бўлиб жойлашишга 500 АҚШ долларидан 1000 долларгача пул берилади¸- дейди суҳбатдош.

“УзГазОйл”га ишга кириш учун бериладиган пора миқдори ижтимоий тармоқларда ҳам муҳокама қилинмоқда.

“Однокласники” ижтимоий тармоғида “УзГазОйл”га ишга кириш учун 4000 доллар тўлаш кераклиги борасида гап сўзлар эълон қилинган эди.

“УзГазОйл” ходимларидан бири, Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, яқин дўстини 4000 доллар эвазига ишга киритишга кўмаклашганини тан олган эди.

“УзГазОйл” рад қилади

Айни пайтда “УзГазОйл”да ишга кириш пора эвазига амалга ошаëтгани борасида аниқ тасдиқланган ҳужжат Озодлик тасарруфида йўқ.

Миробод туман прокуратураси тарафидан “УзГазОйл”да ўтказилган тафтишларда нима текширилгани борасида ҳам маълумот ололмадик.

“УзГазОйл”даги манбаларга кўра¸ бу тафтишлар катта уриниш эвазига бости-бости қилинган.

“УзГазОйл” ишчилари Ўзбекистон Бош прокуратурасига ариза берганларидан кейин прокуратура ширкатда тафтиш ўтказгани айтилади.

“УзГазОйл” ҳуқуқшуноси Озодлик билан суҳбатда бу айбловларни асоссиз дея таъкидлаган эди:

- Бизни қанча текшириб айбимизни топа олишмади. “УзГазОйл”да пора олинмайди. Меҳнат қонунлари бор, касаба уюшма бор, қандай қилиб биз ноқонуний ишга қўл ура оламиз,- дейди ширкат вакили.

“Зеромакс” ва “УзГазОйл”

2010 йилда Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли дея иддао қилинган “Зеромакс” ва унга қарашли “УзГазОйл” ширкатлари ёпилган эди.

Ўша пайтда "Ўзбекнефтегаз” ширкати бошқарув кенгаши раиси Улуғбек Назаров ва мамлакат бош вазирининг геология, нефткимё ва металлургия саноати масалалари бўйича ўринбосари Эргаш Шоисматов ишдан олинган эди.

Собиқ “Зеромакс” ширкати бош ижрочи директори Миродил Жалолов қамоққа олинган эди.

“УзГазОйл” президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовга тегишли бўлгани айтиладиган ҳамда Швейцарияда рўйхатга олиниб, фаолиятини Ўзбекистонда олиб борган “Зеромакс” ширкати таркибига кирар эди.

2010 йилда “УзГазОйл” асосан нефт, газ ва олтин қазиб олиш, қишлоқ хўжалиги ва текстил саноати билан шуғулланган “Зеромакс” таркибидан чиқарилиб давлат корхонасига айлантирилди.

Кузатувчиларга кўра “УзГазОйл” давлат тасарруфига ўтганидан кейин ширкатда коррупция аломатлари кўпайган.
XS
SM
MD
LG