Линклар

Россия Президенти Владимир Путин учқичларга қарши мудофаа тизимида қўлланиладиган S-300 ракетаси ҳали Сурияга жўнатилмагани ҳақида баёнот берди.

Екатеринбург шаҳрида Европа Иттифоқи Кенгашининг президенти Ҳерман ван Ромпей ва Европа Комиссияси Президенти Жозе Мануэл Баррозо билан учрашган Россия етакчиси Сурия раҳбари Башар Ассад билан бораётган мулоқотлар халқаро қонунлар доирасида амалга оширилаётганини таъкидлади.

Айни пайтда Путин ЕИнинг Сурия муҳолифатига нисбатан жорий этилган қурол-яроғ эмбаргоси бекор қилинганини танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, бу Сурия ички ишларига қуролли аралашувга йўл очиши мумкин.

Россия ва ЕИ раҳбарлари ўртасидаги учрашувларда, шунингдек, дунё иқтисодиёти, энергетика ва виза билан боғлиқ масалалар ҳам муҳокама этилиши айтилган.

Европа Комиссияси маъмурияти эса ушбу учрашувларда блок раҳбарлари Россияда инсон ҳуқуқлари аҳволи масаласини ҳам кўтариш ниятида эканини маълум қилган.
XS
SM
MD
LG