Линклар

Ўзбекистондаги йирик фармацевтика ширкатларида давом этаётган текширувлар натижасида 13 та жиноий иш қўзғатилди, 16 нафар мулозимга нисбатан турли хил айбловлар эълон қилинди. Ўзбекистон Бош прокуратурасидаги манбанинг матбуотга сиздирган маълумотига кўра, тиббий препаратларнинг импорти бўйича давлатга 3 миллиард сўм зарар етказилгани аниқланган.


Мамлакат фармацевтика ширкатларида прокуратура ва солиқ ходимларидан иборат махсус гуруҳ жорий йилнинг феврал ойида бошлаган текширув ниҳоясига етиб қолди.

Матбуотга сиздирилган маълумотларга кўра, ушбу текширув натижасида Ўзбекистонга хориждан дори-дармонларни импорт қилиш ва мамлакат ичкарисида тиббий маҳсулотларни ишлаб чиқаришда йўл қўйилган қонунбузарликлар бўйича жами 13 та жиноий иш қўзғатилган. Ўзбекистондаги энг йирик фармацевтика ширкатлари бўлган “Dori-darmon” ва “Pharmed” компанияларининг 16 нафар мулозимига нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Zamondosh сайти Ўзбекистон Бош прокуратурасидаги манбага таяниб, тарқатган маълумотга кўра, тиббий препаратларнинг хориждан келтирилиши билан боғлиқ савдо-сотиқ натижасида давлатга 3 миллиард сўмдан зиёд зарар етказилган.

Аввал хабар қилинганидек, тафтишчилар нишонида шу пайтгача ҳуқуқ-тартибот органлари назоратидан дахлсиз ҳисобланиб келинган “Dori-darmon” ва “Pharmed” ширкатлари бўлган.

Тошкентдаги ишончли манбадан олинган маълумотга кўра, иккала ширкатдаги тафтиш деярли ниҳоясига етиб қолган.

“Dori-darmon” ширкатининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, текширувлар компания фаолиятига таъсир кўрсатмаган, ҳозирда ширкатнинг барча аптекалари одатдагидек ишлаяпти.

Текширувларга қарамай, ҳозирча “Pharmed” дорихоналари ҳам ёпилмаган.

Хабарларга кўра, прокуратура ходимлари ва солиқчиларнинг тафтиши натижасида Ўзбекистонни фармацевтика махсулотлари билан таъминловчи асосий ширкатлардан бири бўлган “Dori-darmon” тиббий препаратлар улгуржи савдосини амалга оширишда қатор қонунбузарликларга йўл қўйилгани аниқланган. Жумладан, ширкат мамлакат шифохоналарига импорт дориларни нисбатан қиммат нархда пуллагани аниқланган.

“Pharmed” ширкати эса ўзи ишлаб чиқарган дориларни хорижий дорилар нархида баҳолаган. Шунингдек, инсон соғлиги учун салбий асоратлар қолдириш эҳтимоли бўлган дориларни ҳам ишлаб чиқаргани ва тафтишдан сўнг ушбу дорилар ишлаб чиқариши тўхтатилгани айтилаяпти.

“Pharmed” ширкати мулозимлари ушбу ҳолатни изоҳлашдан бош тортишди.

Айни текширувлар ортидан мамлакат аптекаларида зарурий дори-дармонларнинг тақчиллашиб кетгани ва айрим дориларнинг нархи кескин ошгани кузатилмоқда.

Ўзбекистондаги энг сердаромад соҳалардан бири ҳисобланган фармацевтика бизнеси ҳокимиятнинг юқори қатламларида ўтирган амалдорлар ва уларнинг яқинлари томонидан монополияга айлантирилган ва мамлакатга олиб кириладиган ҳар қандай тиббий ускуна ва дори-дармон¸ ана шу гуруҳларнинг қаттиқ назоратида бўлиб келгани ишонилади.

Озодликнинг ўз манбаларига кўра¸ “Dori-Darmon”, “Farmed” каби фармацевтика ширкатларининг юқори ҳукумат идораларида ўтирган бош ҳомийлари муаммога учрагач¸ улар назоратидаги ширкатларда текшир-текшир бошланган.

Ўтган ой Ўзбекистондаги учинчи йирик фармацевтика ширкати “Grand Farm Medical” ширкатида ҳам комплекс текширувлар ўтказилган, фармацевтика маҳсулотлари билан савдо қилувчи ширкатнинг вилоятлардаги ва Тошкент шаҳридаги аптекаларида савдо-сотиқ тўхтатиб қўйилган эди.

Ўзбекистон дори-дармон воситалари сотувининг ҳажми бўйича МДҲ мамлакатлари орасида биринчи ўринда туради.

Россиянинг IMS Health таҳлилий маркази ҳисоб-китобларига кўра, ўтган йил Ўзбекистонда дори-дармон сотилиши ҳажми 1,239 миллиард АҚШ долларини ташкил қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG