Линклар

logo-print
Ўзбекистондаги Капиталбанк ҳиссадорлик-тижорат банки хориждан бораётган пул ўтказмаларига тўлов жорий қилди. 1 июндан хориждан Капиталбанк орқали Ўзбекистонга юборилган 300 долларгача пул жўнатмаси учун 3 доллар, ундан ортиғига эса беш доллар хизмат ҳақи олиняпти. Бунақа тўлов ҳозирча фақат Капиталбанкда пайдо бўлгани айтилмоқда.


Жанубий Корея ва Россиядан Озодликка қўнғироқ қилган ўзбекистонликлар шу кунларда Ўзбекистондаги Капиталбанк хориждан жўнатилган ҳар юз доллардан бир доллар хизмат ҳақи олиб қолаётгани ҳақида хабар берди.

Жумладан, Жанубий Кореяда ишлаётган Рустам Ҳайитбоев Қорақалпоғистоннинг Амударё туманида яшовчи оила-аъзоларига 3 июн куни Western Union орқали 800 АҚШ доллари миқдорида пул ўтказгани, аммо, Капиталбанк 8 доллар хизмат ҳақи олиб қолганини айтди.

- Мисол учун, мен ҳар гал пул чиқарганимда ҳамма ҳаражатларини тўлаб чиқаряпман. Ўзбекистон олдин муаммосиз олар эди. Кечадан бошлаб Капиталбанк 8 доллар олиб қоламиз, дебди. Бир йилдан бери шундай жўнатамиз. Ҳеч қанақа муаммо бўлмаган эди. Энди қанақа қилиб пул жўнатиш кераклигига бош қотиб қолди, деди Жанубий Кореяда ишлаётган Рустам Ҳайитбоев.

Унга кўра, Амударё туманидаги Капиталбанк ходимлари 8 доллар олиб қолингани сабабини жорий этилган янги тариф ва таъминлаш ишлари учун, деб изоҳлаган.

- Банкда аёлимнинг қўлига қоғоз берибди. “Нима учун пул олишганини билдингми?” десам: “Ремонт учун. Ҳозир шунақа қонун чиқди, 8 доллардан оламиз”, деб жавоб беришибди. Юз доларга бир доллар, деди Рустам Ҳайитбоев.

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида меҳнат қилаётган Файзулло ака Самарқанд шаҳридаги оиласига пул жўнатгани, аммо, Капиталбанк ходимлари ҳар юз долларга бир доллар ҳақ тўлаш кераклигини айтганидан кейин яқинлари пулни олмаганини айтди.

- “Янги қонун. Мисол учун 300 доллар юборса, 3 доллар, 1000 доллар юборса, 10 доллар олиб, кейин пулингизни берамиз”, дейишган. Уйимдагилар Халқ банкидан олаяпти, деди Санкт-Петербург шаҳридаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожири.

Вазиятга ойдинлик киритиш учун Капиталбанкнинг Тошкентдаги идорасига боғландик.

Телефон гўшагини кўтарган банк ходим Капиталбанк раҳбарияти хорижий трансакциялар учун янги тарифлар жорий қилганини тасдиқлади.

Аммо, хизмат ҳақи беш доллардан ошмаслигини урғулади.

- Нолдан 300 гача уч доллар, 301 дан юқори суммага беш доллар тўланади, деди банк ходими.

Капиталбанкнинг Озодлик билан суҳбатда бўлган бошқа ходими бу тартиб 1 июндан жорий қилингани ва бошқа банкларда бундай тўлов тури ҳозирча йўқлигини таъкидлади.

- 1 июндан шунақа қилинди. Бу банкимизнинг тарифи. Олаётган одам пул тўлайди. Фақат бизани банкда шундай. Масалан, мен буни хоҳламайман, десангиз бу мажбурий эмас. Агар бу ёқмаса, бошқа банкка боришингиз мумкин. Биз сизни мажбурлаётганимиз йўқ. Ҳар битта банкда ўзининг қонун-қоидаси бор, деди ўзини таништирмаган Капиталбанк ходими.

У янги тариф жорий қилинганини халқаро пул ўтказмаларига хизмат кўрсатиш қимматга тушаётгани билан изоҳлади.

- Ҳозир трансакциямиз сал қимматга тушяпти. Мижозларга хизмат кўрсатиш қимматга тушяпти, тушуняпсизми? Пул ўтказмаларидан бизга кўп пул берилмайди. Бу бизнинг банк хизмат кўрсатгани учун бўляпти. Денежний переводники эмас. Агар клиент хоҳламаса, бу мажбурий эмас, бемалол бошқа банкка бориб олишингиз мумкин, деди банк ходими.

Тошкентдаги Капиталбанк ходими халқаро пул ўтказмалари учун тўлов жорий қилингани Ўзбекистон қонунларига зид келмаслигини, банк ўз вазиятидан келиб чиққан ҳолда шундай қарор қабул қилинганини ҳам қўшимча қилди.

Россия Марказий Банкининг маълум қилишича, 2012 йилда ўзбекистонликлар ватанларига пул жўнатишда МДҲда биринчи ўринга чиққан.

Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик муҳожирлар уйига жўнатган пул миқдори ўтган йили жами 6 миллиард 241 миллион АҚШ долларини ташкил этган.

Россиядаги меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонга пул жўнатишда, асосан, Western Union, МIGOM, Contact, Быстрая почта, MoneyGram, Unistream, Золотая Корона, АзияЭкспресс каби пул ўтказиш хизматларидан фойдаланадилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG