Линклар

Энди автомобилдаги хавфсизлик комплекти ҳам сертификатланади

  • Садриддин Ашур

Энди алоҳида сертификатланган ўт ўчиргичи бўлмаган автомобиллар эгалари катта миқдорда жарима тўлашларига тўғри келади.

Энди алоҳида сертификатланган ўт ўчиргичи бўлмаган автомобиллар эгалари катта миқдорда жарима тўлашларига тўғри келади.

Ўзбекистонда автомобиллардаги хавфсизлик комплекти - ўт ўчиргич, аптечка ва фавқулодда тўхтов белгиси ҳам бундан буён махсус текширувдан ўтказилиб, сертификатланадиган бўлди. Сертификати бўлмаган хавфсизлик комплекти учун ҳайдовчи 400 минг сўмга қадар жаримага тортилиши айтилмоқда.

Ўзбекистондаги автомобил ҳайдовчилари зиммасига автомобилда мунтазам сақланиши керак бўлган хавфсизлик комплекти — ўт ўчиргич, аптечка ва фавқулодда тўхташга тўғри келганда ишлатиладиган махсус белгини давлат стандартидан ўтказиш мажбурияти юкланди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими мажбуриятни бажармаган ҳайдовчилар жаримага тортилишини айтди.

- Огнетушител, аптечка ва аварийний знакнинг ҳаммаси бир комплект қилиб сотилади. Автомобилларни рўйхатдан ўтказиш бўлимларида махсус фирмаларнинг ана шу моллари бор. Улар сертификатланган. Сертификатланмаган хавфсизлик комплекти учун автомобил эгаси жаримага тортилади, деди Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси мулозими.

Бироқ мулозим, бу жариманинг қанча миқдорда эканлигига аниқлик киритмади.

Шу пайтгача, автобил ҳайдовчилари хавфсизлик комплекти буюмларини исталган дўкондан сотиб олиш ҳаққига эга эди.

Аммо, Uzmetronom Интернет газетасининг ёзишича, сетификатланган ўт ўчиргич, аптечка ва фавқулодда тўхтов белгисидан иборат хавфсизлик ашёларини фақат Тошкентдаги уч фирма сотиш ҳуқуқига эга.

“Экспертларга кўра, бу уч фирма ортида Ички ишлар вазирлигидаги юқори лавозимли мулозимларнинг яқин қариндошлари туради. Сертификатланган хавфсизлик комплектининг нархи 136 минг сўмдан 350 минг сўмгача. Агар айнан бу ашёлар оддий дўконлардан сотиб олинса, нари борса 70 минг сўмча туради. ИИВ тизимида кимдир бундан ўз бизнесини яратмоқчига ўхшайди”, деб ёзади Uzmetronom Интернет газетаси.

Шунингдек, Uzmetronomга кўра, алоҳида сертификатланган хавфсизлик комплекти бўлмаган ҳайдовчилар 400 минг сўм миқдордаги жаримага тортилади.

Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида ўз шахсий машинасида киракашлик билан шуғулланаётган 40 ёшли Раҳимжоннинг айтишича, бундай янгиликларнинг жорий қилиниши ортида кимларнингдир манфаатдорлиги туради.

- Албатта, тепада турган кимлардир бундан манфаатдор бўлса керак. Бўлмаса, ҳамма ўт ўчиргичлар ҳам уни ишлаб чиқарувчи корхона томонидан кафолатланади. Унга яна алоҳида сертификат қилиб, нархини отни калласидай қилиб қўйиш халқни яна талаш, дегани. Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи 80 минг сўм бўлиб турганда, бу нарсаларни 350 минг сўмгача сотиб олиш учун ҳамманинг ҳам имкони йўқ. Бу халқнинг ҳисобига пул қилишнинг яна бир йўли, деди янгийўллик киракаш Раҳимжон.

Ўзбекистонда 2011 йилнинг 15 июлидан бошлаб автомобилларида аптечкаси бўлмаган ҳайдовчилар энг кам иш ҳақининг 5 баравари миқдорида жаримага тортилиши ҳақидаги қарор кучга кирган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG