Линклар

TeliaSonera парламентда ҳисоб берган куни Uсell раҳбари алмашди


Ucellга янги раҳбар этиб тайинланган Усмон Турон.

Ucellга янги раҳбар этиб тайинланган Усмон Турон.

Швеция парламентида ҳисоб берган TeliaSonera раҳбари Мария Ирлингга ширкатнинг Гулнора Каримова билан боғлиқ муаммоларини ҳал қилиш учун яна имкон берилди. Шу куни ширкатнинг Ўзбекистонда Ucell бренди остида ишлаётган шўъбасига янги раҳбар тайинлангани TeliaSonera раҳбарияти қилаётган ўзгаришлардан бири сифатида баҳоланди.

Швеция парламенти TeliaSoneraнинг Мария Ирлинг етакчилигида янгиланган раҳбариятига ширкатнинг Гулнора Каримова билан ноқонуний махфий келишувларига оид можароларни ҳал қилиш учун яна имкон берди.

4 июн куни Риксдагда ёпиқ эшиклар ортида ўтган Бизнес ва савдо қўмитаси йиғилишидан сўнг иштирокчилар билан суҳбатлашган швед журналисти Ула Вестерберг қўмита аъзоларининг якуний хулосасини шундай умумлаштирди:

- Менимча, қўмита аъзолари келган умумий хулоса: "Бу ҳақиқий ишбилармон аёл ва у муаммоларни ҳал қилишга жиддий бел боғлаган. Унга имкон бериш керак. Лекин бу осон ва тез бўлмайди", деган мазмунда бўлди¸ деди Ула Вестерберг.

Швед журналистига кўра, ширкатнинг баҳорги умумий кенгашида TeliaSonera бошқарув кенгашига раис этиб тайинланган Мария Ирлинг парламент аъзоларига қисқа муддат ичида бажариб улгурган бир неча ўзгаришлар ҳақида ҳисобот берган:

- Мисол учун, агар Ўзбекистон ҳукумати алоқа операторидан маҳаллий даражада алоқани узиш ёки муйян ҳудудда уяли хизмат кўрсатишни тўхтатишни сўраса, бундай талабга бериладиган жавоб қарори бундан буëғига TeliaSoneraнинг маҳаллий раҳбарияти эмас, балки Стокҳолм раҳбарияти томонидан берилади, тушунишимча. Бундан ташқари, инсон ҳуқуқларига дахл қилувчи ҳар қандай талаб бундан буён ширкатнинг расмий сайтида жамоатчиликка ҳам хабар қилинади, деди Ула Вестерберг.

Ширкатнинг бевосита Тошкентдаги идораси фаолиятига оид қарор ортидан унинг Ўзбекистонда Ucell бренди остида ишлаётган шўъбасига янги раҳбар ҳам тайинланди.

2012 йилнинг сентябр ойидан Ucellга раҳбарлик қилиб келаётган Али Аған ширкатнинг Қозоғистондаги шўъба корхонаси — Kcellга раҳбар этиб тайинланди.

Унинг ўрнига эса шу вақтга қадар Непалдаги Ncellга раҳбарлик қилган Усмон Турон Ucell Бош директори этиб тайинланди.

Айни пайтда швед парламенти депутатлари саволларига жавоб берган Мария Ирлинг ширкатнинг Тошкентдаги бўлими раҳбарини алмаштириш билан ҳам жиддий ўзгариш қилиш осон бўлмаслигини таъкидлаган.

Шу боис, Тошкентдаги янги раҳбарга Ўзбекистон каби диктатура ҳукм сурган ва инсон ҳуқуқлари поймол бўлаётган давлатда ишлаётган бошқа хорижий мобил компаниялар билан тажриба алмашиш биринчи даражали вазифа қилиб юклатилгани айтилди.

Бир неча йил муқаддам TeliaSoneraнинг Швеция бўлимини бошқарган ва ширкат Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова билан коррупцион алоқаларда айбланаётган кезда яна ширкатга қайтган Мария Ирлинг парламент аъзоларини муаммоларни ҳал қила олиши, бунинг учун эса анчагина вақт кераклигига ишонтиришга муваффақ бўлгани айтилди.

Озодлик билан суҳбатлашган парламент депутатлари - Ева Флайборг ва Енни Нилсонлар ширкат раҳбари билан 4 июн куни бўлиб ўтган мулоқотни қўмита аъзолари ичидаги ўзаро мулоқот, дея баҳоламоқдалар.

Парламентда катта нуфузга эга бўлган ҳар икки депутат Telia Sonera ва Гулнора Каримова ўртасидаги ноқонуний олди-бердиларга оид иддаолар ҳозир полиция тергови остида эканини урғулаган.

Ҳатто, Швеция парламенти ҳам тергов якунланмай туриб, швед журналистлари илгари сурган иддаоларга оид жиддий қарорларни қабул қилиш имконсизлигини таъкидламоқдалар.

Шундай бўлсада, Ула Вестерберг 4 июн кунги имконни қўлдан бой бермай Мария Ирлингга айнан шу иддаолар билан боғлиқ саволларни берганини айтади.

- Мен Мария Ирлингдан TeliaSonera ҳақиқатда ҳам Ўзбекистонда ҳимояланиш учун музокаралар ўтказганми, деб сўрадим. Биздаги ҳужжатларга кўра, ширкатга маҳаллий ташкилотлардан ҳимоя учун пул таклиф қилингани айтилган. Мария Ирлинг эса шунақа музокара бўлганини билиши, аммо бошқа маълумотларни билмаслигини айтди, деди Ула Вестерберг.

Ула Вестерберг Гулнора Каримова Telia Sonera ширкатига кўп миллион долларлик ҳақ эвазига Ўзбекистон давлат идораларидан “ҳимоя қилишни” таклиф қилганига оид махфий келишувлар фош этилган "Москвадан келган чопар" ҳужжатли филмини тайёрлашда қатнашган журналистлардан биридир.

Швеция жамоат телевидениеси журналистлари бу филмга қадар ўтган йили кузида "TeliaSonera:Ўзбек иши" деб номланган илк ҳужжатли филмни намойиш қилган ва ундан сўнг юзага чиққан можаро ортидан Мария Ирлинг ширкатга янги раҳбар этиб тайинланган эди.

22 май куни швед журналистлари эълон қилган "Москвадан келган чопар" номли навбатдаги ҳужжатли филмида TeliaSonera раҳбариятининг Гулнора Каримовага алоқадор жамғармаларга пул ўтказиш¸ ҳануз коррупцион келишувларни адо этаëтганлигига оид яна янги иддаолар илгари сурилди.

Эски ва янги иддаолар хусусида журналистлар бераётган саволларга жавобан эса швед парламенти ҳам, TeliaSoneraнинг янги раҳбари ҳам тергов натижасини кутиш зарур, мазмунида жавоб бермоқда.

- Аслида ширкатнинг Ўзбекистон билан боғлиқ можароларига оид иккинчи йирик воқеа тергов хулосаси бўлади, албатта. Бундан ташқари, ҳозир Takilant ширкатининг музлатилган маблағлари тақдири ҳам турибди. Мендаги маълумотга кўра, прокурор бу муддатни сентябр ойига қадар узайтиришни сўраб, судга ариза киритган. Энди бу борада суд қарори кутилмоқда, деди Ула Вестерберг.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG