Линклар

Истанбулнинг Таксим майдонидаги намойишчилар бош вазир Ражаб Таййиб Эрдўғон истеъфосини талаб этмоқда.

Жаноб Эрдўғон хориж сафарида экан, Туркия бош вазири ўринбосари Булент Аринж ҳукуматга қарши намойиш ўтказаётган гуруҳлар вакиллари билан бугун учрашди.

Учрашув чоғида демократик кучлар вакиллари Истанбул ва Анкара ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида намойишчиларга нисбатан куч қўлланишига масъуллар, жумладан шаҳар ҳокимлари ва полиция раҳбарлари истеъфога чиқарилишини талаб этдилар.

Шунингдек, Таксим майдонидаги қайта таъмирлаш ишлари тўхтатилиши ва ҳибсга олинган намойишчилар озод этилиши каби талаблар ҳам учрашувда илгари сурилди.

Аввалроқ, жаноб Аринж Истанбулдаги Гези боғидаги қурилиш ишларига қарши намойишлар пайти жароҳат олган кишилардан кечирим сўраган ва полиция "ҳаддан зиёд куч қўллаган"и нотўғри бўлганини айтганди.

Истанбулдаги Озодлик мухбири Гленн Кэйтснинг хабар беришича, минглаб намойишчи ҳали ҳам Таксим майдонида қолмоқда.

- Таксим майдони бугун нисбатан тинч бўлди. Туркия бош вазир ўринбосари Булент Аринж кеча намойишчилардан уларга нисбатан куч қўллангани учун кечирим сўраганидан сўнг майдонда полициячилар анча камайди. Лекин, чеккароқ жойларда намойишчилар ва полиция ўртасида бугун ҳам тўқнашувлар бўлди. Уларга қарши кўзни ачитувчи газ қўлланди, - деди Гленн Кэйтс.

Намойишчилар бош вазир Эрдўғон ва унинг исломий илдизга эга Адолат ва Тараққиёт партиясини борган сари авторитарлашиб, исломий давлатчилик анъаналарини қарор топтиришга уринаётганликда айблашмоқда.

Ўтган ой Туркияда жамоатчилик жойларида спиртли ичимликлар истеъмоли ва савдосини чекловчи қонун кучга кирди.

Айни пайтда, Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг Марокашга сафари давом этмоқда.

Бугун ўтказилган матбуот анжуманида у намойишчиларнинг истеъфога чиқиш ҳақидаги талабини бажаришдан бош тортди ва тартибсизликлар учун яна бир бор экстремистлар ва мухолиф сиёсий кучларни айблади.

Ражаб Таййиб Эрдўғон Туркияга қайтиши билан вазиятни тартибга солишини айтди.

Хабарларга кўра, Туркиянинг Ўрта ер денгизи соҳилидаги Измирда 25 киши ижтимоий тармоқларда нотўғри маълумот тарқатганликда айбланиб, ҳибсга олинган.

Мухолифат улар одамларни намойишга қўшилишга ундаганликлари учун ҳибсга олинганликларини айтмоқда.

Жума кунидан буён тартибсизликларни келтириб чиқарганликда гумонланиб, икки юздан зиёд одам ҳибсга олинди. Тўқнашувларда камида икки одам ҳалок бўлди.
XS
SM
MD
LG