Линклар

logo-print

5 июн куни эрталаб Москва метросида чиққан ёнғин оқибатида 60 ga яқин одам заҳарланди, ишга кетаëтган минглаб йўловчи эвакуация қилинди. Ўт ўчирувчилар¸ метро туннелида кучли ток узатадиган кабеллардан бири ëнганини айтмоқда.

Москвадаги “Охотний ряд” ва “Ленин номидаги кутубхона” бекатлари ўртасида ёнғин эрталабки 8:20 ларда чиқди ва унинг ортидан тунелларни заҳарли қора тутун қоплади.

Соат 9 га келиб куяётган кабел ўчирилганига қарамасдан, Москва метросида ишлаётган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда полиция ходимлари атрофдаги станциялар ва туннелларда тиқилиб қолган поездлардан 4,5 мингга яқин йўловчини эвакуация қилди.

Соат 12:40 да “Охотний ряд” ва “Ленин номидаги кутубхона” бекатлари оралиғида қизиб кетган симда қисқа туташув содир бўлди ва иккинчи маротаба 10 метрча кабел куйиб кетди.



Ёнғин метро ишининг энг тиғиз пайтига тўғри келгани боис “Комсомолская”, “Маданият боғи”, айлана линия ва қизил йўналишдаги қатор станцияларда тиқин юзага келди. Марказий станциялар ёпилиши ортидан шаҳарнинг ер усти траспортига тушган қўшимча оғирлик туфайли шаҳарликлар иш жойларига пиёда жўнади.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Москва шаҳри бўйича бошқармасида Озодлик мухбирига “Охотний ряд” ва “Ленин номидаги кутубхона” бекатлари оралиғида қолиб кетган 4 поездда бўлган 59 йўловчи тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилгани, 11 киши шифохонага ётқизилганини билдиришди.

Тутундан балоғатга етмаган қиз ва исли газдан 24 ёшли аёл заҳарлангани, улар Склифосовский шифохонасининг реанимация бўлимига олиб кетилгани тўғрисида маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабар тарқатди.



Москваликлар¸ вазиятдан фойдаланган уддабурон таксичиларнинг шаҳарда аллақачон кира ҳақини ўн баробарга кўтариб юборганидан нолимоқда. Шаҳар транспорт полицияси шаҳарнинг айрим марказий кўчаларини транспорт учун беркитгани хабар қилинди.



Москва метрополитени матбуот хизматида Озодликка ҳозирда Москва метросининг барча йўналишлари, жумладан Соколники бўйлаб поездлар ҳаракатланиши тикланганини айтишди.

Бу ҳодиса Россия Президенти Владимир Путиннинг Москва мэри Сергей Собяниннинг муддатдан олдин истеъфога кетиши тўғрисида берган аризасига имзо чеккан куни содир бўлди.

Шу йилнинг кузида бўлажак Москва мэри лавозимига сайловларгача Сергей Собянин президент томонидан “мэр вазифасини вақтинчалик бажарувчи” этиб тайинланди.
XS
SM
MD
LG