Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:57

БМТ:Сурияда урушаётган ҳар икки тараф кимёвий қурол ишлатган


БМТ инспекторлари Сурияда шу йилнинг март ва апрел ойларида содир этилгани айтилаётган кимёвий ҳужумлар ҳақида шу ҳужумлардан азият кўрган одамлар, уларга тиббий ёрдам кўрсатган шифокорлар ва гувоҳлар билан суҳбатлар асосида маълумотга эга бўлганликларни айтишмоқда.

Аммо, таркибида қандай заҳарли модда бор кимёвий қурол ишлатилган, деган саволга БМТ инспекторлари жавоб беришга қийналдилар.

БМТ комиссиясига раҳбарлик қилган Пало Пинҳейро Женева шаҳрида журналистлар саволларига жавоб берар экан, Сурияда Башар ал Ассад кучлари содир этган жиноятларни санаб ўтди.

- Ҳукумат кучлари, ҳисоботда кўрганингиздек, қотиллик, қийноқ, аёлларни зўрлаш каби ноинсоний жиноятларга қўл урган. Бу жиноятларнинг кўпчилиги инсониятга қарши жиноят, дея таснифланиши мумкин, - деди Пало Пинҳейро.
БМТ инспекторига кўра, исёнчилар содир этган жиноятлар кўлами ҳам кам эмас.

-Ҳукуматга қарши курашаётган қуролли гуруҳлар ҳам ҳарбий жиноятларни содир этган. Булар судловсиз одамларни қатл этиш, уларни қийноққа солиш, одамларни гаровга олиш каби жиноятлардир, - дейди БМТ комиссияси раҳбари Пало Пинҳейро.

20 кишидан иборат БМТ комиссияси ҳулосасига кўра, кимёвий ҳужумлар Суриянинг Хон ал-Ассал, Алеппо, пойтахт Дамашқ яқинидаги Ал Утайба шаҳарларининг аҳоли яшаш ҳудудларида шу йил март ва апрел ойларида содир этилган.

Сурияда Башар ал Ассадга тарафдор кучлар ва исёнчилар ўртасида икки йилдан ошқироқ вақтдан буён қонли мужодала давом этмоқда.
Аввалроқ Сурияда урушаётган ҳар икки томон бир бириларини кимёвий қурол қўллаганликда айблаганди.

Ғарб жосуслик ҳизматларига кўра, ҳозирда Сурия 1000 тонна атрофида киёвий қурол заҳираларига эга ва улар элликдан зиёд омборда сақланади.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Сурияда 2011 йил март ойида бошланган ва ҳали ҳам давом этаётган фуқаролик урушида шу кунга қадар 80 минг одам ҳалок бўлди.
XS
SM
MD
LG