Линклар

Петербургда қул савдоси қурбонлари учун махсус марказ очилди


Россия телаканаллари ўз юртдошларини қулликка солган ўзбекистонликлар ҳақида мунтазам хабар қилиб келади.

Россия телаканаллари ўз юртдошларини қулликка солган ўзбекистонликлар ҳақида мунтазам хабар қилиб келади.


Россия Қизил Хоч ташкилотининг Петербург бўйича бўлими қулликка солинган муҳожирлар учун мамлакатда ягона қўнолға ташкил этди. Россия ва Қозоғистонда қулликка тушаëтганлар сони кўпайиб бораётганига қарамай, марказ ходимларига кўра¸ ўтган бир ой давомида марказга ëрдам сўраб бирор муҳожир мурожаат қилмаган.



Россияда “ўзбек қулдорлари”кўпаймоқда...


Жулебино тумани бўйича полиция бўлимининг ўз исмини ошкор этишни истамаган ходими Қаҳрамон Одинаев исмли ўзбекистонлик муҳожир Ўзбекистон сўрови билан қўлга олинганини Озодликка маълум қилди:

- Бор-йўғи бир неча кун олдин – 30 май куни Одинаевга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 135-моддаси 2-қисми (одам савдоси) асосида жиноий иш қўзғатилган ва у қидирувга берилган экан, деди оператив ходим.

Суҳбатдошга кўра, яқин кунларда одам савдосида айбланаётган шахс ўзбек ҳуқуқ-тартибот идораларига топширилади.

Айни пайтда, Россиянинг бошқа ўлкаларида ҳам Ўзбекистон сўрови билан бировларни қул қилиб ишлатган ўзбек “тадбиркорлари” ҳибсга олиниб, мамлакатдан бадарға қилинаётгани тўғрисида хабарлар тез-тез учраб турибди.

Шу йилнинг март ойида Свердловск вилоятидаги Қуйи Салда шаҳарчасида бухоролик 45 ёшли Сафохўжа Рўзиев исмли шахс ушланган: унинг алдов йўли билан ўзининг бир гуруҳ ҳамюртини Россияга олиб келиб, бошқа бир танишига пуллаб юборгани айтилмоқда.



Бошқирдистоннинг Белорецкий туманида қўлга олинган 34 ёшли ўзбекистонлик Аҳроржон Мўминов ҳам Ўзбекистонда 135-модда асосида қидирувда бўлган. У ҳам ўзининг олти нафар юртдошининг паспортини тортиб олиб, узоқ вақт давомида ҳақ тўламасдан ишлатиб келган.

Ҳуқуқ-тартибот идораларининг алоҳида эътиборини сўнгги йилларда авж олиб бораётган фоҳишалик мақсадида сотилиб кетаётган аёллар тақдири қизиқтирмоқда.

Озодлик Россия ва дунёнинг бошқа ўлкаларида сотилиб кетган ва сотилаётган балоғат ёшига етмаган болалар ва ҳатто гўдаклар ҳақида ҳам кўп маротаба хабар бериб келган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари очиқлаган маълумотга кўра, 2012 йилнинг ўзида Россияда “одам савдоси” моддаси асосида 37 жиноий қўзғатилган.

Қизил Хоч оғир аҳволда қолган муҳожирларга бошпана беради

Россия Қизил Хоч жамияти Петербургда қул савдоси қурбонига айланган муҳожирлар учун махсус қўнолға ташкил этганини эълон қилди.

Марказ 2013 йилнинг 30 апрелида ташкил этилди ва у нафақат бошпана бериш, балки қулликка тушиб қолган муҳожирларга реал кўмак беришга ҳам мўлжалланган, дейди Озодлик билан суҳбатда Миграция қонунчилиги бўйича ахборот-консултация маркази директори Наталя Зайберт:

- Бу қўнолға бирданига 8 кишининг яшашига мўлжалланган. У ерда озиқ-овқат бериш, яшаш шароитлари ташкил этилган. Бошпана, асосан, одам савдосидан жабрланганларга, мажбурий меҳнат қурбонлари ва жинсий қуллик қопқонига тушган аёл-болаларга берилади. Бизга мурожаат қилганлар билан биз аввалига суҳбатлашамиз. Агарда муайян талабларга мос келса, уларга моддий, маънавий, психологик ва юридик ёрдам берамиз, дейди Наталя Зайберт.

Марказ директори сўзларига кўра, бошпана топган шахслар Қизил Хоч қарамоғида 3-4 ҳафта бўлади. Қаерда жойлашгани сир тутилаётган бу марказда врачлар, юристлар, психолог ва бошқа мутахассислар ёрдам сўраб келган одамга ҳар томонлама хизмат кўрсатади ва уни ўз манзилига жўнаб кетишда ёрдам беради.

“Бироқ, ўтган вақт ичида марказимизга ҳaли бирорта муҳожир эркак ёки аёл мурожаат қилмади – шунчаки, бизнинг мавжудлигимизни билмаса керак”, дея давом этади Наталя Зайберт:

- Аслини олганда, қуллик билан боғлиқ бундай ҳодисалар Россиянинг барча ҳудудларида мавжуд. Бизда “шошилинч ёрдам” Санкт-Петербургда 4 йилдан бери ишлаб келади ва мурожаатлар Россиянинг барча вилоятларидан келаётгани кузатилмоқда. Aйниқса, бундай мурожаатлар Москва ва Петербургдан кўп. Ҳозирда биз ҳақимизда ахборот воситалари орқали маълумот тарқатяпмиз, мигрантлар билан ишлаётган ташкилотларга, диаспораларга ва полиция идораларига хабарномалар юборяпмиз, деди Озодлик мухбирига Россия Қизил Хоч жамиятининг Миграция қонунчилиги бўйича ахборот-консултация маркази директори Наталя Зайберт.

Петербургдаги ёрдамга муҳтож муҳожирлар маркази Қизил Хоч томонидан молиялаштирилиши, шаҳар маъмурияти ва Миграция бўйича халқаро ташкилот кўмагига таяниши айтилди.

Россия Федерал миграция хизмати сўнггги 4 йил давомида Россиядаги мигрантлар сони 40 фоизга кўпайганини маълум қилди. Бугунги кунда муҳожирлар сони кўпайиб бораётган Россияда муҳожирлар учун ёрдам маркази фақатгина Санкт-Петербургда мавжуд.

Аниқланишича, 2009 йилга қадар Москвада айнан қўнолға фаолият юритиб келган, лекин молиявий муаммолар сабабли ёпилиб кетган.

Россия Қизил Хоч ташкилотининг маркази Санкт-Петербург шаҳри, “Восстания” майдони, Гончарная кўчаси - 19Д манзили бўйича жойлашган. Марказ хизматига муҳтож бўлганлар қуйидаги телефонлар орқали ҳам мурожаат қилишлари мумкин:
Бепул “қайноқ линия” - +7 800 333 00 16
ёки +7 (812) 717-35-31; +7 (812) 717-35-34.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG