Линклар

Бишкек-Ўш автотрассасининг Жалолобод вилоят Сузоқ туманига қарашли Барпи қишлоғи олдидаги 3 кундан буён ёпиқ қолаётган жойи 5 июн куни очилди.


Норозилар ўз лидерлари Медербек Усенов ҳибсдан озод қилиниб, Барпига келиб, уларга мурожаат қилганидан сўнг йўлни очишга қарор қилдилар.

Жалолобод вилоят ҳокимиятининг босиб олиниши ҳодисаси бўйича Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан ҳибсга олинган Усенов кеча ярим тунга яқин қўйиб юборилганди. Бу ҳақда унинг адвокати Искандер Жўрабаев маълум қилганди.

- Тергов давом этаверади, айблов эълон қилинган. Бундан буён нима бўлишини тергов натижаси кўрсатади, - деди адвокат Жўрабаев.

2 июндан бери Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасида тутиб турилган Медер Усенов, кеча оқшом айблов эълон қилинганидан кейин, жалолободликлар кафиллиги билан озод қилинганди. Бироқ кўп ўтмай у Ўшга учишга чоғланиб турган пайтда Бишкек аэропортида қайтариб олиб келинган.

“Ата Журт” партиясининг Жалолобод вилояти бўйича мувофиқлаштирувчиси бўлган Усенов 31 май куни митингчилар Жалолобод вилоят ҳокимияти биносини эгаллаб олганларидан сўнг “халқ губернатори” деб эълон қилинганди.

2 июн куни хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланган Медер Усенов Қирғизистон Жиноят кодексининг икки моддаси, шу жумладан, ҳокимиятни куч билан босиб олишган уринганлик бўйича айбланаётганди.

Усенов ҳибс этилганидан сўнг жалолободлик норозиликлар Бишкек-Ўш трассасини тўсиб қўйишган ва Жалолободдаги маъмурий биноларни ёқиб юбориш билан таҳдид қилишган.

Медер Усенов бугун эрталаб соат 10 ларда Жалолободга етиб борганидан сўнг автотрасса очилди.

Бугун Жалолободга келган бош вазир Жантўрў Сатибалдиев вилоят ҳокимияти биносида олдида митингчилар билан учрашди. Минг чоғли одам иштирок этган учрашувда ҳукумат раҳбарига айни пайтда қамоқда бўлган атажуртчи депутатлар Қамчи Ташиев, Садир Жапаров ва Талант Мамитовни озод қилиш талаби айтилди. Сатибалдиев норозиларни қонунни ҳурмат қилишга чақирди, қамоқдаги депутатлар ишини эса суд ҳал қилишини, у маҳкамага таъсир кўрсатолмаслигини айтди.

Маълумотларга кўра, Жалолобод вилоят ҳокимияти биноси ичи ва ташқарисида ҳозир митингчиларни тамсил этувчи 100 га яқин одам бор. Улар қамоқдаги депутатларни бўшатиш талаби бажарилмайдиган бўлса, норозилик акциялари давом этишини, Бишкек-Ўш йўли эса қайта тўсилишини айтишмоқда.

Бу орада Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев бугун куч ишлатар тузилмалар раҳбарлари билан учрашиб, Жалолободдаги вазиятни муҳокама қилди. Йиғилишда Атамбаев йўл тўсиш ва тартибсизликни уюштирганлар жазоланиши лозимлигини қайд этди. Шунингдек, Қирғизистон президенти Сузоқда митингчиларнинг ноқонуний, бошқа фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларини поймол этувчи хатти-ҳаракатлари тўхтамайдиган бўлса, бу туманда фавқулодда ҳолат эълон қилиниши мумкинлигини писанда қилди.

Аввалроқ тартибсизлик кузатилган Иссиқкўл вилоятининг Жети Ўгуз туманида 31 май куни фавқулодда ҳолат жорий этилган, бироқ 3 июн куни бу минтақадаги вазият изга тушганидан кейин бу тартиб бекор қилинганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG