Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:28

Уйчида уйи бузиладиганлар товон пулидан норози



Наманган вилоятининг Уйчи туманидаги Жийдакапа қишлоғида яшовчи фуқаролар Андижон-Наманган автомобил йўлини кенгайтириш учун бузилиши режаланган хонадонлар эгаларига жуда кам товон пули таклиф этилаётгани хусусида Озодликка шикоят қилди. Уйчи туман ҳокими ўринбосари Озодлик мухбирига уйларни бузиш бошланмагани¸ бузиш керак бўлса, бу иш хонадон эгалари ризолиги билан амалга ошишини урғулади.


Уйчи туманининг Жийдакапа қишлоғида яшовчи Фарида (таҳр.: суҳбатдош ҳақиқий исмини айтмасликни сўраган) Озодлик билан суҳбатда тўрт оила яшаётган ҳовлисини бузиш эвазига маҳаллий ҳокимият 15 миллион сўм товон пули таклиф қилгани¸ аммо бу нарх уйнинг шу кундаги ҳақиқий қимматининг ярмига ҳам тўғри келмаслигидан ноилида:

- Биз яшайдиган уй нархи 80 – 90 миллион артофида. Чунки тўрт сотихли уйлар нархи 30 – 35 миллион артрофида. Лекин ҳозир бизни 4 – 5 сотихлик жойларга, 500 минг - 1 миллионли жойларга чиқармоқчи, дейди Фарида.

Унга кўра, қадимда Буюк ипак йўли бўлган Андижон-Наманган автотрассасини кенгайтириш учун йўл четидаги бузилиши мумкин бўлган уй эгаларига 2-3 қаватли замонавий уйлар қуришга ҳам рухсат берилган.

Бироқ Фарида таклиф қилинган товон пули ҳатто янги бинони кўтариш учун ҳам етмаслигини айтди:

- Қолмайлик, кўчиб ҳам борайлик ўша бошқа қишлоққа. Лекин бизнинг қўлимизга бераëтган маблағ уй қуришимизга етмайди. Биздан ташқари нечта хўжалик бор маҳалламизда. Ўшаларнинг ҳаммасини ҳозир қаерларгадир кўчиради ëки уйимизнинг ўрнига давлат стандарти бўйича 2-3 этажли қилиб ўзинглар қуринглар деяпти. Биз 2-3 этаж қилиб уй қурсак, бизда етарли маблағ йўқ. Давлатдан кредит олиб ўзимиз уй қуришимиз керак¸дейди бузилиш таҳдиди остида қолган уй соҳибаларидан бири.

Фарида уйлари бузиладиган одамларга ҳеч қандай қулайлик бўлмаган ерлардан жой берилиши режаланганини қўшимча қилди:

- Уйи йўқ, қуруқ 4 сотихли ер бермоқчи. Тайëр уй бермайди ҳозир. Бизга 30-40 километр узоқликда Уйчи туманининг Қизилравот деган қишлоғи бор, адирлик жойлар бор. У ерга одамлар бориб, деҳқончилик қилади, холос. Сув йўқ, газ йўқ адирлик жойни аҳолига бермоқчи, деди Фарида.

Қурилиш ва коммуникация бўйича Уйчи туман ҳокими ўринбосари Баҳромжон Маматалиев Озодлик билан суҳбатда Анжижон-Наманган автотрассасини кенгайтириш режаси 2016 йилгача амалга оширилиши кераклиги, ҳозирда Жийдакапа қишлоғида уйларни бузиш бошланмаганини таъкидлади.

Ҳокимлик расмийси¸ йўл кенгаядиган бўлса¸ айрим ховлилар сатҳи камайиши¸ бунинг эвазига хонадон эгалари рози қилинишини таъкидлади:

- Мисол учун¸ ҳозир йўл кенгилиги ўртадаги чизиқдан 18 метр бўлса, кенгайганида 26 метр бўлади. Уйлар ўрнига йўл ва тратуар бўлади. У ерда 3-4 сотихли уйлар йўқ. Аксари 10 сотихдан кўп бўлган уйлар. Ўшандан 1-2 сотих ер кўчага қўшилади. Хонадон эгалари рози қилинади. Ҳаатто уйларни тиклаб олишига ҳам моддий ёрдам қилинади. Чуст туманида йўл кенгаяяпти¸ бирорта жалоба йўқ. Ҳаммаси рози-ризочилик билан бўляпти, деди Уйчи туман ҳокими ўринбосари.

Баҳромжон Маматалиев Жийдакапа қишлоғидаги уйлар қачон бузилиши аниқ эмаслигини изойлай туриб¸ йўлни кенгайтириш лойиҳаси иқтисодий имкониятларга қараб амалга ошишини билдирди:

- Бузиш ҳали лойиҳага тушмаган. Лойиҳага тушган тақдирда ҳам¸ бу ишни уй эгаларини рози қилиб ёки “ўша ерга катеж уй қураман” деб ўзини таклифи билан ёки “қурмайманда фалон жойга кўчаман” деган ризочилик билан қиламиз. Ҳозирча бу планда бор. Лекин қачон амалга ошиши, 2 ёки 3 йилда амалга ошиши ҳозир аниқ эмас, деди Уйчи туман ҳокими ўринбосари.

Ўзбекистонда уйлари бузилаётган одамларнинг ҳокимият томонидан жуда кам миқдорда товон пули тўланишидан шикоят қилиши янгилик эмас.

Жорий йил февралида Урганч шаҳри марказидаги уйлар, xусусий дўкон ва ресторанлар бузилган фуқаролар жуда кам товон пули таклиф қилинганидан шикоят қилган.

Апрел ойида Андижон вилоятининг Избоскан тумани Пойтуқ шаҳарчасида Ўзбекистон Бош прокурори Рашид Қодиров ўқиган мактабни реконструкция қилиш доирасида 40 дан зиёд хонадон бузиб ташланди. Уй эгалари товон пули берилмагани ҳақида Озодликка шикоят қилганидан сўнг маҳаллий ҳокимият аҳолига ер бериб, товон пули тўлаган; қурилиш ишларида ёрдам кўрсатган.

Наманган вилоятининг Норин тумани маркази Ҳаққулобод шаҳрини янги бош планга асосан ободонлаштириш ишларида ҳам ҳаққулободликлар товон пули ололмаганини айтган эди.

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев 2011 йил 22 ноябр куни Фарғона вилояти ҳокимиятида ўтказган йиғилишда шаҳар реконструкциясига халал берадиган аҳоли уйларини бузиш ва кўчириш ҳақида тегишли ташкилотларга буйруқ берган ва бу аҳолининг норозилигига сабаб бўлган эди.
XS
SM
MD
LG