Линклар

logo-print

Қирғизистон: жалолободлик мухолифатчи озод этилди


Медер Усеновни (ўнгдан биринчи) 31 май куни жалолободлик митингчилар "халқ губернатори" деб эълон қилгандилар.

Медер Усеновни (ўнгдан биринчи) 31 май куни жалолободлик митингчилар "халқ губернатори" деб эълон қилгандилар.

Жалолобод вилоят ҳокимиятининг босиб олиниши ҳодисаси бўйича Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан ҳибсга олинган Медер Усенов кеча ярим тунда қўйиб юборилди. Бу ҳақда унинг адвокати Искандер Жўрабаев маълум қилди.

- Тергов давом этаверади, айблов эълон қилинган. Бундан буён нима бўлишини тергов натижаси кўрсатади, - деди адвокат Жўрабаев.

2 июндан бери Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасида тутиб турилган Медер Усенов, кеча оқшом айблов эълон қилинганидан кейин, парламентдаги “Ата Журт” фракциясининг тўрт депутати кафиллиги билан озод қилинганди. Бироқ кўп ўтмай у Ўшга учишга чоғланиб турган пайтда Бишкек аэропортида қайтариб олиб келинган. Бу борада Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси бирор изоҳ бермаган.

“Ата Журт” партиясининг Жалолобод вилояти бўйича мувофиқлаштирувчиси бўлган Усенов 31 май куни митингчилар Жалолобод вилоят ҳокимияти биносини эгаллаб олганларидан сўнг “халқ губернатори” деб эълон қилинганди.

2 июн куни хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланган Медер Усенов Қирғизистон Жиноят кодексининг икки моддаси, шу жумладан, ҳокимиятни куч билан босиб олишга уринганлик бўйича айбланаётганди.

Усенов ҳибс этилганидан сўнг жалолободлик норозиликлар Бишкек-Ўш автойўлини тўсиб қўйишган ва Жалолободдаги маъмурий биноларни ёқиб юбориш билан таҳдид қилишган.

Жалолободлик норозилар Медер Усенов Жалолободга етиб келганидан кейингина йўлни очишларини айтишган.
XS
SM
MD
LG