Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:27

Блог: Зилзилашуносларнинг бир тоғдан, бири боғдан келди


Одамзод табиатан хавотирга мойил. Бирор табиий офат рўй бериб қолса борми - ваҳиманинг куни туғади! 25-26 май кунлари Ўзбекистонни силкитиб ўтган зилзиладан кейин ҳам ташвишли хабарлар болалади.


“Шу кунларда яна ер қимирлармиш! Тунов кунгиси ҳолва бўп қолармиш!..” қабилидаги узунқулоқ гаплар ишхонаю чойхонанинг асосий мавзусига айланди.

Кўнглига ваҳм оралаган одамлар олимларнинг оғзига қарайди, уларнинг имосию ҳимосини кутади.

Аммо китоб кўрганлар ҳар доим ҳам жонга ора кирмайди. Баъзида эса бири тоғдан, бири боғдан келади – калавасини учини йўқотган мардумнинг фикрини баттар чувалаштиради.

Мисол керакми? Марҳамат!

“Даракчи” газетасининг 30 май сонида Ўзбекистон Фанлар академияси Сейсмология институти лаборатория мудири Қаҳҳорбек Абдуллабеков билан суҳбат чиқди.

“Новый век” газетасининг шу кунги сонида эса мазкур институтнинг директори ўринбосари Сабриддин Ҳусомиддинов билан интервю чоп қилинди.

Ҳар икки зилзилашунос “Ўзбекистонда яқин кунларда ер силкиниши хавфи борми?” деган масалада гапирган.

“Дунёнинг ҳеч бир мамлакатида зилзила ҳақида аниқ маълумот берадиган тизим яратилмаган. Шунинг учун қачон ва қаерда ҳамда қандай кучли зилзила рўй беришини олдиндан айтишнинг ҳозирча иложи йўқ”, дейди лаборатория мудири Қаҳҳорбек Абдуллабеков.

Иккинчи зилзилашунос фикрича эса, ер силкинишини олдиндан аниқ айтиш мумкин.

“Бугунги кунда олимлар эҳтимолий хавфни олдиндан етарли даражада аниқ айта оладилар, яъни уни (зилзилани) баҳолай оладилар, масалан, муайян ҳудудда, дейлик, 50 йил давомида зилзила кучи у ёки бу даражадан ошмаслигига кафолат бера оладилар”, дейди Сейсмология институти директори ўринбосари Сабриддин Ҳусомиддинов.

Қаҳҳорбек Абдуллабековга кўра, Ўзбекистонда 1998 йилдан буён сейсмик фаоллик кузатилаяпти:

“Ернинг 12 яхлит плитаси бор бўлиб, уларнинг чегаралари сейсмик камар, деб номланади. Ўзбекистон Ўртаер денгизи – Осиё сейсмик камарида жойлашган. Бугунги кунда ана шу камарда 1998 йилдан буён сейсмик фаоллик кузатилмоқда ва унинг 2017-18 йилгача давом этиши тахмин қилинмоқда”.

Ҳусомиддинов эса ер силкиниши интенсивлиги ошмаслигига 99 фоиз кафолат беради:

“Бизда сейсмик ҳудудларнинг хариталари ҳам бўлиб, уларда ер силкинишининг максимал кучи кўрсатилади. Ишонч билан айта оламизки, ушбу хариталар сейсмик мустаҳкамлик бўйича лойиҳаларга асос сифатида хизмат қилади. Уларга асосланиб, 90-95 ва ҳатто 99 фоиз кафолат билан 50 йил давомида ер силкиниши интенсивлиги ошиб кетмаслиги аниқланган”.

Хўш, “ҳеч бир мамлакатда зилзила ҳақида аниқ маълумот берадиган тизим яратилмаган”ига ишониш керакми? Ё “олимлар 50 йил давомида зилзила кучи ошмаслигига кафолат бера олиши”гами?

“1998 йилда бошланган сейсмик фаоллик 2017-18 йилгача давом этиши”га ишониш керакми? Ё “99 фоиз кафолат билан ер силкиниши интенсивлиги ошиб кетмаслиги аниқланган”игами?

Саволига жавоб тополмаган фуқаро


P.S. 2009 йил 6 апрелида Италиянинг Аквила шаҳрида рўй берган кучли зилзила 279 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Ер силкиниши хавфини тўғри баҳоламагани учун олти нафар сейсмолог олти йилга озодликдан маҳрум этилди. Маҳкамага тортилган олимлар офатдан бир ҳафта бурун “Шаҳарга зилзила таҳдид солмаяпти” дея нотўғри хулоса берган эди.
XS
SM
MD
LG