Линклар

Эрдўғон намойишчилар талабини бажаришдан бош тортди


Истанбул шаҳрининг Тақсим майдонидаги намойишчилар, 2013 йил 4 июн.

Истанбул шаҳрининг Тақсим майдонидаги намойишчилар, 2013 йил 4 июн.

Туркиянинг намойишлар давом этаётган Истанбул ва Анқара шаҳарларига йиғилган намойишчиларни тарқатиш учун полиция яна кўздан ёш оқизувчи газ қўллади. Айни пайтда Туркия Бош вазири намойишчиларнинг истеъфога чиқиш талабини бажаришдан бош тортди.

Туркиянинг намойишлар давом этаётган Истанбул ва Анқара шаҳарларига йиғилган намойишчиларни тарқатиш учун полиция яна кўздан ёш оқизувчи газ қўллади. Айни пайтда Туркия Бош вазири намойишчиларнинг истеъфога чиқиш талабини бажаришдан бош тортди.


Туркия Бош вазири ўринбосари Булент Аринч ҳукумат беш кундан бери давом этаётган зўравонликлардан сабоқ чиқарганини айтди.

Сешанба куни Истанбул шаҳрида сўзлаган Аринч ҳукумат халқ истагини беписанд қолдира олмайслигини таъкидлаб, фуқароларни норозилик намойишларини тўхтатишга чақирди.

Туркиядаги зўравонликлар Истанбулнинг Тақсим майдонидаги дарахатларни кесиш режасига қарши жума куни уюштирилган тинч намойиш полиция томонидан куч билан тарқатиб юборилганидан кейин бошланган.

Полиция зўравонлигидан сўнг намойишлар тез фурсатда пойтахт Анқара ва бошқа шаҳарларга ёйилган.

Намойиш қатнашчилари Бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг истеъфосини талаб қилдилар.

Хабарларга кўра, зўравонликлар оқибатида камида икки киши нобуд бўлган.

Тўқнашувлар пайтида яраланган фуқаролардан узр сўраган Туркия Бош вазири ўринбосари дастлабки норозиликлар “қонуний” шикоятлар асосида бўлганини тан олди.

Булент Аринчнинг ушбу баёноти Бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг зўравонликларни “экстремистлар” келтириб чиқаргани ҳақидаги гапига зиддир.

Айни пайтда, Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг Марокашга сафари давом этмоқда.

Эрдўғон намойишчиларнинг истеъфога чиқиш ҳақидаги талабини бажаришдан бош тортиб, намойишлар учун экстремистлар ва мухолиф сиёсий кучларни айблади.

- Туркиядаги воқеаларнинг дарахтлар кесилиши ва парк реконструкциясига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Намойишлар ортида сайловда мағлуб бўлганлар турибди ва улар турли йўллардан фойдаланмоқда. Намойишлар ҳамма шаҳарларда бўлгани йўқ. Ҳозирда вазият анча тинч. Мен Туркияга қайтгунимча мамлакатда сокинлик ҳукм суради, деди Ражаб Тоййиб Эрдўғон.

Туркиянинг НАТОдаги иттифоқчиси бўлган АҚШ Туркия ҳукуматини бир неча юз одам жароҳатлангани айтилаётган намойишларга нисбатан сабр-тоқатли бўлишга чақирди.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Туркия полицияси намойишчиларга нисбатан меъёрдан ортиқ куч қўллагани борасида хавотир билдирди.

- Биз полиция меъёрдан ортиқ куч қўлланилганидан хавотирдамиз. Биз шу каби барча воқеалар юзасидан батафсил текширув ўтказилишига умид қиламиз ва шундай воқеалар пайтида полицияни оғир-босиқ бўлишига умид қиламиз. Биз намойишларда қатнашаётган барча одамларни зўравонлик провокацияларидан тийилишга чақирамиз, дея баёнот берди АҚШ Давлат котиби Жон Керри.

Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг "Адолат ва тараққиёт" партияси 2002 йилдан бери ўтказилган учта сайловда кетма-кет ғолиб чиқиб, ҳокимиятни ҳарбийлардан ўз қўлига олган.

Туркиядаги намойишчилар Эрдўғон ва унинг Исломий қарашдаги партиясини борган сари авторитар бўлиб бораётганликда айбладилар.

Айрим танқидчилар Эрдўғонни, ҳатто, ўз консерватив, исломий қарашларини дунёвий турклар ҳаётига тиқиштираётганликда айблаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG